Жамият барқарорлиги ва маънавий
ҳаётимиз асоси
Халқимиз азалдан оиланинг шаъни, обрўсини эзгу қадрият сифатида эъзозлаб
келади. Зеро, миллатнинг ўзлигини англашида, шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири
беқиёс.
Юртбошимиз томонидан 2012 йилнинг «Мустаҳкам оила йили», деб номланиши катта
ижтимоий, сиёсий, маънавий ва маърифий аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, оиланинг
жамият тараққиётидаги аҳамиятини ошириш, унинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва
ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, омманинг миллий ва сиёсий онгини янада
юксалтириш билан боғлиқ ишлар юзасидан аниқ Давлат дастурини ишлаб чиқиш бўйича
давлат идоралари, нодавлат ва ижтимоий ташкилотлар, хайрия жамғармалари олдига
муҳим вазифаларни қўйди.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19 йиллигига
бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, дастурда, аввало,
мамлакатимизда оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича янгидан
қабул қилинадиган қонун, қоида ҳамда нормаларда бугунги ва эртанги кунимизнинг
талаблари акс этиши, амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш, қўшимчалар
киритиш, бу масалага жамиятимизнинг эътиборини янада кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Айни кунларда мазкур йўналишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва ҳаётга
жорий этиш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш жараёнлари якунланаётир. 19 январь
куни 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий
ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси
мажлисида таъкидланганидек, қабул қилиниши кутилаётган дастурни амалга ошириш
учун 2012 йил давомида (дастлабки маълумотларга кўра) молиялашнинг барча манбалари
ҳисобидан қарийб 4 триллион 400 миллиард сўм ва 370 миллион доллардан зиёд маблағ
йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Бу маблағнинг салмоқли қисми, яъни 60 фоизга
яқини давлат маблағлари ҳисобидаги, 25 фоизи тижорат банклари кредитлари, салкам 15
фоизи масъул ижрочиларнинг ўз маблағлари ва 360 миллион доллардан ортиғи халқаро
институтлар ҳамда донор мамлакатлари маблағлари улуши бўлишининг ўзиёқ Мустаҳкам
оила йили моҳиятининг том маънода юксаклигини намоён этади. Бундай катта миқдорда
ажратилаётган маблағлар, аввало, мамлакатимиздаги оилаларга кўрсатилаётган улкан
эътибор, ғамхўрлик ифодасидир.
«Мустаҳкам оила» ғоясининг амалий ифодаси, биринчи галда, фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш идораси, деб ном қозонган маҳалла тизимида янада ойдинроқ,
ёрқинроқ кўринади. Зотан, маҳалла мустақиллик йилларида ноёб ижтимоий тузилма
сифатида шаклланиб, «халқ виждони» деган юксак таъриф олди. Хусусан, ёш оилаларни
ҳаёт синовларидан олиб ўтишда, жамиятимизда инсоний фазилатларни қарор топтиришда,
миллий урф-одатларимизга ёт бўлган бузғунчи ғояларга қарши курашда, азалий
қадриятларимизни асраб-авайлашда, ёшларимизни турли зарарли оқимлар таъсиридан
сақлашда, одамларга елкадош бўлиш, кўмак, маслаҳат беришда маҳаллалар ўрни ва
аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Кам таъминланган оилаларга ҳар
томонлама ёрдамлашиш, ижтимоий, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам эл-улус
виждони — маҳалла эътибори ҳамда ғамхўрлигида бўлади.
Маҳалла институтининг нуфузини ошириш йўлида олдимизда турган олийжаноб
мақсад ҳамда вазифалар ижроси, шаксиз, уларнинг фаоллари зиммасига катта масъулият
юклайди. Дейлик, ёш оилаларнинг оёққа мустаҳкам туриб олишлари, ўсиб келаётган
авлоднинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий етук бўлиб камол топиши, уларнинг мустақил
ҳаётга дадил қадам қўйиши — ҳаммаси маҳалла ҳамда оиладаги тарбиядан бошланади.
Шу боис Президентимиз Конституциямизнинг 19 йиллигига бағишланган тантанали
маросимдаги маърузасида, «...бугунги кунда юртимизда ёш оилаларга кўрсатилаётган
эътибор ва ғамхўрлик ҳақида кўп гапириш мумкин. Шу билан бирга, холисона тан
олишимиз даркор — ана шундай саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттириш, қаерда
бўлмасин, марказда, шаҳар ёки қишлоқ жойларда бўладими, эзгу мақсадларимизнинг ҳар
томонлама тасдиғини кўриш учун ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак»,
деганларида айнан шундай ҳолатларни назарда тутган, албатта.
Бир сўз билан айтганда, оилага ва унинг аъзоларига кўрсатиладиган ҳар қандай
кўмак, ғамхўрлик жамият ривожи, мамлакат тараққиёти ва миллий манфаатларимиз учун
хизмат қилади. Янгидан қабул қилинадиган қонун, қоида ва нормаларда бугунги ва
эртанги кунимиз талаблари тўла акс этиб, амалдаги қонун ҳужжатларимизга
киритиладиган зарур ўзгартиш ҳамда қўшимчалар оиланинг маънавий ҳаётимизда
мустаҳкам таянч бўлишида етакчи омилга айланиши, шубҳасиз.
Собир ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Маҳалла, 9 февраль 2012 йил.
Do'stlaringiz bilan baham: |