229-модда. Ўзбошимчалик
Ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
229-1-модда. Ер участкаларини
ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
229-2-модда. Диний таълимотдан
сабоқ бериш тартибини бузиш
Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
229-3-модда. Белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган
ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни
қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |