Нафақалар. Меҳнат улушига қараб табақаланадиган пенсиялардан фарқли ўлароқ, нафақалар моҳияти бошқача. Улар ўта муҳтож кишиларга айнан кўмаклашиши керак. Болаликдан ногиронларга, қариялар ва меҳнатга қобилиятсиз кишиларга, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган фуқароларга нафақалар худди пенсиялар сингари ойма-ой тўлаб борилади.
Ижтимоий таъминот тури бўлган нафақалар сирасига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўловлар ҳам кирадики, улар узоқ давом этмайдиган вақт ичида узрли сабаб юзасидан ходим йўқотган иш ҳақи ўрнига ёрдам кўрсатиш мақсадида берилади. Бундай ёрдам нисбатан қисқа муддатли, аммо йўқотилган иш ҳақи миқдорларига тенг ёки яқин суммаларда нафақа тўлашни тақозо этади.
Камбағаллик ва аҳоли ўртасида кучли иқтисодий тенгсизликнинг олдини олиш мақсадида даромадни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш бўйича давлат чора-тадбирлари тизими ижтимоий сиёсат деб юритилади.
Кенг маънода ижтимоий сиёсат деганда, шахс ҳаёт фаолиятининг шундай шароитларини яратиш ва тутиб туриш бўйича кўрилган барча чора-тадбирлар тушуниладики, у шахснинг ривожланишига ёрдам беради ва унинг ижодий имкониятларини тўлиқ намоён қилишини рағбатлантиради.
Ижтимоий сиёсатда икки асосий йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин: аҳолини ижтимоий таъминлаш ва давлат ижтимоий кафолатлари. Ижтимоий таъминот пенсия таъминоти, нафақалар билан таъминлаш, аҳолининг айрим табақалари учун белгиланган имтиёз ва компенсациялар тизими ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Иккинчи йўналиш эса жамиятнинг бир меъёрда ривожланишини, яъни соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва соғломлаштириш, шунингдек, турар-жойга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш билан боғлиқ.
Давлат ижтимоий таъминоти - бу Ўзбекистон Республикаси фуқароларни кексайганда, касаллик рўй берганда, меҳнатга лаёқатини қисман ёки бутунлай йўқотганда, боқувчисини йўқотганда, шунингдек, болали оилаларни моддий таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш давлат тизимидир.
Ижтимоий таъминот қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий шаклларда амалга оширилади: давлат ижтимоий суғуртаси, республика бюджети маблағлари, маҳаллий бюджетлар маблағлари. Иқтисодиётни ислоҳ қилиш даврида ижтимоий таъминотнинг жамоат ташкилотлари ва хусусий шахслар фаолияти билан боғлиқ шакллари ривож топади.
Меҳнаткашларни ижтимоий муҳофазалашни бир вақтнинг ўзида амал қиладиган ва бир-бирини тўлдирувчи тўртта қуйи тизимга ажратиш мумкин. Булар: давлат ижтимоий таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси, жамоа ижтимоий суғуртаси ва шахсий суғурта.
Давлат ижтимоий таъминоти аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига пулли нафақалар воситасида кўрсатиладиган ёрдамдир. Солиқлар ва бошқа бюджет тушумлари ҳисобига молияланадиган бу ёрдам уларга белгиланган минимал турмуш даражасини кафолатлайди.
Давлат ижтимоий суғуртаси зарур турмуш даражасини кафолатлайди. У мажбурий бўлиб, иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг суғурта бадаллари, давлат томонидан ажратиладиган дотациялар ҳисобига молияланади.
Жамоа суғуртаси етарли турмуш даражасини кафолатлайди. У мажбурий ёки ихтиёрий равишда амалга оширилиши мумкин, бунда иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг суғурта бадаллари тўлов манбалари бўлиб хизмат қилади.
Шахсий суғурта фаровонликнинг юқори даражасини кафолатлайди, у ихтиёрий равишда, фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳисобига амалга оширилади.
Биринчи икки қуйи тизимнинг иш тамойили - бирдамлик, учинчисиники субсидиялаш, тўртинчи, яъни шахсий суғуртаники эса мутаносиблик тамойилидир. Бирдамлик тамойили ёрдамни муҳтожлик даражасига қараб, фуқаро тўлаган солиқлар ва суғурта бадаллари миқдорини ҳисобга олмасдан тақсимланишини кўзда тутади. Субсидиялаш тамойилида эса муҳтожлик даражасига қараб, аммо бадаллар миқдори ва мос равишда тўловлар миқдорини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатилади. Мутаносиблик тамойили тўланган суғурта бадалларига пропорционал миқдорда ёрдам кўрсатишни кўзда тутади.
Юқорида қайд этилганлардан ташқари ижтимоий муҳофазанинг яна бир неча тамойиллари қўлланилади:
1) умумийлик;
2) очиқлик;
3) кўптомонламалик;
4) таъминот турларининг турфа хиллиги;
5) мувофиқлик (яъни ижтимоий ёрдам миқдорининг иқтисодий тараққиёт даражасига мослиги).
Биринчи икки тизим ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдиради. Давлат ижтимоий таъминоти ва суғуртасининг қуйидаги турлари мавжуд:
- давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар ва бошқа ижтимоий нафақалар;
- давлат пенсия таъминоти;
- уй-интернатларда кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга қараш ва хизмат кўрсатиш;
- ногиронларни протез-ортопедик буюмлар ва ҳаракатланиш воситалари билан таъминлаш;
- болалар уйлари, интернатлар ва бошқа муассасаларда болаларга қараш ва тарбиялаш;
- ногиронларни ишлаб чиқариш ва касбий реабилитация қилиш;
- аҳолини санатория-курортлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш;
- уйларда ижтимоий хизмат кўрсатиш.
Корхоналар ҳамиша ўз ходимларини ижтимоий муҳофазалаш вазифасини у ёки бу даражада бажариб келганлар, бу хусусан, қуйидаги йўналишларда амалга оширилган:
1. Меҳнаткашларнинг соғлиқларини сақлаш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, аёлларга оилавий мажбуриятларини ишлаб чиқариш билан бирдек олиб боришлари, ёшларга ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олишлари учун имконият яратиб беришга хизмат қилувчи, қонунларда кўзда тутилган имтиёзлар ва ижтимоий хизматларни амалга ошириш;
2. Корхона томонидан белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва хизматларни кўрсатиш: ходимлар ва уларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш, бепул овқатланиш, маҳсулотларни имтиёзли баҳоларда сотиш, тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, дам олишни ташкил этиш, ходимларни қайта ўқитиш ва малакаларини ошириш ва бошқалар.
Корхонанинг меҳнат ресурслари билан таъмин этилганлигини таҳлил этишни корхонани ижтимоий ривожлантириш режасининг бажарилишини ўрганиш билан мустаҳкам боғлиқ равишда қуйидаги кўрсаткичлар гуруҳлари бўйича амалга ошириш керак:
ходимлар малакасини ошириш;
ходимларнинг меҳнат шароитини яхшилаш ва соғлигини мустаҳкамлаш;
ижтимоий-маданий ва уй-жой маиший шароитларини яхшилаш;
меҳнат жамоаси аъзоларининг ижтимоий ҳимоя қилиниши.
Таҳлил қилиш учун иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш режасининг «Кадрлар малакаси ва маълумоти даражасини ошириш», «Ходимларнинг меҳнат шароитини ва унинг муҳофаза қилинишини яхшилаш, уларнинг соғлигини яхшилаш соҳасидаги асосий кўрсаткичлар», «Ишловчилар ва улар оилаларининг ижтимоий-маданий шароитларини яхшилаш режаси, жамоа шартномасининг корхона ходимлари ва пенсионерларни ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаси, шунингдек, корхонани ижтимоий ривожлантириш ва меҳнат жамоаси аъзоларининг ижтимоий ҳимоя қилиниши даражасини ошириш бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот материаллари» каби шаклларидан фойдаланилади.
Ходимлар меҳнатининг шароитини яхшилаш ва соғлигини мустаҳкамлаш тадбирларига баҳо бериш учун қуйидаги кўрсаткичлардан фойдаланилади:
ишчиларнинг санитария-маиший хоналар билан таъминланганлиги;
меҳнатнинг санитария-гигиена шароитлари даражаси;
100 киши ҳисобига шикастланиш частотаси даражаси;
касб касалликларига чалинган ходимлар фоизи;
ходимларнинг умумий касалланиш фоизи;
100 киши ҳисобига вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик кунлари сони;
санатория, профилактория, дам олиш уйларида ўз соғлигини мустаҳкамлаган, туристик йўлланмалар бўйича сайёҳлар ва бошқаларнинг фоизи.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий-маданий ва уй-жой-маиший шарт-шароитлари қуйидаги кўрсаткичларни, чунончи, ходимларнинг уй-жой билан таъминланганлиги, янги уй-жой қурилиши режасининг бажарилиши, ижтимоий-маданий ва маиший объектлар, болалар яслилари ва боғчалари, профилакторийлар, дам олиш уйлари қурилиш режаларининг бажарилиши, аҳоли пунктларининг ободонлаштирилиши, тураржой фондларининг коммунал қулайликлар ва ҳ.к.лар билан таъминланишини ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |