Мавзуга доир таянч иборалар: Геологик модда айланиш, биологик модда айланиш, инсон аолияти, носфера.
Биосферада ҳаётнинг давом этиши учун унда моддаларнинг бетухтов айланиб туриши зарур. Айниқса кислород, углерод, азот ва сувнинг тупроқ организм организм тупроқ; организм ҳаво организм; ер ҳаво организм; ер ҳаво ер; ер сув ер; сув ҳаво сув принципида айланиб туриши алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу айланишлар Қуёш энергияси ёрдамида амалга ошади.
Биосферада моддалар айланиши икки хил бўлади – геологик (катта) айланиш ва биологик (кичик) айланиш.
1. Геологик модда айланиши – табиатда сув ва ҳавонинг айланишида намоён бўлади. Ҳар йили Қуёшдан Ерга катта миқдорда энергия етиб келади. Бу миқдор ўрта кенгликларнинг ҳар гектарига йилида 9 млрд. калорияга тенг бўлиб, бу энергиянинг тенг ярми Ердан сув буғланишига сарф бўлади. Сув табиатда Ер билан ҳаво ўртасидаги катта доирада айланиб туради. Сув буғлари қуруқлик ва сувлик юзасидан ҳавога кўтарилиб, ёғинлар сифатида яна қайтиб тушади. Бу миқдор йилига қарийб 520 минг км3 га тенгдир. Соддароқ қилиб айтганда, шунча сув билан Ер шари сиртини 10 м. қалинликда қоплаш мумкин. Сувнинг геологик доира бўйлаб айланишида у билан бирга унда эриган минерал моддалар ҳам айланиб, шамол ёрдамида бир минтақадан бошқа минтақаларга кўчиб юради.
2. Биологик модда айланиш – моддаларнинг тирик организмлар ҳамда улар билан абиотик муҳит ўртасида айланишидир. Биологик айланиш геологик айланишдан кескин фарқ қилади. Геологик айланишда моддалар бир жойдан бошқа жойга шунчаки кўчиб юрсалар, (масалан, ердан ҳавога ва яна ерга) биологик айланишда улар кўчиш билан бирга синтезланиб-парчаланиб турадилар. Бир-бирига қарама-қарши бўлган бу иккала жараён тириклик асосини ташкил қилади. Яна шуни айтиш жоизки, геологик айланиш жуда катта миқдордаги энергияни талаб қилса, биологик айланишда энергия сарфи жуда кам. Бунинг учун Қуёшдан етиб келадиган энергиянинг 0,1-0,3 % кифоя. Бу – фотосинтез учун сарфланадиган энергия бўлиб, биологик модда айланиш ана шу жараёндан бошланади. Биологик модда айланишда қуёш энергияси нафақат сарф бўлади, балки шу билан бирга у ҳосил бўладиган органик моддалар таркибида боғланиб ҳам қолади. Тошкўмир ёки ёғочни ёндирганда ажралиб чиқадиган иссиқлик ва ёруғлик ана ўша боғланиб қолган энергиянинг эркин ҳолда чиқиб кетишидир.
Биосферада микроорганизмлар фаолияти натижасида оксидланиш ва қайтарилиш жараёнлари узлуксиз давом этади. Қайтарувчи микроорганизмлар гетеротроф бактериялар бўлиб, улар оксидлар таркибидаги азот ва олтингугуртни ажратиб чиқарадилар. Оксидловчи микроорганизмлар автотроф ва гетеротроф бактериялар бўлиб, автотроф организмлар ўз тўқималарида олтингугурт, азот, темир, марганец ва бошқа моддаларни тўплайдилар. Уларнинг ўликлари тўпланиб қолиб, аэроб шароитда темир ва темир-марганец рудаларини, анаэроб шароитида эса металл сульфидларини ҳосил қилади. Гетеротроф микроорганизмлар ва замбуруғлар эса ўлган организмлар таркибидаги органик моддаларни оддий минералларга парчалайди. Бу минераллар ўз навбатида яна автотроф организмлар томонидан органик моддаларга синтезланади, яъни биологик модда айланиш занжирига қайтарилади.
Эркин кислород атмосферада асосан фотосинтез жараёнида ҳосил бўлади. Бундан ташқари озроқ миқдордаги эркин кислород атмосферадаги сув буғи молекулаларининг Қуёш нури таъсирида атомларгача парчаланишидан ҳам ҳосил бўлади. Айнан ана шу кислород дастлабки яшил ўсимликларнинг пайдо бўлишида муҳим роль уйнаган. Табиатдаги эркин кислороднинг қарийб барчаси оксидланиш жараёнига сарф бўлади ва факат жуда оз миқдори озон пардасини ҳосил қилишда иштирок этади.
Нафас олиш ва ёниш жараёнида ҳосил бўладиган углерод оксидлари яшил ўсимликлар томонидан парчаланиб, атмосферага эркин кислород чиқарилади. Бу жараён узлуксиз циклда давом этади. Автотроф организмларда кислород ва карбонат ангидридининг бундай айланиб туриши тирик организмларни ҳам кислород ва ҳам озуқа билан муттасил таъминлаб туради.
Карбонат ангидриди атмосферага организмларнинг нафас олишида ажралиб чиқади. Бир қисм карбонат ангидриди вулқонлар отилишида ер қаъридан чиқади. У шунингдек ер пўстлоғининг ёриқларидан ҳам доимо чиқиб туради. Атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидридининг барчаси органик моддалар синтезига, тоғ жинсларининг нурашига ва карбонатлар ҳосил бўлишига сарфланади.
Моддаларнинг юқорида айтилган тартибда геологик ва биологик ҳалқа бўйлаб айланиб туриши биосферада табиий мувозанатни сақлайди ва ҳаётнинг узлуксизлигини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |