1-саволнинг баёни:
Империализм давридаги халқаро муносабатлар капиталистик давлатларнинг ташқи сиёсатида капиталистик монополиялар ва молия олигархиясининг манфаатлари ҳукмронлик қилиши билан, дунёни қайтадан бўлиб олиш учун бу давлатлар ўртасида кураш бориши билан характерланади. Айни бир вақтда капиталистларнинг иттифоқчилари, яъни йирик монополистик бирлашмалар ўртасида дунёни бўлиб олиш, мол сотиш бозорларини, хом-ашё манбаларини тақсимлаш учун кураш олиб борилди.
Империализм даврида капиталистик мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан нотекис ривожланишининг кескин равишда кучайиши империалистик давлатлар ўртасидаги мувозанатнинг тез-тез издан чиқиб туришига олиб келади. Айрим империалистик мамлакатлар иқтисодий ва сиёсий қудратининг нисбати ўзгариб туриши натижасида уларнинг амалдаги кучи мустамлакалар, бозорлар учун етмас эди. Тезроқ ўсаётган давлатлар ўз монополистларига бозор ва хом ашё манбаларини тўла эгаллаш, мустамлакаларни эксплуатация қилиш йўли билан жуда катта устама фойда олишларини таъминлаш учун бошқа давлатлар ҳисобига ўз мустамлакаларини кенгайтиришга интилдилар. «Бўш» яъни ҳеч қайси капиталистик давлат томонидан эгалланмаган территория қолмагандан сўнг, бу интилиш мустамлакалар ва таъсир доираларини қайта бўлиш учун уриниб кўришга олиб келдики, бунда қуролли куч ишлатишдан ҳам тап тортилмайди. Шундай қилиб, империализм муқаррар суратда капиталистик давлатлар ўртасида зиддиятларнинг кескинлашишига ва урушларни келтириб чиқарадиган иқтисодий заминнинг яратилишга олиб келади. Бунда зўр бериб қуролланиш ва урушларнинг ўзи капиталистлар учун устама фойда олиш манбаи бўлиб қолди. Империализмга қарши кучлар ва аввало бутун дунё ишчилар синфи, шунингдек эзилган миллатларнинг озодлик ҳаракати етарли даражада кучли ва уюшган бўлмаган бир даврда, империалистик урушларнинг бўлиши муқаррар эди.
XIX- асрнинг кейинги ўн йиллиги АҚШнинг актив равишда мустамлакачилик сиёсати майдонинга чиқиши билан характерланади. Америка экспансияси икки асосий томонга Узоқ Шарққа ва Лотин Америкасига томон ривожланиб борди ва АҚШ 1893- йилида Гавай оролларини босиб олди. АҚШнинг ғарбий қирғоғидан Хитой қирғоқларигача бўлган йўлнинг қоқ ярмида жойлашган бу ороллар АҚШнинг Тинч океан марказидаги муҳим таянч пунктига айланди.
1898-йилда АҚШ Испанияга қарши уруш бошлаб, унинг устидан осонгина ғалаба қозонди. Испания Филиппин оролларини, Пуэрто-Рико ва Кубани АҚШга беришга мажбур бўлди. Испания Америка уруши бир капиталистик давлат (АҚШ)нинг иккинчи импералистик давлат (Испания)га қарши, Испания давлатининг мустамлакаларини эгаллаш учун олиб борилган уруш бўлди. Бу дунёни қайта тақсим қилиш учун олиб борилган биринчи уруш, биринчи империалистик уруш эди.
АҚШнинг Узоқ Шарқдаги экспансиячилик сиёсатининг марказий объекти Хитой бўлиб қолди. АҚШнинг ҳукмрон доиралари Хитойга Америка капиталининг келажакдаги муҳим бозор сифатида қарардилар. Аммо Хитой бошқа йирик давлатлар таъсирига аллақачон тушиб қолган эди. Шунинг учун АҚШ 1899 йилда давлат секретари Хейс орқали Хитойда «Очиқ эшик» докторинаси деб атилган докторинани, яъни Хитойга иқтисодий соҳада эркин кириб бориш ва барча қудратли давлатнинг капитали фаолияти учун тенг шароит туғдиришни эълон қилди. Ўзининг иқтисодий куч-қудратига ишонган Америка капитали Хитойдаги барча конкурентларини енга олишга умид боғлади. АҚШ ҳукмати Россияни ўзининг Хитойдаги асосий рақиби деб ҳисоблаб, шунинг учун АҚШ ҳукмати, инглиз ҳукмати каби Россияга қарши Японияни қўллаб —қувватлади.
Илгаридан мавжуд бўлган халқаро зиддиятлар империализм даврига ҳам ўтиб келди. Монополистик капиталнинг давлатлар ташқи сиёсатига таъсири бўлган шароитда бу зиддиятлар янада кескинлашиб борди. Масалан, Эльзас ва Лотарингия масаласи бўйича Франция билан Германия ўртасидаги зиддиятларни Лотарингия темир рудаси учун герман капиталига қарашли қудратли Рейн-Рур монополияларининг франсуз оғир саноат монополистларига қарши олиб борган кураши янада кескинлаштириб юборди. Бунда франсуз империализми Эльзас ва Лотарингиянинг 1871 йилда Германия босиб олган қисмини қайтариб олмоқчи бўлса, герман империализми Франция қўлида қолган Брие ва Лонгви ҳавзаларини босиб олмоқчи бўлди. Герман империалистларининг Францияга қарши кураши шу билан бирга Германиянинг Европада гегемонлик қилиш учун кураши бўлди.
1873 йилги иқтисодий инқироздан кейин Германиянинг савдо соҳасидаги конкуренцияси Англиянинг таъбини хира қила бошлади. Шу билан бирга, герман империясининг юксалиши қитъада Германиянинг гегемонлиги ўрнатилишидан қўрққан Англияни хавфга солиб қўйди.
Кейинги ўн йилликда Англия билан Германия ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштирган факторларга мустамлакалар учун кураш қўшилди. 90-
йилларнинг ўрталарида жуда катта мустамлакаси империяни тузиш Германия ташқи сиёсатининг асосий вазифаси бўлиб қолди.
Шу даврдан бошлаб, инглиз-герман зиддиятлари ғоят кескинлашиб кетди ва халқаро сиёсатдаги аҳамияти жуда катта бўлди. Бу зиддиятларнинг кескинлашувига шу нарса сабаб бўлдики, улар Европадаги саноати энг кучли бўлган давлатлар эди, бунинг устига бу даврда гап «бўш» ерларни бўлиб олиш ҳақида эмас, олган ҳудудни қайта тақсимлаш устида борарди. Ёш герман империализми жуда қатъий туриб дунёни бутунлай янгидан қайта бўлиш масаласини қўя бошлади. Англия билан Германия ўртасидаги зиддиятларнинг ўсиб бориши муносабати билан, дўстона муносабатлар 90-йилларнинг ўрталарига келиб тез кескинлашиб кетди. Германия имкони бор жойда Англиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши ҳаракат қила бошлади. Рақобат қилиш ҳудудларидан бири Жанубий Африка бўлиб қолди, у ерда Германия Англияга ва унинг Бур республикаларидаги таъсирига қарши кураш бошлади. Женсоннинг Трансваальга қилган (1895) муваффақиятсиз ҳужумидан сўнг, 1896 йил январида Вильгельм II намойишкорона президент Крюгерга табрик телеграммаси юборди. Трансваални ўз мулки деб ҳисоблаган Англияда Кайзернинг бу телеграммаси иғвогарликдан иборат қадам деб кутиб олинди. Яқин ва ўрта Шарқ ҳам ўша даврдаги икки империалистик йиртқичнинг рақобат доирасидан четда қолмаган эди.
ХIХ-асрнинг охири ва ХХ-асрнинг бошида капиталистик дунё мустамлакачилик зулмига қарши қаратилган кучли халқ ҳаракатига дуч келди. 1900-йили Хитойда халқ кўзғолани бошланди. Қўзғолончилар Пекинни босиб олиб, «элчихоналар» кварталини қамал қила бошладилар. Қўзғолонни бостириш учун халқаро жазо корпуси юборилиб, унинг составида барча йирик капиталистик давлатлар бор эди. 1900- йил 15-августда халқаро «жазоловчилар» Пекинни ишғол қилдилар. Қўзғолон мисли кўрилмаган шафқатсизлик билан бостирилди. Пекиндаги саройлар ва ибодатхоналар чет эл офицерлари томонидан таланди. Хитойнинг император ҳукмати империалистик давлатларнинг ҳукматлари билан музоқара бошлашга ва якунловчи протокол деб аталган шартномага қўл қўйишига мажбур бўлди. Хитой ҳукмати Хитойнинг миллий ифтихорини оёқ ости қилган турли хил шартларни қабул қилишдан ташқари, империалистик давлатларга «кўзғолон натижасида чет элликларнинг кўрган зарари эвазига» анчагина контрибуция тўлашга, шунингдек Хитойга қурол олиб киришни ман қилишга розилик берди. Қўзғолон пайтида чор Россияси ўз қўшинлари билан Манъчжуриянинг бир қисмини босиб олди. Англия Хитойни асоратга солишда чет эл капиталининг актив иш кўраётган асосий маркази бўлган Шанхайни босиб олди. Инглиз империализми Шанхайни эгаллаб туриши ва Янцзи дарёси водийсида кучли таъсирга эга бўлишга қониқмай, чор Россияни Маньчжуриядан сиқиб чиқармоқчи бўлди. Инглиз ҳукмати шу мақсадда Германиядан фойдаланишга уриниб кўрди, лекин бундан ҳеч нима чиқмади. Россияга қарши иттифоқ тўғрисида Германия билан олиб борилган музоқаралар муваффақиятсиз тугади. Бироқ инглиз империалистлари Россияга қарши чиқишга тайёр турган иттифоқчи сифатида Японияни тайёрладилар. Япония Корея билан Маньчжурияни бўйсундириб, экспансиясини яна давом эттириш учун плацдарм тайёрламоқчи эди.
1902-йилда тузилган иттифоқчилик шартномасига мувофиқ, бу давлатларнинг биронтаси учинчи давлат билан уруш ҳолатига тушиб қолса, икки томон ҳам қатъий бетарафликка риоя қилишга ваъда бердилар. Агар иттифоқдаги бир томонга иккита давлат билан уришишга тўғри келиб қолса, иккинчи томон бетараф туриши эмас, балки қурол билан ёрдам беришни ваъда қилган эди. Шартномадаги бу қарорлар, амалда, агар Россия билан Япония ўртасида уруш чиқиб қолса, Англия бошқа давлатларни масалан, Францияни бу урушга аралаштирмаслик учун Японияни кафолатлайди, деган гап эди. Иттифоқ ҳақидаги шартномадан ташқари, Япония Англиянинг молиявий ёрдами билан таъминландики, бусиз Япония Россияга қарши Японияни қўллаб, АҚШ ҳам актив дипломатик ва молиявий ёрдам бериб турди. Инглиз-япон иттифоқи тузилиши билан инглиз империалистлари Хитойда инглиз манфаатларини бошқалар орқали таъминлаб туриш имкониятига эга бўлиб қолди. Бундан, ташқари худди шу, 1902-йили инглиз империализмининг кучини банд қилиб турган инглиз-бурр уруши томом бўлган эди. Шу вақтга келиб, мустамлакачилик соҳасидаги жанжалли муаммоларни ҳал қилиш юзасидан инглиз-франсуз музоқаралари бошланган эди, мустамлакачилик соҳасидаги бу жанжаллар Фашод кризиси кунларида (1898 йилнинг кузи) инглиз- франсуз урушини чиқаришга олиб келган эди. XX асрнинг дастлабки йилларидаги стратегик вазият ҳам Франция ҳукмрон доираларини Англия билан яқинлашишга ундади. Франциянинг иттифоқчиси бўлган Россиянинг қуролли кучлари ва маблағларининг анчагина қисми 90-йилларнинг охиридан бошлаб, Узоқ Шарққа жалб қилинган эди. Бу ердаги рус экспансиясини Германия атайин рағбатлаштириб Япония билан уруш олиб боришга ундамоқда эди. Кучларнинг Узоқ Шарқда жалб қилиниши Россияни Европада заифлаштирар, Франция эса Германия билан уруш бошланган тақдирда етарли кучга эга бўлмай қоларди.
Тўғри, Франция Учлар Иттифоқини заифлаштириб, ўз мавқеини бир мунча мустаҳкамлаб олишга муваффақ бўлган эди. Бу мақсадда у Италия билан яқинлашиш йўли билан эришди. Италия эса ўз навбатида Франция билан олиб борилган савдо урушида жуда катта зарар кўрди. Иқтисодий жиҳатдан яқинлашгандан сўнг Франция билан Италия ўртасида яна иккита битим тузилди. 1900 йилги битимга мувофиқ Франция Триполитанияда манфаатдор эмаслигини, Италия эса Марокашда манфаатдор эмаслигини баён қилдилар. Бироқ Италиянинг бетарафлиги таьминланган бўлса ҳам, бу бетарафлик Франция учун кураш бўлган тақдирда Россия билан ҳарбий иттифоқнинг вақтинча бўлса ҳам ўрнини боса олмас эди. Бу вазият инглиз-франсуз музоқаралари учун қулай шароит яратди.
Кейинги воқеалар Франциянинг герман агрессиясидан қўрқиши бежиз эмаслигини кўрсатди. 1904-йил охирида герман ҳукмати чоризмнинг Узоқ Шарқда мағлубиятга учраганлигидан фойдаланиб, фақат Германиянинг ўзи учун қулай бўлган савдо шартномасини тузишга рус ҳукматини мажбур қилди. Вильгельм II бу билан чекланмай Николай II билан Россия ва Германия ўртасида иттифоқ тузиш ҳақида шахсий музоқаралар бошлаб юборди. Германия ҳукмати мавжуд аҳволни ҳисобга олиб, инглиз-франсуз Антантасига қарши чиқди. Канцлер Бюлов Францияни қўрқитишга ва уни Англия билан ҳамкорлик қилишдан воз кечдиришга ҳамда Франциянинг Марокашда мустаҳкамланиб олишга йўл қўймасликка уриниб кўрди. Бюлов Марокашнинг мустақиллигини ҳимоя қилиш ниқоби остида уни Германия таъсиридаги давлатга айлантириб қўймоқчи бўлди. Германия ҳукмати иғво ва қўрқитиш йўли билан иш кўрди. 1905- йил 31-мартда Вилгельм II намойишкорона равишда Марокашнинг Танжер портига борди ва у ерда нутқ сўзлади. У ўз нутқида Марокашнинг «мустақил» эканлигини кўрсатиш билан, Германия бу мамлакатда бошқа давлатлар билан бир қаторда тенг «ҳуқуққа» эга бўлишни талаб қилаётганлигини таъкидлади.
Бунинг кетидан Германия ҳукмати халқаро конференция чақиришни талаб қилди. Ушбу конференциядан Марокаш ҳақидаги инглиз-франсуз битимини бекор қилиш учун фойдаланишни назарда тутарди. Агар Франция Германиянинг талабларини қабул қилмаса, у билан урушиш хавфи остида қоларди. Марокаш масаласи бўйича халқаро конференция 1906- йил бошида Испаниянинг Альхесирас шахрида бўлиб ўтади. Марокашнинг инглиз ва франсуз мустамлакачилари келишиб аллақачон белгилаб қўйган тақдирини халқаро конференцияда кўришга, Франциянинг рози бўлиши Германиянинг ютуғи бўлди. Бу конференциянинг натижалари унинг мағлубиятга учраганлигини кўрсатди. Конференцияда Германия якка бўлиб қолди. Англия, Россия ва ҳатто Германиянинг расман иттифоқчиси бўлиб қолган Италия ҳам конференцияда Францияни актив қувватлади. АҚШ ҳам Францияни қўллаб-қувватлади.
Марокаш криизисининг оқибатларидан бири шу бўлдики, инглиз ҳукмати фақат мустамлакачилик экспедицияларида эмас, балки катта Европа урушида ҳам иштирок этиш мақсадида Франция ва Бельгияга жўнатиш мумкин бўлган қуруқлик қуролли кучлари ташкил қилишга қарор қилганлиги бўлди. 1905-йили Англияда янги типдаги броненосец кемаси қурила бошладики, у кучи ва сузиш тезлиги билан бундан олдинги кемалардан анча устун турарди.
Шу хилдаги биринчи кеманинг номи билан янги типдаги кемалар дредноут (инглизча dreadnouht — қўрқмас дегани) деб атала бошлади. Дредноутлар пайдо бўлгандан сўнг бир линкорни қуришга кетадиган харажатлар икки марта кўпайди ва зўр бериб қуролланишнинг оғирлиги борган сари кўпроқ халқ зиммасига туша борди. 1908-йилдан 1912-йилгача Германияда хар йили тўрттадан дредноут қуриш мўлжалланган эди.
Инглиз ҳукмати Германия ҳукматига янги ҳарбий кемалар қуришни чеклашни бир неча марта таклиф қилди. Бироқ шу тарзда битимга келиш фақат Англиягагина фойдали эди. Агар кемалар қуриш чеклаб қўйиладиган бўлса, Англия, ўзининг денгиздаги мавжуд устунлигини сақлаб қолган бўларди. Германия бу таклифни рад этди. У шартнома асосида икки томон флоти кучлари нисбатини тенглаштиришни таклиф қилди. Бунда Германия ўша вақтдаги икки томон ўртасида амалда мавжуд бўлган нисбат бўйича эмас, балки ўзи учун фойдали бўлган нисбатда келишмоқчи бўлди. Икки томон келиша олмади ва шундан сўнг инглиз ҳукмати Германияда қурилаётган хар бир дредноут учун иккита дредноут қуриш билан жавоб беришга қарор қилди. Қуролланишга кетаётган сарфларнинг миқдори мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди.
Do'stlaringiz bilan baham: |