9.3. Аудиторлик хулосасининг тузилиши Аудитор томонидан аудит текширувини ўтказишдан бош мақсад - корхона молиявий ҳисоботлари молиявий маълумотларни тўғри ва тўлиқ акс эттирши юзасидан ўз профессионал фикрини билдиришдан иборат.
Бу фикр аудиторлик хулосасининг асосини ташкил этади. Аудиторлик хулосаси барча аудиторлик фирмалари томонидан ягона, стандарт шаклда тайёрланади.
Аудиторлик хулосаси қуйидаги элементларни ўз ичига олади:
а) номи («Аудиторлик хулосаси» ёки «Аудиторлик ташкилотининг хулосаси»: иккала ном тенг ҳуқуқли);
б) адресат номи;
в) кириш қисми;
г) таъкидлаш қисми;
д) якуний қисм;
е) аудиторлик хулосасини бериш санаси;
ж) аудиторлик ташкилоти манзили;
з) аудиторлар ва аудиторлик ташкилоти раҳбарининг имзоси.
Аудиторлик хулосаси аудиторлик ташкилотининг муҳри билан тасдиқланиши ва аудиторлик ташкилоти аудиторлик хулосаси шаклининг бир хиллигига риоя қилиши керак.
Аудиторлик хулосаси ўзбек тилида тайёрланиши ва унда келтирилган суммалар миллий валютада ифодаланиши керак. Бу ҳужжатда тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.
Аудиторлик фирмаси аудиторлик хулосасини мижоз билан келишилган миқдорда ва санада тақдим этиши шарт. Аудиторлик хулосасига мижоз корхонанинг молиявий ҳисоботлари ҳам илова қилинади. Аудиторлик хулосасининг бир нусхаси аудиторлик фирмасида махсус файлларда сақланади ва бу нусха мижозга тақдим этилган хулоса билан бир хил бўлиши лозим.
Аудиторлик хулосасида мижоз молиявий ҳисоботлари Ўбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича амалда бўлган қонун — ҳужжатларга мос тузилганми ва тўғри маълумотлари акс эттирилишини ёки бу қонунлар бузилганлигини аниқ баён этиши керак. Хулосадан фойдаланувчиларда шу хулоса маълумотларига асосан турли тасаввурлар ҳосил бўлиши мумкин эмас, яъни хулоса барча фойдаланувчилар учун бир хилда тушунарли бўлиши шарт.
Аудиторлик хулосаси барча юридик ва жисмоний шахслар, давлат ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари учун юридик мақомга эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. Аудиторлик фирмасининг хулосаси барча корхоналарнинг молиявий ҳисоботларига мажбурий тартибда илова қилиниши зарур.
Аудиторлик хулосаси уч асосий қисмдан иборат:
- кириш қисми;
- таъкидлаш қисми;
- якуний қисм.
Аудиторлик хулосасининг кириш қисми аудиторлик ташкилотининг қуйидаги реквизитларини акс эттиради:
аудиторлик ташкилотининг юридик манзили ва телефонлари;
аудиторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эгалик тўғрисидаги лицензиянинг рақами, берилган санаси ва лицензия берган органнинг номи; аудиторлик ташкилоти давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги гувоҳнома рақами;
аудиторлик ташкилотининг ҳисоб-китоб счёти;
аудиторлик текширувида иштирок этган аудитор (аудиторлар)нинг, шунингдек, аудиторлик ташкилоти раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми.
Кириш қисмида сана ва ҳисобот даври кўрсатилган ҳолда текширилган молиявий ҳисоботлар рўйхати келтирилади ва қуйидагилар кўрсатилади:
хўжалик юритувчи субъект аудиторлик текширувидан ўтказиладиган молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва унинг ҳаққоний бўлиши учун жавобгар;
аудиторлик ташкилоти аудиторлик хулосасининг хўжалик юритувчи субъект молия-хўжалик фаолияти натижаларига мувофиқ бўлиши учун жавобгар.
Аудиторлик хулосасининг таъкидлаш қисмида аудиторлик текшируви молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборот қонун ҳужжатларига, шунингдек, молия-хўжалик фаолиятининг ҳақиқий ҳолатига мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини баҳолашга асосланишини кўрсатади. Таъкидлаш қисмида аудиторлик текшируви фикрини ифодалаш учун етарлича асослар бериши хусусида аудиторлик ташкилотининг тасдиғи ҳам берилади.
Аудиторлик хулосасининг якуний қисмида аудиторлик ташкилотининг текширилган молиявий ҳисобот хўжалик юритувчи субъект молия-хўжалик фаолиятининг ҳақиқий ҳолати тўғрисида ҳаққоний тасаввур бериш бермаслиги ва молиявий ҳисобот қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги хусусидаги фикри баён этилиши керак.