1-жадвал. Натурал ва товар хўжалигининг бир-биридан фарқланиши.
Товар ишлаб чиқариш ишлаб чиқарувчилар билан истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларнинг, меҳнатни ўлчаш ва уни жамиятнинг жами меҳнати таркибига киритишнинг ўзига хос усулидир. Натурал хўжаликни сиқиб чиқариш ва товар айирбошлашнинг ривожланиш жараёни меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви, ишлаб чиқаришнинг ихтисослашуви, хусусий мулкнинг вужудга келиши ва ривожланиши асосида индивидуал хўжаликларнинг товар айирбошлашга, олди-сотдига ўтиш йўли билан боради. Айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашув, уларни турли хил ишлаб чиқарувчилар ўртасида айирбошлашни зарур қилиб қўяди. Ихтисослашув эса меҳнат унумдорлигининг ошишига олиб келади, демак товар айирбошлаш фақат зарургина эмас, балки фойдали бўлиб боради. Вақтни ва моддий ресурсларни тежаш товар хўжалигини ривожлантиришнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб чиқади. Айирбошлаш жараёнига тортиладиган ишлаб чиқарувчилар бир-бирига тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қола бошлайди.
Дастлабки даврларда товар хўжаликлари жамоалар, қулдор латифундиялари, феодал ва деҳқон хўжаликлари ўртасида алоқалар ўрнатилишига ёрдам бериб, ишлаб чиқаришнинг ва умуман жамиятнинг ривожланиши учун қўшимча имкониятлар очган.
Маълум тарихий даврларга келиб товар муносабатлари жамият иқтисодиётининг барча томонларини кенг ва чуқур қамраб олади.
Товар хўжалигининг ва умуман айирбошлаш вужудга келиши ва амал қилинишининг ижтимоий-иқтисодий асослари ҳамда шарт-шароитлари қандай? Бу, биринчидан, ижтимоий меҳнат тақсимотидир, бунда ишлаб чиқарувчилар у ёки бу аниқ маҳсулотни ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Ихтисослашув, ўз навбатида, қиёсий устунлик тамойили бўйича, яъни маҳсулотни нисбатан кам муқобил қийматда ишлаб чиқариш лаёқати билан аниқланади. Иккинчидан, ишлаб чиқарувчилар хусусий мулк муносабатлари туфайли иқтисодий жихатдан бир–биридан муайян тарзда алоҳидалашиб қолади, бунда улар ўз меҳнат натижаларини ўзлари тасарруф қиладилар. Иқтисодий алоҳидалик нима ишлаб чиқариш, қандай ишлаб чиқариш зарурлиги ва яратилган маҳсулотларни қаерда ва кимга сотишни фақат ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳал қилишини билдиради. Худди шу икки ҳолат товар ишлаб чиқаришни зарур қилиб қўяди ва бозор вужудга келишининг шарт-шароити ҳисобланади. Меҳнат маҳсули товарга, яъни бозорда айирбошлаш учун, сотиш учун тайёрланадиган нарсага, ишлаб чиқарувчилар эса товар ишлаб чиқарувчиларга айланади.
Ниҳоят, учинчидан, бозор вужудга келишининг муҳим шарт–шароитларидан бири эркин айирбошлаш ҳисобланади. Чунки ижтимоий меҳнат тақсимоти, ихтисослашув ва иқтисодий алоҳидалик нима, қанча ва ким учун ишлаб чиқаришни мустақил аниқлаш имконини беради.
Товар ишлаб чиқариш натурал ишлаб чиқаришга нисбатан ишлаб чиқариш кучларининг ривожланишига, ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсишига кўпроқ даражада имкон яратади, чунки:
- товар ишлаб чиқариш ижтимоий меҳнат тақсимотига асосланиб, меҳнат самарадорлигининг ошишига хизмат қилади;
- товар ишлаб чиқарувчи катта даромадга эга бўлиши учун меҳнат унумдорлигини ўстирувчи ҳамда товар ишлаб чиқариш сарфларини қисқартирувчи фан-техника тараққиёти ютуқларини татбиқ этиши лозим;
- товар ишлаб чиқарувчилар натурал хўжалик юритувчиларга нисбатан ишлаб чиқариш натижаларидан кўпроқ манфаатдордирлар, агар улар даромад олмасалар хонавайрон бўладилар;
- товар ишлаб чиқарувчилар хонавайрон бўлмаслиги ва даромад олишлари учун ўз фаолиятларини харидорларга зарур бўлган товарларни ишлаб чиқаришга йўналтира олишлари лозим, улар ўзларининг рақиблари устидан ғалаба қозониши учун тадбиркорлик қобилиятига эга бўлишлари керак. Натурал хўжалик юритувчилар олдида бундай вазифа мавжуд эмас;
- товар ишлаб чиқарувчи учун истеъмолчини ўзига жалб қилиш, ўз товарини сотиб даромад олиш имконига эришиш воситаси бўлиб янги, нисбатан сифатли ва жозибадор товарларни ишлаб чиқариш ҳисобланади.1
Товар ишлаб чиқаришнинг моҳиятини янада кенгроқ тушуниш учун унинг асосий унсури бўлган товарнинг хусусиятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |