Кириш Ўзбекистон Республикасининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва дунё миқёсида рақобатбардошлигининг ўсишига мамлакат, минтақалар, иқтисодиёт тармоқлари ва алоҳида корхоналарнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга йўналтирилган давлатнинг самарали инвестиция сиёсатисиз эришиб бўлмайди. Мамлакатда тадбиркорликнинг ривожланаётганлиги, барқарор иқтисодий ўсишга эришилаётганлиги, хорижий инвесторларнинг миллий иқтисодиётимизга бўлган қизиқишларининг ортиб бориши мамлакатдаги, авваламбор, иқтисодиётнинг реал секторидаги инвестиция жараёнларини фаоллаштирмоқда.
Жаҳон амалиётидан маълумки, ҳар қандай давлат ўз иқтисодиётига чет эл сармояларини, инвестицияларни жалб қилмасдан туриб тараққий эта олмайди. Ишлаб чиқаришни интенсив ривожлантириш, асосий фондларни янгилаш, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, замонавий техника-технологиялар асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш инвестициялар орқали таъминланади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолмоқда. Шунинг учун жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Жумладан, келгуси йилда Навоий кон-металлургия комбинати, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекгидроенерго”, “Ўзавтосаноат” аксиядорлик жамиятлари халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлиши” вазифаларини белгилаб бериди. Ана шу саъй ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур вазифалар муҳим аҳамият касб этишини қуйидагича таъкидладилар: “Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2019-йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да салмоқли натижаларга эришдик. Барча соҳалардаги ижобий натижалар қаторида инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018-йилга нисбатан – мана шу рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман – 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.
Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди” деб таъкидладилар. Шу сабабдан ҳам мулкчилик ва хўжалик юритиш шакл ва усуллари ўзгараётган ва ривожланаётган ҳозирги жараёнда мамлакат худуларига инвестицияларни жалб қилиш, улар фаоллигини ошириш ва самарали жойлаштириш жараёнларини бошқариш ҳамда такомиллаштиришнинг илмий-назарий асосларини ўрганиш долзарб муаммолардан саналади. Ўзбекистон минтақа ва худуларига хорижий инвесторларни жалб қилиш ва улар киритаётган сармоялар миқдори ҳозирги давр талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам иқтисодиётни модернизациялаш шароитида мамлакатимизга ва унинг худудларига инвестияларни фаол жалб қилиш мақсадида улар фаоллигини ошириш ҳамда бошқаришни такомиллаштириш масалаларини ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга бўлган устувор вазифалардан бири сифатида қаралиши лозим. Шу боисдан ҳам нафақат ички, балки хорижий инвестицияларни худудлардаги фаоллигини ошириш ва бошқаришни такомиллаштириш, улар ҳажмини кўпайтириш ҳамда улардан минтақа ва худудларда самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш йўналишларида илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Шуларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидаги вазифалар белгилаб берилди:
- макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш;
- таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш;
- қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш;
- иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом еттириш;
вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш.