24-боб. Механик транспорт воситаларини шатакка олиш 142. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич билан шатакка олиш шатакка олинган транспорт воситасининг руль бошқарувида ҳайдовчи бўлгандагина амалга оширилиши керак. Тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланганда қаттиқ улагичнинг конструкцияси шатакка олинган транспорт воситасини шатакка олган транспорт воситасининг изидан ҳаракатланишини таъминлайдиган ҳоллар бундан мустасно.
143. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич билан шатакка олинган автобусда, троллейбусда ва юк автомобили юкхонасида одам ташиш қисман ортиш йўли билан шатакка олишда эса шатакка олинган транспорт воситасининг кабинасида ва юкхонасида, шунингдек шатакка олган транспорт воситасининг юкхонасида одамлар бўлиши тақиқланади.
144. Эгилувчан улагич билан шатакка олишда шатакка олган ва шатакка олинган транспорт воситалари ўртасидаги масофа 4 — 6 метр оралиғида бўлиши, қаттиқ улагич билан шатакка олишда эса 4 метрдан кўп бўлмаслиги керак.
Эгилувчан улагич ушбу Қоидаларнинг 177-банди талабларига мувофиқ белгиланиши керак.
145. Шатакка олиш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:
руль бошқаруви ишламаётган транспорт воситаларини (қисман ортиш усули билан шатакка олиш бундан мустасно);
икки ва ундан кўп транспорт воситаларини;
шатакка олинган ва шатакка олган транспорт воситаларининг улагич билан бирга умумий узунлиги 20 метрдан ортиқ бўлса;
ишчи тормоз тизими ишламаётган транспорт воситасининг ҳақиқий вазни шатакка олган транспорт воситасининг ҳақиқий вазнининг ярмидан ортиқ бўлса (ҳақиқий вазни кам бўлган бундай транспорт воситасини фақат қаттиқ улагич билан ёки қисман ортиш усули билан шатакка олишга йўл қўйилади);
икки ғилдиракли мотоцикллар билан, шунингдек, бундай мотоциклларни;
йўл яхмалак, сирпанчиқ бўлган ҳолларда эгилувчан улагичда.
25-боб. Транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш 146. Транспорт воситаларини бошқаришни дастлабки ўргатишга ёпиқ майдончаларда ёки автодромларда ўтказилиши керак.
147. Йўлларда транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш фақат амалий бошқарувни ўргатувчи иштирокида дастлабки бошқарув кўникмаларига эга бўлган ўрганувчига рухсат этилади. Ўрганувчи Қоидалар талабларини билиши ва уларга амал қилиши шарт.
148. Транспорт воситасини бошқаришни ўргатаётган вақтда амалий бошқарув ўргатувчисида транспорт воситасини бошқаришни ўргатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.
149. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши учун ўрганувчи ўқув муддати якунида:
«А» тоифаси учун — 16 ёшга;
«В» ва «С» тоифалари учун — 18 ёшга;
«BE» ва «CE» тоифалари учун — 19 ёшга;
«D» ва «DE» тоифалари ҳамда трамвай ва троллейбуслар учун 21 ёшга тўлган бўлиши керак.
150. Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситалари «Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси» таниқлик белгиси ва ўргатувчи учун улашиш механизми ва ишчи тормознинг қўшимча тепкилари, қўшимча орқани кўрсатувчи кўзгу билан жиҳозланиши керак.
151. Бошқаришни ўргатиш йўналишлари ушбу Қоидаларнинг 183-бандига мувофиқ ДЙҲХХ билан келишилиши шарт. Бошқа йўлларда бошқаришни ўргатиш тақиқланади.