5-§. Бошқарувнинг автоматлаштирилган
тизимлари
71. Корхоналарнинг энергия хўжалигида диспетчерлик, ишлаб чиқариш-технологик ва ташкилий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш учун улар энергия хўжалиги бошқарувининг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда - БАТ) билан жиҳозланади.
72. Энергия хўжалигининг БАТ, корхона БАТ тизим асоси бўлиб, таъминловчи энергетика тизими билан келишилган ҳажмда, унинг диспетчерлик пунктлари билан зарур алоқа ва телемеханика воситаларига эга бўлиши шарт.
73. Электр хўжалиги БАТнинг энергия хўжалиги БАТнинг таркибий қисми бўлиши керак ҳамда ўз таркибида электр таъминоти ва электр қурилмаларини таъмирлашнинг диспетчерлик бошқаруви тизимларига, шунингдек, электр хўжалигида ишлаб чиқарувчи-технологик ва ташкилий-иқтисодий жараёнларни бошқариш тизимларига эга бўлиши мумкин.
74. Электр хўжалигининг БАТ қуйидаги масалалар мажмуини ҳал этиши керак:
диспетчерлик бошқарувини;
ишлаб чиқариш-техник фаолиятни бошқаришни;
истеъмолнинг ҳисобга олинишини ва назоратини;
тармоқларнинг мансублик чегарасида электр энергиясининг сифати назоратини;
техник-иқтисодий прогнозлашни ва режалаштиришни;
электр ускуналарининг таъмирланишини, электр энергияси тақсимланишини ва сотилишини, электр хўжалигининг ривожланишини, моддий-техника таъминотини, кадрларни бошқаришни;
эксплуатация қилувчи ходимларни тайёрлашни.
75. Ҳар бир электр хўжалигида БАТ масалалари мажмуалари, ишлаб чиқариш ва иқтисодий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб, мавжуд намунавий амалий дастурлар пакетлари ечимларидан ва техник воситалар имкониятларидан самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда бош муҳандис ёки электр хўжалигига жавобгар шахс томонидан аниқланади.
76. БАТ техник воситаларининг мажмуи таркибига қуйидагилар кириши керак:
ахборотни йиғиш ва узатиш воситалари (ахборот датчиклари, алоқа каналлари, телемеханика қурилмалари, маълумотни узатиш аппаратураси ва бошқалар);
ахборотни қайта ишлаш ва акс эттириш воситалари (электрон ҳисоблаш машиналари, аналог ва рақамли асбоблар, дисплейлар, босиб чиқарувчи қурилмалар ва бошқалар);
ёрдамчи (электр таъминоти, ҳавони кондициялаш, ёнғинни автоматик равишда ўчириш ва хабар бериш) тизимлари.
77. БАТни ишга тушириш белгиланган тартибда қабул комиссиясининг далолатномаси асосида амалга оширилиши керак. Саноат эксплуатациясига киритиш олдидан ундан 6 ойдан кўп бўлмаган вақтда тажриба асосида фойдаланиш мумкин.
БАТни яратиш ва ишга туширишни навбатма-навбат амалга ошириш мумкин.
БАТни саноат эксплуатациясига қабул қилиш, ишга туширилаётган навбат учун кўзда тутилган барча масалалар саноат эксплуатациясига қабул қилингандан кейин амалга оширилиши шарт.
78. БАТни эксплуатация қилишни ташкил этишда техник воситалар мажмуига хизмат кўрсатиш, дастурий таъминот бўйича таркибий бўлинмаларнинг мажбуриятлари корхона раҳбарининг буйруғи билан белгиланиши шарт.
Бунда кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр узатиш тармоқлари бўйлаб телефон алоқалари ва телемеханиканинг юқори частота каналлари ускуналарини (алоқа конденсаторлари, юқори частотали тўсиқ реакторлари, ерга уловчи пичоқлар, алоқа антеннаси қурилмаси, ўтиш изоляторлари, созлаш элементлари ва уланма фильтрлари зарядсизлагичлари ва бошқалар) эксплуатация қилиш ва таъмирлашни кучланиши 1000 В дан юқори қурилмаларга хизмат кўрсатувчи ходимлар амалга ошириши шарт.
Кучланиш ва ток трансформаторларининг иккиламчи чўлғам занжирига уланадиган телеўлчашлар датчикларини (ўзгартиргичлар) текширишни, уларга техник хизмат кўрсатишни ҳимоя воситалари ва автоматика қурилмаларига хизмат кўрсатувчи ҳамда метрологик таъминот билан шуғулланувчи тегишли бўлинманинг ходимлари амалга ошириши керак.
79. БАТга хизмат кўрсатувчи бўлинмалар қуйидагиларни таъминлаши шарт:
техник воситаларнинг, ахборот ва дастурий таъминотнинг ишончли эксплуатация қилинишини;
иш жадвалига биноан тегишли бўлинмаларга электрон ҳисоблаш машиналарида ишлов берилган ахборотлар беришни;
амалдаги меъёрларга мувофиқ ҳисоблаш техникасидан самарали фойдаланишни;
янги масалаларни жорий этган, фойдаланилаётган дастурларни модернизациялаган, берилган маълумотларни йиғиш ва тайёрлашнинг илғор технологияларини ўзлаштирган ҳолда бошқарув тизимини такомиллаштириш ва ривожлантиришни;
меъёрий - маълумот ахборотларини тоифалашни амалга оширишни;
БАТнинг алоқадор иерархик босқичлари билан ўзаро маълумотлар ҳаракатини ташкил этишни;
БАТ фаолияти учун зарур йўриқнома ва услубий материалларни ишлаб чиқишни;
БАТ ишларини, унинг иқтисодий самарадорлиги таҳлил қилинишини, ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилишини.
80. Ҳар бир БАТ бўйича унга хизмат кўрсатувчи ходимлар корхонанинг бош муҳандиси тасдиқлаган рўйхат асосида техник ва эксплуатация ҳужжатларини юритишлари керак.
81. Подстанциялар ва диспетчерлик пунктларида телебошқарувнинг чиқиш занжирлари ишлашини тўхтатиш учун махсус умумий калитлар ёки ўчирувчи қурилмалар қўлланилиши керак. Телебошқарув занжирини ва алоҳида уланмалар телесигнализациясини ўчириш ажратувчи қисқичларда ёки индивидуал ўчириш қурилмасида амалга оширилиши керак.
Телебошқарув ва телесигнализация занжирларида телебошқарувнинг умумий калитлари ва индивидуал ўчириш қурилмалари билан барча операцияларни фақат диспетчерлар кўрсатмаси бўйича ёки унга хабар бериб, бажаришга рухсат берилади.
82. БАТнинг техник воситаларидаги таъмирлаш ва профилактика ишлари тасдиқланган иш жадвалларига мувофиқ равишда бажарилиши шарт. Уларни таъмирга чиқариш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тартиби тасдиқланган низом бўйича аниқланиши шарт.
Диспетчерлик алоқа воситаларини ва телемеханика тизимини ишлашдан тўхтатиш тезкор буюртма билан расмийлаштирилиши шарт.
83. Корхона раҳбари БАТ фаолиятини таҳлил қилишни, уни эксплуатация қилиш назоратини, БАТни ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда ўз вақтида қайта жиҳозлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминлаши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |