kazus
Маликов гиёҳвандлик воситаси 0,31 грамм гашишни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда ёнида сақлаб юрганида, 2017 йил 11 октябрь куни соат 08:30 ларда “Келес” блок постида “Матиз” русумли автоуловини бошқариб келаётганида, ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилиб кўздан кечирилган вақтда, эгнидаги қора чарм нимчасининг ўнг ён ташқи чўнтагидан шу гиёҳвандлик воситаси топилиб олинган.
Суд-кимёвий эскпертизасининг 2017 йил 11 октябрдаги 2/872-сонли хулосасига кўра, Маликовдан олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнобинол мавжуд бўлиб, бу модда “гашиш” деб аталиши, унинг оғирлиги 0,31 граммга тенглиги аниқланган.
Маликов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, у 2017 йил 10 октябрь куни соат тахминан 20:00 ларда қариндоши Маликовга тегишли “Матиз” русумли автомашинасини ишончнома асосида бошқариб келаётганида, Келес кўпригининг ёнидаги бозор олдида икки нафар эркак йўловчи уни тўхтатиб, “Абу-сахий” бозорига олиб бориб қўйишни сўрашганлигини, у йўл кира
ҳақини келишиб, уларни манзилига олиб кетаётганида бир неча бор йўталиб, акса урганида йўловчилардан бири унга “ака шамоллаб қолибсизку” деганлигини, шунда у йўловчига “ҳа шамоллаб қолдим, шунга дори ичиб юрибман” деб айтганлигини, улар соат тахминан 20:30 ларда “Абу-сахий” бозорига етиб боришганлигини, йуловчилар машинадан тушиб, улардан бири унга 12.000 сўм йўл кира хақини бериб, “ака мана бу нарсани олинг, сизга даво бўлади, сутга қўшиб ичсангиз шамоллашингиз тезда ўтиб кетади, бу нарса касалингизга даво бўлади” деб унга қоғозда ўралган нарсани берганлигини, у ушбу қоғозга ўралган нарсани олиб, очиб кўрганида “гашиш” эканини билганлигини ва эгнидаги қора чарм нимчасининг ўнг ташқи чўнтагига солиб қўйганлигини, шундан сўнг у кўчада яна бироз вақт кира қилиб уйига кетганлигини, эртасига, яъни 2017 йил 11 октябрь куни у нонушта қилганидан сўнг кира қилиш мақсадида автоуловини бошқариб кўчага чиққанлигини ва кира қилиб юриб Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ҳаракатланиб келаётганида, “Келес” ЙПХ масканида уни ИИБ ходимлари тўхтатишганлигини ва унга “ёнингиздаги барча нарсаларни чиқаринг” деб айтишганлигини, шунда у эгнидаги қора чарм нимчасининг ўнг ташқи ён чўнтагидан қоғозга ўралган “гашиш” гиёҳванд моддасини олиб, ушбу моддани ўзининг истеъмоли учун ёнида сақлаб юрганини айтганлигини, ИИБ ходимлари икки нафар холисларни иштирокида ундан қоғозга ўралган “гашиш” гиёҳванд моддасини олиб, ҳужжатлар расмийлаштиришганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |