Муҳокама учун саволлар: 1. Рейн иттифоқи қандай иттифоқ эди?
2. Германия давлатларида абсолютизмнинг кучлилигини белгилаган омилларни аниқланг ?
3. XIX-асрнинг биринчи ярмида Германиядаги ижтимоий ҳаракатларнинг мақсадларидаги асосий фарқлар нимада?
3-савол бўйича дарснинг мақсади: Германияда 1848 йилги инқилобнинг келиб чиқиш сабаблари, ҳукмрон доираларнинг сиёсати, инқилобнинг оқибатлари ва инқилобдан кейинги Германиянинг умумий аҳволини ёритиш.
Идентив ўқув мақсади: 3.1. Инқилобнинг сабабларини тушунади.
3.2. Инқилобнинг аҳамиятини англайди.
3.3. Германиядаги миллий уйғониш ва миллат сифатида бирлашиш учун курашлар янги босқичга ўтганлигини эътироф этади.
3- саволнинг баёни. 40-йилларнинг ўрталарида Германиядаги вазият кескинлашди. Муҳолиф ҳаракатлар айниқса Пруссияда кучайди. 1845 йили деярли барча процинвиал ландтаглар конститутция киритилишига хоҳиш билдирдилар. Либералларга бу даврда рейнлик банкир Л.Кампгаузен ва ахенлик фабрикант Д.Ганземан бошчилик қилар эдилар.
Радикал-демократик доиралар очиқдан-очиқ инқилобий ҳаракатларга ва ягона демократик республика тузишга чақирар эдилар.
1847 йилда иқтисодий инқироз мамлакатдаги вазиятни янада ёмонлаштирди. Халқ норозиликлари тўхтамас, давлат ҳазинаси эса бўш эди. Мамлакатда инқилоб юз бериши муқаррар эди.
Ўша даврдаги Германиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига феодал тартибнинг қолдиқлари сақланиб қолганлиги тўсиқ бўлди. Сиёсий тарқоқлик, ички божлар, цех ҳунармадчилиги, деҳқонларнинг ер эгаларига қарамлиги ва бошқа ҳолатлар мамлакатда туб ўзгаришлар заруриятини келтириб чиқардилар.
Инқилоб арафасида турли сиёсий қарашлар мавжуд эди. Мўътадил ислоҳотлар талабидан туб инқилобий ўзгаришларгача бўлган ғоялар. Ҳудди Франциядагига ўхшаб Германияда ҳам 1847 йил иқтисодий инқирози халққа мухтожлик ва офатлар олиб келди.
1847 йил баҳорида Берлинни очлик ғалаёнлари босиб кетди. Шаҳзода Вильгельм саройининг деразалари синдирилди, нон ва сабзавот дўконлари талон-торож қилинди. Монархия ҳукмати молиявий банкротлик (синиш) арафасида эди. Сиёсий вазият кескинлашди.
Биринчи инқилобий чиқишлар Германиянинг жанубий-ғарбида бошланди. Тез орада бундай ҳаракатлар Пруссия ҳудудларига тарқалди. Кёльнда ишчилар ва ҳунармандлар ратушани ўраб олдилар ва ислоҳотларни талаб қилдилар. Берлинда эса оломон ўн кун давомида намойишлар уюштирдилар, полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтди. Қирол саройига ҳаракатланган оломонга гвардиячилар ўқ уздилар. Бундан ғазабланган халқ 1848 йил 18 мартда бутун Берлинни баррикадаларга тўлдириб юборди. Қўзғолончиларга қарши ташланган пиёдалар ва артиллерия ғалабага эриша олмайди. Қирол Фридрих Вилгельм қўшинларни Берлиндан олиб чиқиб кетилиши тўғрисидаги буйруғидан сўнгина қўзғолон тўхтатилди. Конститутцияни ишлаб чиқувчи Пруссия Миллий Мажлисига сайловлар эълон қилинди. Ишчилар ва ҳунармандларнинг Берлин атрофларидаги фаоллиги, меҳнат вазирлигини тузиш, барчани иш билан таъминлаш ва умумий сайлов ҳуқуқини берилиш талаблари буржуа доираларининг манфаатларига мос эмасди. Шунинг учун бу доиралар пойтахтга ҳукмат қўшинларини қайтаришни сўрадилар. Қирол буни тезда бажарди. Маъмурий ташкилотлар, суд, полиция ва армия ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Янги сайланган Пруссия Миллий Мажлиси ҳам туб ислоҳотларни амалга оширмади.
Пруссиянинг шарқий ерларида, аҳолиси асосан поляклардан иборат, миллий-озодлик ҳаракати бошланди. 1848 йил баҳорида Познан провинциясида (вилоятида) полякларнинг миллий-озодлик қўзғолони Пруссия қўшинлари томонидан шафқатсиз бостирилди.
1848 йилнинг май ойида Франкфурт-Майн шаҳрида умумгерман парламенти очилди. Бутун герман давлатларидан кенг жамоатчилик сайловлар натижасида сайланган бу парламент Австрияни ҳам ўз таркибига олган ягона Германия конститутциясини ишлаб чиқиши керак эди. Лекин, парламент турли сиёсий масалалар бўйича узоқ ва самарасиз тортишувлар билан овора бўлиб қолди. Мамлакатни бирлаштириш масаласида Герман иттифоқи чегараларида, барча герман давлатларини қамраб олган, Германия империясини тузиш назарда тутилар эди. Немис ҳукмдорлари бу парламентни тан олмаса ҳам, унинг йиғилишига инқилоб шароитларида тўсқинлик қилишмади.
1848 йил декабрида Пруссия қироли Миллий Мажлисни тарқатиб юборишни буюрди. Депутатлар халқни қаршилик кўрсатишга чақира олмайдилар ва буйруққа итоат этишди.
Лекин, қирол «юқоридан» конститутция «ҳадя» қилиниши тўғрисидаги фармонни эълон қилди. Конститутцияга кўра дворянликнинг табақавий имтиёзлари сақланиб қолинди, қирол қонунчилик муассасаларнинг ҳар қандай қарорини бекор қилиш ҳуқуқига эга эди. Сайлов тизими бой солиқ тўловчиларнинг тўла устунлигини таъминлади. Пруссиядаги инқилоб бостирилди. Саксония қироллиги ва Баден герцоглигидаги 1849 йил май ойида Франкфуртда ишлаб чиқилган конститутция лойиҳасидаги демократик моддаларининг ҳимояси учун кўтарилган қўзғолонлар Пруссия қуролли кучларининг киритилиши билан бартараф этилди. Германиядаги 1848-1849 йил инқилоби мағлуб бўлди. Мазкур инқилобнинг тарихий аҳамияти шундаки, марказлашган давлат тузиш учун зарур шароитларни яратди.