1-саволнинг баёни Англия XVII-асрнинг ўрталарига келиб давлат бошқаруви жиҳатдан абсолют монархия, иқтисодий тараққиёт даражасига кўра қолоқ феодал муносабатлар ҳукм сураётган аграр мамлакат ҳисобланарди. Айнан мана шу жиҳатлар абсолютизм ва аҳолининг катта қисмининг эркинлигини чеклаган эски ер эгалари, лендлордлик системаси, эски дворянлар ва Англикан черковининг ноўрин сиёсати инглиз жамиятида зиддиятларни кескинлаштириб тараққиётга тўсқинлик қила бошлади.
Енгил ва оғир саноатнинг ўсиши, товар-пул муносабатлари, ички бозор, шунингдек ички ва ташқи савдонинг ўсишида бош ролни ўйнаётган дворянлар: банкирлар, мануфактура, фабрика, завод, компания, порт ва бошқа шу каби даромад келтирувчи янги соҳалар хўжайинлари ва оддий халқнинг эски тузумга нисбатан норозилиги етилиб борди. Шу тариқа инглиз жамияти қарама-қарши бўлган икки лагерга бўлинди.
1. Эски абсолютизм ва феодализм тарафдори бўлган кучлар: қирол, лордлар палатаси, юқори аристократия, йирик ер эгалари, англикан черкови, эски дворянлар.
2. Саноат ишлаб чиқаришнинг ривожланиши туфайли шаклланган йирик саноат молия доиралари,савдогарлар, янги дворянлар, ҳунармандлар, оддий халқ гуруҳи эски тузумни инқилобий йўл билан ағдариб, янги бозор муносабатларига асосланган эски тузумга нисбатан бир мунча тараққийпарвар хусусиятларга эга бўлган капиталистик жамиятни қуришга ҳаракат қиларди.
Инглиз жамиятида рўй бераётган ўзгаришлар идрокда ҳам ўзгаришлар ясади. Англикан черковидан ажралиб чиққан пуританизм (тозаловчи) оқими инқилобнинг ғоявий тайёргарлигида муҳим рол ўйнади. Пуританизм англикан черковинни ноўрин сиёсатларини қоралаб халққа катта енгиллик, ҳуқуқ ва имтиёзлар беришни тарғиб этиши туфайли асосий эътиқодга айланиб борди.
Бунга жавобан Стюартлар сулоласининг вакиллари қирол Яков I (1603-1625) ва унинг ўғли Карл Iлар (1625-1649) бошқарувлари даврида пуритианлар ва парламент ҳар қандай мухолифатга қарши кескин чораларни амалга оширди. Карл I нинг парламенсиз бошқарув даври (1629-1640), Шотландияга қарши уруш ва ноўрин солиқ сиёсати мамлакатда инқирозни янада тезлаштирди. Қиролнинг 1637 йил Шотландиядаги исёнини бостириш учун парламентни чақириб халқдан солиқ йиғишга ҳаракат қилиши ҳам қирол ва парламент ўртасидаги зиддиятларни янада кучайтирди. Натижада 1637 йил 6 майда қирол парламентни тарқатиб юборди. Парламентнинг тарқатилиши мамлакатда оммавий исёнларга сабаб бўлди.
Халқнинг тазйиқи остида 1640 йил 3 ноябрда қирол парламентни қайта ташкил этишга мажбур бўлди. Бу парламент 1653 йил 20 ноябргача фаолият олиб борди. Парламентдагилар ўз манфаатларидан келиб чиқиб инқилобчи думалоқбошлар ва роялист каваллерларга бўлинди. Парламентнинг қирол ҳокимиятини чеклашга ҳаракат қилиш икки томон ўртасидаги урушларни келтириб чиқарди. Инқилобий Англия фуқаролар уруши гирдобида қолди.
Фуқаролар уруши 1642 йил 22 августдан 1645 йил 14 июлгача давом этди. Урушда имкониятлари юқори бўлган парламент 1645 йил 14 июнда Нейзбида қирол армиясини тор-мор этдилар.
Абсолютизм устидан қозонилган ғалабада индепендент О.Кромвель армиясиннинг хизматлари катта бўлди. Ҳокимият парламент қўлига ўтди. Узоқ парламентнинг ислоҳотлари инқилобнинг давом этишига қарши бўлган янги дворянларнинг манфаатларига бўйсундирилгани учун халқнинг аҳволи яхшиланмади. Оғир аҳволда Жон Лильберн бошчилигидаги левеллерлар демократик радикал ғояларни тарғиб этдилар. Ҳаракат парламент буйруғига кўра тор-мор этилди.
Парлампентда индепендентлар ва юқори пуританлар- пресвитерианлар ўртасида сиёсий кураш борарди. Индепендентлар армия ўз қўлларида эканлигидан фойдаланиб 1648 йил 5 декабрда поковник Прайд ёрдами билан парламентни пресвитерианлардан тозаладилар.
1649 йил 4 январда умум платаси Лордларнинг қаршилигига қарамасдан ўз ҳокимиятини тасдиқлади. 1649 йил 30 январда Карл I қатл этилди.
1649 йил майда республиканинг эълон қилиниши инқилобнинг энг юқори нуқтаси бўлиб бу моҳиятига кўра индипендентлар республикаси эди. Индипендентлар буржуазияси парламент ёрдамида ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, мухолифат кучлар, левеллерлар ва деҳқонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган диггерлар ҳаракатини бостириш йўлидан борди.
Индепендентлар ташқи сиёсатда анъанавий мустамлакачилик урушларини давом эттириб 1649 йил Кромвель армиясининг кучи билан Ирландияни, 1651 йил 3 сентябрда Карл I нинг ворислари паноҳ топган Шотландияни босиб олди. 1653 йил февралда денгиз ва океандаги асосий рақиб ҳисобланган Голландия флоти вайрон қилинди. Уруш ҳокимиятда ҳарбийлар таъсирини айниқса Кромвель мавқеини кучайтирди.
Индепендентларнинг ноўрин ички ва ташқи сиёсати уларнинг ижтимоий таянчдан маҳрум қилди. Бундай шароитда юқори доиралар қаттиққўл ҳокимият тарафдори бўлиб, мавқеи юқори бўлган Кромвелнинг ҳокимиятга келиши учун имконият пайдо бўлди.
1653 йил 20 апрелда Кромвель парламентни тарқатди. Ҳукмрон доиралар Кромвель ҳокимиятини мустаҳкамладилар. 1653 йил 16 декабрда Кромвель ўзини Лорд-протектор деб эълон қилди. Мамлакат генерал лейтенантлар бошчилигидаги 11 та ҳарбий округга бўлинди. 1657 йилдан Лорд-протекторлик наслдан наслга ўтадиган бўлди. Протекторлик даврида ноўрин солиқ сиёсати юритилди. Черков солиқлари сақланиб қолди. Инглиз молия саноат доиралари иқтисодий манфаатларни кўзлаб талончилик урушларининг ташаббускорлари бўлишди. 1654 йил Голландия флотига яна бир марта зарба берилди. Испанияга қарши уруш олиб борилиб 1655 йил Ямайка босиб олинди. 1658 йил Кромвель вафот этгандан сўнг протекторлик даври тугади.