УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш Жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма) 2006 йил 1 январдан ривожлантириш Жамғармаси негизида барча бюджет тиббиёт муассасаларида ташкил этилади.
2. Жамғарма маблағлари:
ишга виждонан муносабати ва кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг юқори сифати учун тариф ставкаси базасига ойлик устамалар белгилаш, бир йўла моддий ёрдам ва мукофотлар тўлаш шаклида тиббиёт ва фармацевтика ходимларини рағбатлантиришга;
тиббиёт муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантиришга, модернизация қилишга ва таъмирлашга йўналтирилади.
ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ
3.Қуйидагилар Жамғарманинг маблағлари ҳисобланади.
тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағлари умумий ҳажмининг 5 фоизигача бўлган қисми;
хомийлик ва донорлик ташкилотларидан ҳамда пулли даволаш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
тиббиёт ходимлари меҳнатга ҳақ тўлашда тежалган бюджет маблағлари.
4.Тиббиёт муассасалари Жамғарма харажатларини сарфлашнинг икки мустақил йўналиши бўйича маблағларнинг алоҳида ҳисобини юритадилар.
тиббиёт муассасаси ходимларини моддий рағбатлантиришга;
тиббиёт муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлашга
5.Агар хомий донор томонидан бошқа ҳоллар махсус кўрсатилмаган бўлса, хомийлик ва донорлик ташкилотлари маблағлари, шунингдек пулли даволаш ва хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар тиббиёт муассасаси томонидан улардан кейинчалик ходимларни моддий рағбатлантиришда ва моддий–техник базани ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлашда фойдаланиш учун белгиланган мутаносибликка мувофиқ банк муассасасида алоҳида ҳисоб рақамларга ўтказилади.
6. Мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган бюджет маблағлари улардан кейинчалик ходимларни моддий рағбатлантиришда ва моддий-техник базани ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлашда фойдаланиш учун белгиланган мутаносибликка мувофиқ ҳар бир чорак якунлари бўйича тиббиёт муассасаси томонидан банк муассасасида алоҳида ҳисоб рақамларга ўтказилади
7. Жамғарма маблағларидан ходимларни моддий рағбатлантиришда ва моддий-техник базани ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлашда фойдаланиш тегишли равишда ушбу мақсадлар учун белгиланган маблағлар қолдиғи ва банк муассасаларидаги алоҳида ҳисоб рақамларидаги мавжуд маблағ доирасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
8. Жисмоний шахсларнинг Жамғарма маблағлари ҳисобидан олган даромадига солиқ солиш қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |