Жорж Оруэлнинг “1984” асарига тақриз
★ Фикрлаяпман–демак мавжудман. (Р Декарт)
Инсонни фикрлашдан маҳрум қилиш мумкинми? Бу қай тарзда амалга оширилади? Оллоҳнинг ердаги ҳалифаси-инсонни тафаккур ва онг қудратидан маҳрум қилувчи тузум қандай куч? Ҳокимият анатомияси қандай кўринишда? Сиз бу саволларга жавоб топмоқчимисиз? Унда Жорж Оруэлнинг “1984” романини ўқинг. Асли исми Эрик Блейр бўлган бутун дунёга Ж.Оруэл номи билан танилган ижодкор ўз асарларида коммунистик режим, тоталитаризмни кескин фош қилган. Антиутопистик руҳдаги “1984” романида тоталитар шароитда инсон улкан машинанинг кичик бир “винтча”си экани кўрсатилади. Бу ерда инсонни фикрлар полицияси назорат қилади... Асарда ҳеч қачон ўлмайдигандек таассурот ўйғотувчи ва ҳамма жойдан ўткир нигоҳлари билан оммага боқиб турувчи КАТТА ОҒА–қора мўйловли одам менга “Халқлар отаси”ни эслатди. Бу тип Иосиф Сталин бўладими, Адольф Гитлерми ёки Мао Цзедун, Пиночетми фарқи йўқ. Моҳият битта. Ўзини “Ҳокимият–бу мен” деб билувчи “Худо”, диктатор. Энг даҳшатлиси эса бу ҳокимиятнинг одамлар ва уларнинг онги устидан ҳукмронлик ўрнатишидир. Фикрлашдан маҳрум қилинган ва тарихи ўчирилган(исталган пайтда таҳрирланадиган тарих), ўйлаб топилган ғоявий душманга(бу тоталитаризмда халқ оммасини қўрқув остида ушлаб туришнинг синалган усули)га нисбатан чексиз нафрат ва КАТТА ОҒАга нисбатан адоқсиз муҳаббат билан улғайган инсонлар... уларни энди инсонлар деб аташ мумкинми? Бошқариладиган, вазифаси, ҳатто ўй-фикрлари ҳам назоратда ушлаб туриладиган бу индивидларнинг овози “халқ душмани” Голдстейннинг маърашига уйқаш гўё...
Инсон туйғуларини гуноҳдек яширса, севиш таъқиқланса, оилавий, инсоний туйғулар схематик инстинктга айлантирилса, “УРУШ– ТИНЧЛИКДИР. ЭРК-ҚУЛЛИКДИР. БИЛИМСИЗЛИК КУЧДИР” деган шиор сингдирилса, исён қилган, фикрлаган шахс шафқатсизларча тарихдан ўчириб юборилса... энди бунинг номи жаҳолат эмас. Энди бунинг номи ЁВУЗЛИКдир. Инсониятга, унинг ўтмишига, келажагига нисбатан ёвузликдир!
Бу системада тарбияланаётган болалар кишилардан “фикрийжиноятчилик”, “хоин”лик белгисини қидиради. Парсонсларнинг болалари каби. Улар ўз отасини қамоққа тиқишади. Фикрлаш уфқини торайтириш мақсадида янгитил яратилади. Никоҳдан мақсад эса, давлатга хизмат қилувчи болаларни ишлаб чиқариш ҳисобланади. Дастлаб бу система миллионлаб инсонларни ёстиғини қуритган қатағонлар ижодкори Сталин деган фикр уйғонди. Асар сўнггида О’ Брайтни бош Карамон Уинстонга айтган фикрларидан моҳият англашилади: “Олмон нацистлари ва ўрис коммунистлари усулларига кўра бизга жуда яқин эдилар. Лекин улар ўзларини ҳокимиятни мажбуран, вақтинчага олгандай тутдилар. Биз унақа эмасмиз. Биз аниқ биламизки, ҳокимиятни кейин ундан воз кечиш, бировга бериш учун эгалламайдилар. Ҳокимият –восита эмас. Ҳокимият – мақсад”. Демак, бу системада Шахс индивидга, халқ эса оломонга айланиши қулай.
Ўтган аср инсоният иккита совуқ урушни бошдан кечирди. Бу урушлар Европага инқироз, қарз, умидсизлик, тушкунликни меърос қолдирди. Дунёга гегемон бўлиш орзусидаги АҚШ бунга усталик билан малҳам–чора топди. Ҳаёлий, бахтли турмушни кўрсатувчи, кассабоп “санъат асар”ларини ишлаб чиқара бошлади. Моҳиятан, бу маданият инсонларни истеъмолчига айлантирувчи, аста-секин ўз ўтмишидан айирувчи маданиятдир. Ж. Оруэл кўзда тутганидек, энди “Китоблар ҳам мураббо ва туфли боғичлари каби истеъмол маҳсулотларидан бири ҳисобланади”. Истеъмолчи оломон эса, кинода болакайнинг узилиб тушган қўлчасини қарсак чалиб томоша қилади, бадани ўқдан илма-тешик бўлиб чўкаётган қочоқнинг ўлимини қаҳқаҳа отиб қаршилайди.
Асарни тил нуқтаи назаридан “Бузрукнинг кузи” каби асарларга солиштириб бўлмайди. Бу муаллифнинг журналист экани билан боғлиқ, менимча.
Do'stlaringiz bilan baham: |