ЙИЛЛАР АРМОНИ...
АБДУЛЛА ОРИПОВ ШЕЪРИ
Кимгадур яхши гап айтдик, биродар,
Кимдур бир умрга ранжиб ҳам кетди.
Кун кеча ёш дердик ўзни бир қадар,
Бугун-чи балоғат ёши ҳам етди.
Инсон ўз умрини ўйласа кўп вақт
Қийнайди ўзидан ўтган қусурлар,
Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат,
Кимдандир сўралмай қолган узрлар.
Мукаммал кўрмоқчи бўлдик дунёни,
Етук бўлолмадик ўзимиз бироқ.
О, йиллар армони, йиллар армони,
Армон кўрмадим мен сиздан буюкроқ.
Инсонга тобемас замон инчунун,
Инсон юрагида аламлар қат-қат,
Фақат бир таскин бор, барчаси учун,
Афсус чекабилсанг-шу ҳам бир давлат.
Do'stlaringiz bilan baham: |