Намга бўлган талаби. Кузги буғдой ҳаво ва тупроқ намлигига талабчан экин ҳисобланади. Буғдойнинг қишга чидамлиги юқори бўлиши учун ўсимлик дастлабки совуқ тушгунга қадар ривожланишнинг тупланиш босқичида бўлиши талаб этилади.
Буғдой уруғи униб чиқиши учун ўз вазнига нисбатан 30% намни ўзлаштириши лозим, шу туфайли экиш олдидан тупроқнинг юза 10 см қатламида 10 мм намлик бўлиши, буғдойнинг тупланиши жадал кечиши учун эса тупроқнинг 0-30 см қатламида 30 мм намлик бўлиши мақсадга мувофиқдир. Кузги ѐғинғарчилик ўсимликнинг қишга чидамлигини ошириш билан бирга, дон салмоғининг сомонга нисбатан юқори бўлишини таъминлайди. Баҳорги намлик микдори эса асосан вегетатив органлар ўсишини кучайтиради ва янги ўсув органлари шаклланишига замин яратади.
Тупроқ ва озиқа моддаларга талаби. Кузги буғдой органик моддаларга бой бўлган қумоқ ва соз тупроқли унумдор ерларда яхши ўсади. Қумлоқ, шўрланган ва кислотали ерларда ўсмайди. Дунѐнинг қора, тўқ каштан ва чиринди карбонатли тупроқларида бу экиндан энг юқори ҳосил етиштирилади.
Республикамизда тоғ олди минтақаларида жойлашган, йиллик ѐғин миқдори 300-400 мм бўлган тўқ тусли ва типик бўз тупроқлар, дарѐ соҳилларидаги ўтлоқи ва ўтлоқи бўз тупроқлар, шунингдек эскидан суғорилиб келинадиган шўрланмаган оч тусли бўз тупроқлар кузги буғдой етиштириш учун энг қулай бўлиб, бу ерларда юқори агротехник тадбирлар қўлланилганда мўл ҳосил етиштирилади.
1.2. Буғдойнинг ўсиш ва ривожланиш даврлари
Буғдойнинг ривожланиш даврлари бир қанча босқичларда давом этади. Кузги буғдойнинг ривожланиш даврлари қуйидагилар: уруғларнинг бўртиши - униб чиқиш, тупланиш, найчалаш, бошоқлаш, гуллаш ва пишиш даврлари.
Уруғларнинг бўртиши ва илдизларнинг ниш чиқариши - униб чиқиш. Уруғларнинг бўртиши катта миқдорда намликни шимиб олиш билан ўтадиган мураккаб физиологик ва биокимѐвий жараѐндир. Бўртишга таъсир кўрсатадиган омиллар ичида энг асосийси намлик ва ҳаво ҳарорати ҳисобланади. Бўртиш жадаллиги нав хусусиятига (уруғ ташқи қобиғининг ўтказувчанлиги, уруғ тузилиши ва кимѐвий таркиби), тупроқ концентрацияси, уруғнинг катталиги ва бошқаларга боғлиқ. Уруғлар бўртиши учун шароитга қараб ўз вазнига нисбатат 45-50% дан 54-57% гача сув шимиб олиши лозим.
Биринчи босқичда уруғ униб чиқиши учун намлик, иссиқлик ва ҳаво зарур. Уруғ экилганидан кейин, ўз вазнига нисбатан 54-57% миқдорда сув шимиб бўртади ва муртагининг нафас олиши кучаяди. Таркибидаги ферментлар таъсирида эримайдиган заҳира моддалар (крахмал, оқсил ва ѐғлар) муртак учун зарур бўлган эрийдиган ҳолатга ўтади. Муртакдан дастлабки илдиз нишлари ва барглар униб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |