Меҳнат интенсивлиги иш вақти бирлиги мобайнида сарфланган меҳнат миқдори орқали тавсифланувчи кўрсаткич ҳисобланади. Меҳнат интенсивлигининг ошиши амалда иш вақтининг кўпайганлигини англатади. Шундай қилиб, интенсивлик иш вақтининг давомийлиги билан бевосита алоқадор бўлади. Меҳнатнинг интенсивлиги деганда иш вақти бирлиги давомида ишчи кучи сарфи орқали аниқланувчи меҳнат жадаллигининг даражаси тушунилади. Меҳнатнинг жадаллик даражасини аниқлашда иш кунининг давомийлиги ёки бир соат вақт бирлиги сифатида қабул қилинади.
Индивидуал ёки ўртача ижтимоий меҳнат интенсивлиги тушунчалари фарқланади. Муайян ишлаб чиқариш муносабатлари шароитида индивидуал интенсивлик ишчининг ёши, унинг маҳорат даражаси, жисмоний ва ақлий қобилиятларига боғлиқ бўлади. Меҳнатнинг ўртача интенсивлиги – бу умумлашма тушунча бўлиб, алоҳида шахс, алоҳида корхона ва тармоқ, мамлакатнинг турли ҳудудларида мавжуд бўлган индивидуал миқдорлардан таркиб топади. «Ўртача интенсивлик» тушунчаси меҳнат интенсивлигининг фақат миқдор томонини тавсифлаб, у ёки бу ишлаб чиқариш усули шароитидаги интенсивликнинг моҳияти ва мазмунини акс эттирмайди. Шунга кўра, иқтисодиёт назариясида ижтимоий зарурий меҳнат интенсивлиги тушунчаси фарқланиб, у ҳар бир муайян мамлакат учун бир вақтнинг ўзида ижтимоий мазмунни акс эттирувчи маълум ўртача миқдорни ўз ичига олади.
3-§. Қийматнинг меҳнат назарияси ва кейинги қўшилган миқдор нафлилиги назариялари.
Иқтисодиёт назарияси фанида товар қийматининг негизини нима ташкил қилади деган саволга жавоб беришда икки хил йўналиш мавжуд ҳамда улар ўртасида доимий равишда тортишувлар ва мунозаралар бўлиб келмоқда. Биз қуйида шу икки хил йўналишдаги назарияларнинг мазмунини ўқувчига ҳавола қиламиз.
Қийматнинг меҳнат назарияси. Бу назариянинг асосчилари бўлиб Уильям Петти, Адам Смит, Давид Рикардолар ҳисобланади.
У.Петти – қийматнинг меҳнат назариясининг дастлабки асосчиси бўлиб, у қийматнинг манбаи меҳнат ҳисобланишини, айнан меҳнат сарфи товар қиймати миқдорини белгилаб беришини кўрсатиб ўтган. Бироқ, У.Петти товарнинг истеъмол қиймати ва қиймати ўртасидаги фарқни кўра олмаган. У товарнинг қиймати фақат қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришга сарфланувчи меҳнат орқали яратилади, деб ҳисоблаган.
А.Смит ўзининг «Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқотлар» (1776 й.) номли асарида товарнинг истеъмол ва алмашув қийматини фарқлаб берган. У товар қийматининг ягона манбаи бўлиб моддий ишлаб чиқаришнинг ҳар қандай соҳасида сарфланган меҳнат ҳисобланади, деган хулосага келган. Шу билан бирга, товар қийматининг миқдорини ҳар қандай меҳнат эмас, балки жамият учун зарур бўлган ўртача меҳнат белгилаб беришини кўрсатиб ўтган.
Д.Рикардо қийматнинг ягона мезони бўлиб товар ишлаб чиқаришга сарфланган ҳамда иш вақти сарфлари орқали аниқланувчи меҳнат ҳисобланишини исботлаб берган. У товарнинг истеъмол қиймати ва қиймати ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатиб, ҳар қандай ишлаб чиқаришда товарнинг қиймати сарфланган меҳнат орқали аниқланишини таъкидлаган.
Демак, юқорида таъкидланганимиздек, қийматнинг меҳнат назарияси тарафдорларининг фикрича, товарларни айирбошлаш уларнинг қиймати асосида амалга оширилади. Қийматнинг миқдори эса, ижтимоий зарурий меҳнат сарфлари билан, яъни ижтимоий зарурий иш вақти билан ўлчанади.
Қийматнинг меҳнат назариясига кўра ижтимоий зарур иш вақти ўзига хос ижтимоий меҳнат меъёри ролини ўйнайди. Бу меъёр бозорда аниқланади ва товар ишлаб чиқарувчилар унга амал қилишлари зарурдир. Керагидан ортиқча меҳнат сарфлари қиймат яратмайди, яъни жамият томонидан эътироф этилмайди, рад этилади. Бозорда муайян турдаги товарларнинг асосий массасини ишлаб чиқариш учун зарур бўлганидан амалдаги ортиқча меҳнат сарфларига ҳеч ким ҳақ тўламайди.
Қийматнинг меҳнат назарияси тарафдорлари тушунтирадики, товар қийматида оддий меҳнат ифодаланади. Оддий меҳнат деганда махсус тайёргарлик талаб қилмайдиган меҳнат тушунилади. Оддий меҳнат даражаси турли мамлакатларда ва турли даврларда бир хил бўлмай, турлича ва ўзгарувчан бўлади. Лекин қиймат намоён бўладиган ҳар бир муайян бозорда (у хоҳ ички, хоҳ ташқи бозор бўлсин) оддий меҳнат маълум бир даражадаги мавжуд меҳнатдир. У шундай бошланғич негизки, малакаси жиҳатидан унга тенглаштирилади. Бинобарин, мураккаб ва малакали меҳнат кўпайтирилган оддий меҳнат сифатида намоён бўлади. Мураккаб меҳнатни оддий меҳнатга тенглаштириш бозорда индивидуал сарфларни ижтимоий зарур сарфларига тенглаштириш билан бирга содир бўлади.
Қийматнинг меҳнат назарияси тарафдорлари товар ишлаб чиқариш шароитда товар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни, ижтимоий меҳнатни тақсимлаш ва рағбатлантиришни тартибга солувчи, объектив қиймат қонунини мавжуд бўлишини тан олади. Улар фикрига кўра, бу қонунга биноан товар ишлаб чиқариш ва айирбошлаш уларнинг қиймати асосида амалга оширилади.
Ижтимоий зарурий сарфларнинг юқорида келтирилган таърифларидан келиб чиқсак, қиймат қонуни индивидуал меҳнат сарфи ижтимоий зарур меҳнат сарфидан озроқ бўлган ишлаб чиқарувчиларни, яъни маълум вақт ичида кўпроқ миқдорда истеъмол қийматларини яратувчи ёки юқорироқ меҳнат унумдорлигини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиради. Қиймат қонуни индивидуал меҳнат унумдорлиги ижтимоий меъёрдаги меҳнат унумдорлигидан паст бўлган ишлаб чиқарувчиларни жазолайди. Бу билан иқтисодий шароитлар товар ишлаб чиқарувчиларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш ёки бошқа хил товарларни ишлаб чиқаришга ўтишини рағбатлантиради. Акс ҳолда улар бозордан сиқиб чиқарилиш, хонавайрон бўлиш хавфи остида қолишлари мумкин.
Қиймат қонуни товар ишлаб чиқарувчиларни уларнинг индивидуал меҳнат сарфлари билан ижтимоий зарурий меҳнат сарфлари ўтрасидаги фарқ товар ишлаб чиқарувчиларни табақалаштиради, меҳнат ва моддий сарфларни камайтиришни рағбатлантиради ва меҳнатнинг ишлаб чиқариш соҳалари бўйича тақсимланишини тартибга солиб туради. Масалан, энг юксак меҳнат унумдорлигига эришган ишлаб чиқарувчилар ўз товарларини ижтимоий зарур сарфларидан камроқ, лекин айрим индивидуал сарфларидан юқори нархларга сотишлари ва юқори фойда олишлари мумкин. Лекин улар иш фаолиятининг муваффақияти кўпроқ кафолатланган деб бўлмайди. Чунки улар техник ва ташкилий жиҳатдан янгиликларни ишлаб чиқаришга ўз вақтида қўллаб турмасалар, юқорироқ самара берадиган ишлаб чиқариш усулларини қидириб топмасалар, маълум вақтдан сўнг ўз устунликларидан ажралиб қолишлари мумкин.
Қиймат қонунининг тартибга солиб турувчи механизми ракобат кураши натижасида бозор нархларининг стихияли равишда тебраниб туришидан, уларнинг ижтимоий қийматдан фарқ қилиб туришидан иборат. Товар нархининг ижтимоий қийматидан четга чиқиш шарт-шароитлари қуйидагилардан иборат деб ҳисобланади:
Талаб = таклиф бўлган ҳолда: нарх = қиймат.
Талаб > таклиф бўлган ҳолда: нарх > қиймат.
Талаб < таклиф бўлган ҳолда: нарх < қиймат.
Шундай қилиб, товарлар нархининг улар қийматидан фарқ қилиши товар ишлаб чиқарувчиларнинг хохиши билан содир бўлмай, балки объектив қиймат қонунининг кучи таъсири остида бўлади.
Қиймат қонуни ресурсларнинг турли ишлаб чиқариш соҳалари ўтрасида тақсимланишини тартибга солиб туриш вазифасини бажараётганда ҳам нархлар динамикаси муҳим рол уйнайди. Агар у ёки бу аниқ товар ижтимоий эҳтиёжини қондириш учун зарур бўлганидан камроқ ишлаб чиқарилса, бу талабнинг таклифдан ошиб кетишига сабаб бўлади. Товар нархи ошиб кетади. Нархлар, шу билан бирга даромадлар камаяди, бу тармоқдаги ишлаб чиқариш ресурслари даромад юқори бўлган бошқа тармоқларга ўтиб кетади. Қийматнинг меҳнат назарияси моделларида қиймат қонунига асосланган ишлаб чиқариш нисбатларини тартибга солувчи бозор механизми ана шундай тавсифланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |