Мавзуни мустаҳкамлашга доир саволлар
1. Муҳит ва яшаш шароити тушунчаларини изоҳлаб беринг.
2. Экологик омиллар ўз хусусиятига кўра қандай гуруҳларга бўлинади?
3. Экологик омиллар организмларга кўрсатадиган таъсирига кўра қандай
гуруҳларга бўлинади?
4. Оптимум, пессимум қонуни ва критик нуқта тушунчаларини изоҳлаб
беринг.
5. Экологик валентлик тушунчаси нимадан иборат?
6. Экологик ниша деганда нимани тушунасиз?
Асосий адабиётлар
Гарин В.М., Клёнова И.А., Колесников В.И. – Экология для технических
вузов. Ростов-на-Дону, «Феникс», 2003
Николайкин Н. И. и др. – Экология. М. «Дрофа», 2005
Розанов С. И. – Общая экология. Санкт-Петербург-Москва-Краснодар,
«Лань», 2005
Чернова Н. М., Былова А. М. – Экология. М. Просвещение», 1988
3 – Мавзу. Биосфера ва унинг вазифалари
Мавзунинг режаси
1. Биосфера ва унинг таркибий қисмлари
2. Биосферада инсоннинг фаолияти. Ноосфера.
3. Биосферани сақлаб қолишнинг долзарб масалалари
4. Биосфера ва унинг таркибий қисмлари
Мавзуга доир таянч иборалар
Биосфера, Э.Зюсс-1875 й., кос, биоген, биокос, литосфера, атмосфера, гидросфера, иерархик тартиб, юқори чегара, пастки чегара, геологик, биологик, биогенез, ноогенез, антропик, техносфера, биоиндикация, экологик мониторинг.
Биосфера (гр. bios – ҳаёт, spaira – шар) – Ер шарининг тирик организмлар таъсирида бўлган қисми бўлиб, унинг таркиби ва энергетикаси шу организмлар фаолиятига боғлиқ. Биосфера Ер юзининг тирик организмлар яшайдиган юза қатлами эканлиги тўғрисидаги тасаввурлар Ж.Б. Ламаркдан бошланган эди. Аммо у алоҳида атама сифатида фанга биринчи марта 1875 й. австрия геологи Эдуард Зюсс томонидан киритилди. Зюсснинг фикрича биосфера – бу ернинг тирик организмлар яшайдиган юпқа пўстлоғидир.
Ернинг тириклик муҳити эканлиги тўғрисидаги ўзидан олдинги фикрларни ривожлантирган рус олими В.И. Вернадский 1926 й. биосфера тўғрисидаги таълимотни яратди. Бу таълимотга кўра биосфера уч асосий таркибий қисмдан иборат:
1) тирик организмлар;
2) тирик организмлар таркибидаги биоген модда айланишида қатнашадиган минерал моддалар;
3) тирик организмлар фаолияти натижасида ҳосил бўлган ва лекин биоген модда айланишида вақтинча қатнашмайдиган моддалар.
Тирик организмлар табиатда сон жиҳатдан кўп ва хилма-хил бўлиб, улар турли яшаш муҳитларини эгаллаб олганлар. Бу тирик организмлар табиатнинг бошқа таркибий қисмларига (масалан, жонсиз предметларга) қараганда ўзларида кечадиган биокимёвий жараёнларнинг фаоллиги билан ажралиб турадилар ва шунинг учун ҳам улар Ер юзида ўзгаришлар ясашга қодирлар.
Сайёрамиздаги барча организмлар, В.И. Вернадский фикрича тирик моддалар бўлиб, уларнинг асосида вазн, кимёвий таркиб ва энергия ётади. Бу моддаларни Вернадский уч гуруҳга бўлади:
• кос (ўлик) моддалар – буларнинг яратилишида тирик организмлар иштирок этмайди. Буларга абиотик муҳитнинг омиллари, масалан, қуёш радиацияси, ҳавонинг намлиги, босими, химизми ва бошқалар киради;
• биоген моддалар – булар тирик организмлар томонидан яратилади ва ўзлаштирилади. Бунга тошкўмир, битум, нефть ва оҳактош киради;
• биокос моддалар – булар тирик организмлар ва абиотик муҳит омилларининг биргаликда таъсири натижасида пайдо бўлади. Бунга тупроқ ва табиий сувлар кириб, уларнинг ҳолати тирик организмларга боғлиқ бўлади.
Ҳозирги вақтда биосферага ягона экотизим сифатида қаралади. У жойлашган ўрнига кўра уч таркибий қисмдан ташкил топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |