“ИСЛОМ КАРИМОВ” ХОТИРАСИНИ ЁД ЭТИШ
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йилнинг 30 январида Самарқанд шаҳрида оддий хизматчи
оиласида таваллуд топди. Унинг оиласида ҳар кунги оғир меҳнат яшаш учун пул топишнинг ягона усули
эди.
Унинг болалиги уруш ва урушдан кейинги йилларга тўғри келди. У ва унинг барча яқинлари бир бурда
ноннинг ҳақиқий баҳосини билганига қармасдан, қийинчилик ва йўқчиликни бошидан кечирди, улар
минглаб ватандошларимиз каби Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга эвакуация қилинган
кишилар билан ўз уйи ва туз-нонини баҳам кўрганди.
Ислом Каримов 1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин
медаль билан тамомлади. Ўқувчилик йиллари мобайнида кўп адабиётларни, айниқса, тарих бўйича
адабиётларни ўқиди. У аниқ фанларни ёқтирарди, шахматга, моделлаштириш ва стол теннисига қизиқарди.
1955 йилда Ислом Абдуғаниевич Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга кирди. 1960 йилда уни
тамомлаб ва “муҳандис-механик” мутахассислиги бўйича диплом олиб, “Тошсельмаш” заводида ўз меҳнат
фаолиятини бошлади ва қисқа давр ичида уста ёрдамчиси, уста ва технолог каби лавозимларда ишлашга
улгурди. Бу завод қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳар хил турларини, шу жумладан пахта териш
машиналарини ишлаб чиқарарди. Улар Ўзбекистон ва бошқа республикалар деҳқонларининг меҳнатини
енгиллаштирарди, шунингдек, бошқа мамлакатларга экспорт қилинарди. Ислом Абдуғаниевич учун
буларнинг барчасини вужудида ҳис қилиш, ишлаб чиқаришда тажриба орттириш, завод ҳаётининг
“мураккаб” ва “ижобий” томонларини кўриш муҳим эди.
Ўзининг интилувчанлиги, билимдонлиги ва ташкилий фазилатлари туфайли 1961 йилда у собиқ Совет
Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида
муҳандис лавозимига тайинланди. Бу ерда у 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор
лавозимигача кўтарилди.
Тақдир унга кулиб боқмаганди. У қатор қийинчиликлар ва тўсиқларни бартараф этиши лозим эди. Бу эса
унинг характерини тоблар, уни янада мустаҳкам қиларди. У ҳаёт йўлини, авваламбор, ўз кучи ва
билимларига таяниб босиб ўтди. Мактаб йилларида, институтда, ишлаб чиқаришдаги меҳнат фаолиятида
ва иқтисодий таълим олаётганида ва диссертациясини ҳимоя қилганида ҳам у ўз кучи ва билимига таянди.
У ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олди.
Айнан шу тарзда 1967 йилда у Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимини тамомлади.
1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида “Ўзбекистон ССР саноатининг тармоқ тузилиши ва уни
такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1975 йилда Москвада нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва
ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилиш
замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олди.
1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, “макроиқтисодиёт” ихтисослиги бўйича
профессор илмий унвони берилди. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг “иқтисодиёт” ихтисослиги
бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
1966 йилдан эътиборан Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Давлат режа қўмитасига ўтиб, фан бўлими бош
мутахассиси лавозомидан Давлат режа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача йўлни
босиб ўтди, жиддий ва ўзига хос фикрлайдиган истеъдодли иқтисодчи обрўсига эришди.
1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Ўзбекистон Давлат
режа қўмитаси раиси бўлди.
Иқтисодчи, назариячи ва амалиётчи Ислом Каримов хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик
тизими бутунлай нотўғрилигини кўриб англаган. Республиканинг молиявий-иқтисодий ривожланиши
режаларини шакллантирган Давлат режа қўмитасида ва Молия вазирлигида хизмат пиллапояларидан
ўтаётиб, таҳлилий тафаккурга эга бўлган ҳолда ҳеч кимга маълум бўлмаган юзага келган муаммоларни ич-
ичидан ҳис қиларди.
1986 йилда ЎзССР Давлат режа қўмитаси раиси бўлган Ислом Абдуғаниевич вазиятни чуқур ўрганганидан
кейин республика иқтисодий талофат олдида турганини англади. У вазиятни тушунган ва уни яхши
томонга ўзгартишни хоҳлаган ҳолда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига “Ўзбекистон
иқтисодиёти ривожланиши муаммолари ва истиқболлари ҳақида”ги маълумотнома тайёрлади.
У жиддий ва аниқ чоралар кўрилишига умид қилганди. Лекин вужудга келган вазият раҳбариятнинг шу
даражада ғазабига сабаб бўлдики, унинг Тошкентда бундан буён қолишга имкони йўқ эди. “Номақбул”
И.А.Каримовдан қутулиш истаги шунчалик кучли эдики, шу туфайли партия томонидан вилоят партия
қўмитаси биринчи котиби лавозимига тайинлашнинг белгиланган тартиби бузилди. Шундай қилиб, у
Сиёсий бюро йиғилишида Қашқадарё вилояти партия қўмитаси биринчи котиби лавозимига сиртдан
тайинланди. Амалда бу унинг марказдан узоқроққа “сургун қилиниши” эди.
Ислом Абдуғаниевич жуда мураккаб вилоятга юборилган эди. Бутун Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий
вазият осон эмасди, Қашқадарё вилоятида эса вазият анча мураккаблашган эди, чунки аввалги вилоят
раҳбарияти халқнинг кўз онгида ўзи обрўсини туширган, у ерда партия раҳбарларига нисбатан ишонч
умуман йўқ эди.
Эҳтимол, Ислом Абдуғаниевичнинг Қашқадарёга тайинланиши уни синдириш учун керак бўлгандир,
бироқ бу аксинча унинг тақдирида бурилиш ясади.
У Қашқадарёда қарийб уч йил ишлади. Унинг бош мақсади халқнинг ишончини қозониш, ҳокимиятга
нисбатан муносабатини ўзгартириш, вилоятда ишларнинг аҳволини яхшилашдан иборат эди. Ва у буни
уддалади. Қарийб 300 км йўллар, бозорлар, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Ҳозиргача вилоятда
одамлар Ислом Абдуғаниевич Каримов ишлаган кунларини мамнуният билан эслайдилар.
Ислом Каримов қандай лавозимда ишламасин, у, авваламбор, ўз Ватанининг фуқароси бўлиб қолди,
халқининг бахтли ва фаровон турмуш кечиришини хоҳлади. Халқ ҳам ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни
ҳис қилиб, унга катта ишонч билан қарабгина қолмай, балки ўз йўлбошчисининг ҳақиқий фикрдоши бўлди.
Ўша йилларнинг ўзида унинг Ватан олдидаги хизматлари “Меҳнат Қизил Байроқ” (1981) ва “Халқлар
дўстлиги” (1988) орденлари билан тақдирланганди.
1989 йил 23 июнь куни И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб
сайланди ва ўша вақтда фожеали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига
олди.
Ислом Абдуғаниевич юксак лавозимга келган вазиятни тўлақонли ҳис қилиш учун унинг ўз сўзларига
мурожаат қилайлик: “Совет коммунистик тизими хали-ҳамон ҳукмрон бўлган 1989 йилни эслайлик.
Майнинг охири — июнь ойининг бошида “Фарғона воқеалари” деб ном олган мудҳиш воқеалар юз берди.
Улар бутун собиқ Иттифоқни ҳайратга солди ва нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун Ўрта Осиёдаги
вазиятни портлатиб юбориши мумкин эди”.
Айнан ўша кунлари республикадаги вазият кескин ва нафақат Фарғона водийсида, балки Тошкент,
Сирдарё вилоятлари ва бошқа вилоятларнинг айрим ҳудудларида ер гўёки ёниб турган бир пайтда
Ўзбекистон шахсий жасорати ва юз бераётган воқеаларнинг мазмун-моҳиятига давлат қараши, ўз халқи ва
ўз мамлакати учун алоҳида масъулияти бўлган раҳбарга эга бўлди.
Ислом Каримов буларнинг негизида касодга учраган маъмурий буйруқбозлик тизими, республиканинг
миллий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини инкор этиш сиёсати, ҳукмронлик ва халқни камситиш
сиёсати ётишини яхши англаган. Марказ ташаббуси билан таҳқирловчи “пахта иши”, “ўзбек иши”
асоратлари халигача кишиларнинг ёдида турибди.
Халокатли вазият хом ашё йўналишига мослашган иқтисодиётда ҳам вужудга келган эди. Республикада,
айниқса, аҳолиси зич яшаган Фарғона водийсида ўз ижтимоий-иқтисодий аҳволидан норози бўлган
кишиларнинг сабр косаси тўлган эди.
Эндиликда аниқлик билан айтиш мумкин: айнан Ислом Каримов миллатлараро зиддиятни тўхтатди,
фуқаролар уруши оловини ўчирди, юз минглаб, балки миллионлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолди,
республикамизда ҳам, кўп миллатли аҳоли яшайдиган Марказий Осиё минтақасида ҳам тинчлик ва
хотиржамликни таъминлади.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан кейинги кунидаёқ, яъни 1989 йил 24 июнда
ҳукумат йиғилишида у қатъиян: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи
йўл қўймайди”, деган фикрни илгари сурди, шунингдек, қадамба-қадам республикамизни ривожлантириш
бўйича чуқур ўйланган ўз дастурини татбиқ этишга киришди.
Қисқа муддатларда тубдан кўрилган бошқа чоралар билан бирга 1989 йил августидаёқ тарихий қарор қабул
қилинди – 400 минг гектарга яқин суғориладиган ерлар қарийб 2,5 миллион оилага томорқа сифатида
ажратиб берилди. Бу, шубҳасиз, долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда мамлакатимизда тинчлик
ва барқарорликни сақлашга хизмат қилди. Агар битта тарихий фактни ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу
биринчи навбатдаги ўзгаришнинг бутун миқёсини англаш қийин эмас: совет ҳокимиятининг 72 йили
мобайнида Ўзбекистон қишлоқ аҳолисига атиги 300 минг гектар ер ажратилган эди, холос.
1989 йил октябрида жуда узоқ вақт мобайнида иккинчи даражали ўринларда бўлган ўзбек тилига давлат
тили мақомини берган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилингани Ислом Каримовнинг дадил
сиёсий қадами бўлди. Бу ўзбек халқининг миллий онги юксалиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб,
мустақилликни қўлга киритиш йўлида биринчи ғалаба эди.
Таъкидлаш жоизки, ўша вақтда Ўзбекистон СССР таркибида бўлган, унда жуда катта мамлакатни
бошқарадиган қаттиқ маъмурий-буйруқбозлик тизими амал қилган. Гарчи мазкур қарор Москва маркази
сиёсатига зид бўлса ҳам, у қабул қилиниб татбиқ этилди.
Ўзбекистон зиммасига юкланган қарорларга кўра барча экинлар учун мўлжалланган майдонларнинг
деярли 80-90 фоизи битта экин – пахта билан банд қилинган эди. Бу катта ижтимоий ва иқтисодий
муаммоларга сабаб бўлди. Ва Ислом Каримовгача кишилар дардига қулоқ солиб уларнинг долзарб
муаммоларни ечиш учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган биронта раҳбар бўлмади.
Ислом Каримов шахсий жасурлик бобида ҳам ибрат бўла оларди. Тошкент вилояти Бўка ва Паркент
туманларида авж олган митингларда шахсий хавфсизлиги ҳақида бош қотирмай, у одамларни сўзи билан
ишонтира олганлигини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Ёки 1991 йилнинг охирида Наманган вилояти
маъмуриятининг экстремистлар томонидан тўлалигича назорат қилинган биносига ҳимоя қилувчи
ходимларсиз бир ўзи кириб, ҳар қандай экстремизмни, шу жумладан диний экстремизмни истисно қилувчи
демократик ва дунёвий давлат қуриш бўйича ўз нуқтаи назарини қатъий ва аниқ қилиб кўрсатиб берди.
Келтирилган фактлар ўша осон бўлмаган вақтнинг ҳақиқий ҳолатини ишончли тарзда акс эттиради ва ҳеч
қандай изоҳ талаб қилмайди.
1990 йил март ойида М.С.Горбачев ва унинг атрофидагиларни ҳайрон қолдириб, Ўзбекистон иттифоқдош
республикалардан биринчи бўлиб Республика Президенти лавозимини жорий қилди. 1990 йил 24 март
куни Олий Советнинг сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб
сайланди.
1990 йил 21 июнда Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида И.А.Каримовнинг ташаббуси
билан “Мустақиллик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди. Бу мустақиллик кураш борасидаги жасур
ва ҳал қилувчи қадамлардан бўлиб, улар кўп миллионли халқимиз Москва марказидан айтилган
коммунистик мафкуранинг босими остида бошқа яшашни истамаслигининг тасдиғи бўлди.
Таъкидлаш жоизки, яратилган ҳуқуқий асосларга қарамай, ҳақиқий мустақилликка ҳали анча йўл босиш
зарур эди. Бундан ташқари, Москва раҳбарияти лоқайдлик кайфиятида бўлишига қарамасдан ўз
тасарруфида дунёдаги энг кучли қатағон қилувчи аппаратлардан бирига эга эди ва исталган вақтда
“суверенитетлар паради”ни бекор қилиши мумкин эди.
Айнан шундай вақтда ҳақиқий етакчи ўз халқининг қўллаб-қувватлашини ва ишончини ҳис қилиб,
мамлакат тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва қатъиятлилик, мардлик ҳамда жасорат
намунасини кўрсатди.
1991 йил 31 августда 12 чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг навбатдан ташқари олтинчи
сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. Ўша
куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунга имзо
чекди.
1990 йилнинг августидаёқ Ислом Каримов компартияни қайта ташкил қилишга киришди, халқимизнинг
“Янги уйни қурмай туриб, эскисини бузманг” деган доно фикрини қўллаб-қуватлаб, унинг мафкураси ва
сиёсатини амалда тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилди. Одамлар ва маъмурият улкан захиралари бўлган
ҳукмрон партия мутлақо янги мафкура ва сиёсатига эга халқ демокртатик партиясига ўзгартирилди.
Коммунистик партиянинг обрўси тушиб кетган лаҳзада ўзларини мухолиф деб эълон қилган “Бирлик” ва
“Эрк” партияси каби муқобил партиялар ва ҳаракатлар пайдо бўлди.
Мамлакатдаги ички сиёсий вазият мураккаблигига қарамай, Ислом Каримов фикрлар хилма-хиллигини ва
демократик қадриятларга садоқатни намоён қилган ҳолда дадил қадам қўйишга – кўп партиявийлик ва
муқобиллик асосида сайлов ўтказишга қарор қилди.
Сайлов 1991 йил 29 декабрда умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш
йўли билан ўтказилди. Мутлақ кўпчилик овоз билан ушбу юксак лавозимга Ислом Абдуғаниевич Каримов
сайланди. Унга сайловчиларнинг 86 фоизи овоз берди.
Президент сайлови билан бир вақтда Ўзбекистон мустақиллиги масаласи бўйича референдум ўтказилди.
Овоз беришга келган деярли барча фуқаролар мустақил суверен Ўзбекистон учун фикр билдирдилар.
Сайловдаги ғалабаси билан Ислом Каримов ўзининг бутун халқ томонидан қўллаб-қувватланган сиёсати
қонунийлигини тасдиқлади. Президент лавозимидаги ваколатлари ҳаққонийлигининг бундай тасдиғи,
шубҳасиз, Ислом Каримовга мустақилликни мустаҳкамлаш ҳамда орзиқиб кутилган сиёсий ва иқтисодий
ислоҳотларни амалга ошириш бўйича олиб бораётган ишлар тўғрилигига ишончни янада мустаҳкамлади.
Тарихан қисқа даврда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосий тамойиллари аниқ
таърифланган Асосий қонун – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилиб қабул қилинди.
Ислом Абдуғаниевич унинг устида ишлашда бевосита қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Асосий
қонуни устида ишлашда конституциявий тажрибасидан фойдаланиш учун АҚШ, ГФР, Япония, Канада,
Франция, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испания, Ҳиндистон, Покистон, Миср каби
мамлакатларнинг конституцияларини батафсил ўрганиб чиқди.
Ислом Абдуғаниевич Асосий қонунни ишлаб чиқиш бўйича комиссияни бошқараётиб, Ўзбекистон
негизида миллати, динга муносабати, ижтимоий мавқеи ва сиёсий эътиқодидан қатъи назар,
инсонпарварлик ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тамойиллари ётган келажаги
буюк давлатни кўрганди.
Уч ой мобайнида Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтиб, унинг доирасида 6 мингдан зиёд
таклиф киритилди ва комиссия томонидан кўриб чиқилди.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Олий Кенгаши ушбу тарихий ҳужжатни қабул қилди.
Янги Конституция фуқароларни ва давлатни ҳуқуқ ва мажбуриятлар орқали ўзаро боғлаб туради. Шу
маънода ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча принципиал қоидаларини, яъни
ҳаёт, шахс ва инсон эркинлининг дахлсизлиги қоидасини ўзида мужассам этган.
Янги жамият қуришнинг асосий негизи сифатида мулкка нисбатан муносабат принципиал аҳамиятга эга.
Конституцияда хусусий мулк нафақат унинг бошқа шакллари билан тенг ҳуқуқлилиги, балки давлат ва
унинг институтлари ҳимояси остида эканлиги эълон қилинган. Таъкидлаш жоизки, илгари собиқ СССР
ҳуқуқий тизимида “хусусий мулк” тушунчасини “шахсий мулк” тушунчаси билан алмаштирган ҳолда уни
четлаб ўтишга уринишлар бўларди.
Кўп йиллик бир партияли монополиядан кейин давлат ҳокимияти қонунчилик, ижроия, суд ҳокимиятига
бўлиниши тамойили асосида ташкил қилиниши ва тузилишининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, янги Конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида БМТ фундаментал
ҳужжатларининг қоидаларига ва халқаро ҳуқуқ принципларига қатъий амал қилинди.
Ҳатто Европа мамлакатлари ва АҚШнинг энг талабчан экспертлари, шунингдек, БМТ ва Европада
хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг кўп сонли экспертлари Олий Кенгаш томонидан қабул қилинган
Қонунни диққат билан таҳлил қилиб, у умумқабул қилинган демократик нормаларга
мувофиқлигини эътироф этдилар. Шу боисдан ҳам Ислом Абдуғаниевич “Конституция — бизнинг буюк
ютуғимиз” деб таъкидлашига тўла ҳақли эди.
И.А.Каримов муқобиллик асосида тўғридан-тўғри, умумий, яширин овоз бериш йўли билан бир неча
маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди ва ҳар сафар сайловчиларнинг мутлақ
кўпчилик овозини олди. Бу 2000 йил 9 январь, 2007 йил 23 декабрь, 2015 йил 29 март кунлари кузатилди.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ўз ҳаракат дастурлари ва электоратига эга бўлган ҳамда барча даражадаги
сайловларда, жумладан мамлакат Президенти, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари
сайловида иштирок этадиган тўртта сиёсий партия фаолият кўрсатмоқда. Бу Ўзбекистон Халқ демократик
партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар
ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик
партиясидир. Бундан ташқари, мамлакатимизда Ўзбекистон экологик ҳаракати фаол иш олиб бормоқда.
Давлат ва иқтисодиётнинг тоталитар, марказлаштирилган бошқарув тизимини йўқ қилиш, мустақил
Ўзбекистоннинг янги сиёсий ва давлат тузилишининг асосларини шакллантириш, ҳокимиятнинг
марказдаги ва жойлардаги конституциявий, вакиллик органлари яхлит тизимини яратиш бўйича ишлар
марказда ва жойларда мақсадли, босқичма-босқич амалга оширилди.
Давлат бошлиғи томонидан қабул қилинаётган қонунларни татбиқ этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва
эркинликларини ҳимоя қилишга, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қодир, ўз
фаолиятида Олий Мажлис ва Президент олдида масъул ижроия ҳокимиятининг самарали тизими яратилди.
Вилоят, туман ва шаҳарларда ҳудудлар ривожи учун жавоб берадиган ҳокимлар институти амал қилади.
Мутлақо янги асосда ва қисқа муддатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва миллий хавфсизлик
органлари тизими шаклланди, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони – Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлик қилган Қуролли кучларимиз тузилди.
Ички ишлар вазирлиги ва давлат хавфсизлиги органлари таркибий бўлинмаларининг ҳудудий бўйсунуви
бир республика доирасида шаклланган эди, Қуролли Кучларда эса бу масала осон эмасди.
Ўзбекистоннинг ўз Қуролли Кучлари бўлмаган. Унинг ҳудудида бир неча республикаларни қамраб олган
кенг Туркистон ҳарбий округининг ҳарбий қисмлари жойлашганди.
Ушбу барча масалалар Ўзбекистон атрофида, айниқса, Тожикистон ва Афғонистонда юз бераётган хатарли
жараёнларни ҳисобга олган ҳолда тезкор қарор қабул қилишни талаб этди.
Умуман олганда, таркибидаги ҳарбий қисмларнинг жанговор қобилиятига жиддий зарар етказмаган ҳолда
ўз Қуролли Кучларини яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот ва
миллий хавфсизлик органлари ислоҳ қилинди. Шундай қилиб, ҳозирги кунда ҳам мамлакатимиз
суверенитети, конституциявий тузилиши, ҳудудий яхлитлиги ва жамоат тартибининг ишончли ҳимоясини
таъминлайдиган тизим яратилди.
И.А.Каримов суд ҳокимияти тизимини шакллантиришга ва мустаҳкамлашга, унинг демократлашуви ва
либераллашувига, суднинг мустақиллиги, холислиги ва одиллигини таъминлашга катта эътибор қаратди.
Судларнинг ихтисослашуви амалга оширилди, кассация институти ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб
чиқиш апелляция тартиби жорий қилинди, суд муҳокамасининг барча босқичларида томонларнинг
тенглиги таъминланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича самарали фаолият кўрсатадиган миллий институтлар тизимини яратиш
Ўзбекистон демократик ривожланишининг муҳим хусусиятларидан бири бўлди. Олий Мажлиснинг Инсон
ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон
Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти яратилди.
Улар бир-бирини такрорламасдан, мустақил ва ўз йўлига эга бўлиб, жамиятимизда қонун устуворлиги
тамойилига риоя қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинишига
шароитлар яратади, уларнинг татбиқ этилиши мониторингини юритади.
Биргаликда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институционал тузилмасини ташкил қилувчи
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат
бирлашмалари ва жамғармалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), мустақил оммавий ахборот
воситалари фаолиятининг эркинлиги кафолатланди. Уларнинг нафақат сони, балки ишининг
самарадорлиги ошиб борди.
Ўзбекистон халқи ҳаётида маҳалла сингари ноёб, асрлар давомида вужудга келган ўзини ўзи бошқариш
жамоат институти улкан аҳамиятга эга. Истиқлол йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ яхши
қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, меҳрибонлик, ёрдамга муҳтож кишилар ҳақида ғамхўрлик
қилиш каби анъаналар тикланди ва ривож топди.
Бугунги кунда 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи илгари маҳаллий ҳокимият
органлари ваколатидаги 30 дан зиёд вазифани бажариб келмоқда, хусусан жойларда ижтимоий-иқтисодий
ривожланиш, жамиятда ахлоқий-маънавий қадриятлар қарор топиши, баркамол ёш авлодни тарбиялаш,
аҳолининг иш билан бандлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудларни
ободонлаштириш бўйича кўплаб масалаларни самарали ҳал қилмоқда.
Бирон-бир давлатни байроқ ва герб сингари давлат рамзларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ва шу ўринда
таъкидлаб ўтиш жоизки, мустақил Ўзбекистоннинг ушбу муҳим рамзларининг муаллифи Ислом
Абдуғаниевич Каримов ҳисобланади. Шунингдек, у “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Буюк хизматлари
учун” орденлари каби мукофотларни яратиш бўйича муаллиф ҳамдир.
Мустақиллик қўлга киритилиши билан Президент И.А.Каримовнинг фаол ташқи сиёсий фаолияти
бошланади.
Ўша давр учун энг муҳим вазифани ҳал қилиш — Ўзбекистон суверен, мустақил давлат сифатида эътироф
этилишига эришиш, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланиш зарур эди. Бутун дунё нигоҳи
қаратилган республикамизда аниқ ишлар, туб ўзгаришлар зарур эди.
1992 йил 2 март куни Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўлқонли субъекти сифатида Бирлашган Миллатлар
Ташкилотига қабул қилинди. Бу республикамизнинг ривожланишида сифат жиҳатидан янги босқични
бошлаб берди, шунингдек, фаол халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик учун
имконият яратилди.
133 та мамлакат Ўзбекистон билан халқаро алоқалар субъекти сифатида дипломатик муносабатлар
ўрнатди. Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларга ҳам аъзо бўлиб, Бирлашган Миллатлар
Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва
ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги каби нуфузли халқаро ташкилотлар ишида фаол
иштирок этиб, минтақавий ва глобал ривожланишнинг кўп масалаларини ҳал қилишга салмоқли ҳисса
қўшиб келди.
Шу маънода фундаментал муаммони ҳал қилиш – ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият
аппаратларини аслида нолдан бошлаб яратиш лозим эди. Малакали кадрлар етишмаслиги энг мураккаб
масала эди. Уларни халқимизнинг истеъдодли ёшларига таянган ҳолда ўзимизда, Ўзбекистонда
тайёрлашга қарор қилинди.
Бундан ташқари, И.А.Каримовнинг 1992 йилнинг июлида Хельсинкида ўтказилган Европада хавфсизлик
ва ҳамкорлик бўйича Кенгашда иштирок этгани Ўзбекистоннинг халқаро обрўси эътироф этилгани
ҳисобланади. У ЕХҲТнинг йиғилишида раислик қилиб, “Ўзгаришлар вақтига таҳдид” деб номланган
якуний ҳужжатини муҳокама қилди. И.А.Каримов БМТ Бош Ассамблеяларида ва бошқа халқаро
ташкилотларда бир неча маротаба сўзга чиқиб, ўзининг гоҳида кутилмаган, балки долзарб халқаро
муаммоларнинг ечими бўйича ҳамиша тўғри, ўз юрагидан чиққан ёндашувни таклиф этган.
У ХХI аср вабоси ҳисобланган терроризм ва у билан яқин боғланган наробизнесни фақат биргаликдаги
ҳаракатлар орқали йўқ қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масалани биринчилар қаторида кўтариб чиқди,
ушбу хавф-хатарларни бартараф қилиш ва Марказий Осиёда “хавфсизлик белбоғини” шакллантириш
бўйича аниқ чора-тадбирлар таклиф қилди. Ушбу ташаббуслар Гиёҳвандлик воситалари, психотроп
моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш
бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази тузилганида, шунингдек,
Ўзбекистонда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг қароргоҳи очилишида рўёбга чиқди.
Ислом Абдуғаниевич Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани яратиш бўйича ташаббусни илгари
сурган ва бу борада изчил ҳаракатлар қилган. Ушбу зонанинг якуний шаклланиши АҚШ, Буюк Британия,
Франция, Хитой ва Россия — ядро давлатлари “бешлиги” томонидан имзоланган Марказий Осиёда ядро
қуролидан холи зона тўғрисидаги шартномага Хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баённомада
мустаҳкамлаб қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ШҲТга асос солган давлатлардан бири ҳисобланади ва икки маротаба
ушбу ташкилотда раислик қилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотида раислик қилган даврда 2016 йил
июнда Тошкентда ШҲТнинг аъзо давлатлари раҳбарлари Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. ШҲТ
фаолиятини такомиллаштириш, уни турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилиш доирасида янада
кенгайтириш тўғрисида муҳим ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилинди.
И.А.Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси ишлаб
чиқилиб, унинг асосини тинчликсеварлик ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, вужудга
келадиган зиддиятлар ва низоларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилиш ташкил қилади. 2012 йилда
ушбу ҳужжат парламентимиз томонидан тасдиқланди.
Ислом Каримов Ўзбекистон бирон-бир ҳарбий-сиёсий блокга қўшилмай, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий
базаларнинг жойлашувига, ўз ҳарбий хизматчиларининг мамлакат ташқарисида бўлишига йўл қўймай, ҳар
қандай зиддиятларни фақат сиёсий ва тинч йўл билан ҳал қилиш нуқтаи назарига қатъий амал қилади деб
бир неча маротаба таъкидлаган.
У “халқимизга тинчлик ва хотиржамлик керак. Бу — Ўзбекистон халқи хоҳиши, бу – халқимиз мақсади,
бу — унинг қатъий қарори” деган фикрларни ҳамиша такрорлаб келган.
Суверен ва мустақил Ўзбекистоннинг ташкил топишига, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо
этилишига, фуқаролараро тинчлик ва миллий тотувлик таъминланишига қўшган мисли кўрилмаган
ҳиссаси учун ҳамда қатъийлиги ва жасурлиги учун “Ўзбекистон Қаҳрамони” (1994, 001-сонли юлдуз),
“Мустақиллик” (1996, 002-сонли орден), “Амир Темур” (1997, 003-сонли) орденлари билан тақдирланди.
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Ислом Каримов миллий давлатчилик, мамлакатимизни
ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-ахлоқий янгилаш, бугунги кунда бутун дунёда машҳур “ўзбек модели”
асосларини ишлаб чиқди. У қуйидаги бешта тамойилдан иборатдир:
— иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, ишлаб чиқаришнинг мафкурадан холилиги;
— давлат — бош ислоҳотчи;
— қонуннинг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида устуворлиги;
— кучли ижтимоий сиёсатни мураккаб демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш;
— бозор иқтисодиётига холисона иқтисодий қонунларни ҳисобга олиб “инқилобий сакрашларсиз”,
босқичма-босқич ўтиш.
Авваламбор, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларнинг изчил татбиқ этилиши ва чуқурлаштирилиши, унинг
молиявий институтлари ва реал сектор тармоқлари барқарор ва узлуксиз фаолият кўрсатиши, бозор
механизмлари кенг жорий этилишининг таъминланиши, ишлаб чиқаришнинг диверсификация қилиниши,
узлуксиз техник ва технологик жиҳатдан янгилаб борилиши ва ривожланиши, бунинг учун жуда катта
инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестициялар жалб этилиши И.А.Каримов томонидан комплекс
ислоҳотлар ўтказилганлигининг натижасидир. Буларнинг барчаси мамлакатимиз салоҳиятини,
рақобатбардошлигини оширишга, янада изчил ривож топиши учун мустаҳкам фундамент шаклланишига
хизмат қилди.
Кичик ва хусусий бизнес миллий иқтисодиётда муҳим ўрин эгаллайди. Хусусий мулк ва хусусий
тадбиркорликнинг ривожланиши мамлакатимизда иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири
этиб белгиланган. Хусусий сектор вакиллари учун имтиёзлар ва преференциялар яратилган, улар хом ашё
ресурсларидан фойдаланишлари учун шароитлар билан таъминланган.
Мамлакатимизда нефть-кимё, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги,
фармацевтика, электротехника, текстиль саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби
республика учун саноатнинг мутлақо янги юқори технологик тармоқлари яратилди.
Шўртан ва Устюрт газ-кимё мажмуалари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи,
Деҳқонобод калий ўғитлари заводи, Андижон, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги
автомобилсозлик заводлари каби жаҳон миқёсида ноёб саноат мажмуалари қурилди.
Мамлакатимизда замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилди, шу
жумладан Қамчиқ довони орқали ноёб туннел билан Ангрен-Поп, шунингдек, Тошгузар-Бойсун-
Қумқурғон темир йўл йўналишлари тизимлари ишга туширилди, Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва
Қаршигача Марказий Осиёда тезлиги юқори бўлган биринчи темир йўл йўналиши очилди, халқаро
аэропортлар модернизация қилинди, Навоий аэропорти негизида халқаро логистика маркази ва Ўзбек
миллий автомагистрали яратилди.
Замонавий давлатни ривожланган инфратузилмасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ахборот-коммуникация
технологиялари соҳасида миллий салоҳиятни ошириш, АКТни барча соҳаларга кенг татбиқ этиш бўйича
ишлар тез суръатлар билан давом эттирилмоқда. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт
инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда.
Истиқлол йиллари мобайнида мамлакатимиз, шаҳарлар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди.
Бугунги кунда Ўзбекистонни аслида катта қурилиш майдони деса бўлади. Ҳар йили янги саноат
корхоналари фойдаланишга топширилмоқда, ўқув юртлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа
ижтимоий объектлар қурилмоқда. Кўлами тобора кенгайиб бораётган уй-жой қурилишига алоҳида эътибор
берилмоқда.
Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуси билан қишлоқ аҳолиси учун шаҳар шароитларига яқин замонавий
уй-жой шароитлари яратиш мақсадида узоқ муддатли ипотека кредитларини имтиёзли шартларда
ажратган ҳолда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши
Дастури қабул қилинди.
Биринчи навбатда, фермерлик ҳаракати ташкил этилиши ва унинг ривожи учун барча шароитлар
яратилиши, унинг қишлоқдаги ҳал қилувчи кучга, жамият таянчига айлантирилиши, деҳқонларда ернинг
ҳақиқий эгаси, мулкдори ҳиссининг мустаҳкамланиши, ўз меҳнати натижаларидан манфаатдорлиги ўсиб
бориши қишлоқ хўжалигидаги салмоқли муваффақиятларнинг асосий омиллари бўлди.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда деярли барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фермер хўжаликлари
томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Истиқлол йиллари мобайнида уларни ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартадан
кўп ўсди. Ўзбекистон нафақат ўз аҳолисини асосий озиқ-овқатлар билан таъминлайди, балки буғдойни
ҳамда янги ва ишлов берилган мева-сабзавот маҳсулотининг 200 га яқин турини экспорт қилади.
Иқтисодиётдаги шундай барқарор ютуқлар самарали ижтимоий сиёсатни, авваламбор, таълим, соғлиқни
сақлаш ва аҳоли турли қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга ошириш имконини
беради.
Бугун Ўзбекистоннинг барча аҳолиси, ҳам шаҳар аҳолиси, ҳам қишлоқ аҳолиси юқори малакали тиббиёт
хизматларидан тенг фойдалана олаётганлиги соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли давлат сиёсатининг
юксак даражадаги самарадорлигидан дарак бермоқда. Давлат томонидан кафолатланган бепул шошилинч
тиббий ёрдамнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ва ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт
марказлари шаклланди. Барча вилоятларда кўп тармоқли, тиббий, перинатал ва скрининг-марказлар
фаолият кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти профилактика, диагностика ва
даволашнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига жавоб берадиган илғор
технологияларига асосланган.
1993 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан оналик ва болаликни
муҳофаза қилиш, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, уни маънавий, ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан
тарбиялаш, унга ватанпарварлик ва ўз Ватанига меҳр-муҳаббат туйғусини сингдириш ишидаги алоҳида
хизматларни рағбатлантириш мақсадида, шунингдек, болалар манфаатлари йўлида хайрия фаолиятини
ривожлантиришда фаол иштирок этганлик учун давлат мукофоти – “Соғлом авлод учун” ордени таъсис
этилди.
Шу йилнинг апрель ойида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, мустақил Ўзбекистон тарихида
биринчи ҳукуматга қарашли бўлмаган фонд тузилди.
Бош мақсади мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни яхшилаш бўлган ва жаҳон
ҳамжамияти томонидан эътироф этилган “Соғлом она — соғлом бола” давлат дастури ҳам ишлаб чиқилиб
қабул қилинди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими уч баравардан ортиқ қисқарди.
Кишиларнинг турмуш сифати ва саломатлиги яхшиланиб бормоқда. Эркакларнинг ўртача умр кўриши 66
ёшдан 73,5 ёшга, аёлларнинг эса 76 ёшга етди.
Шу тариқа Президент Ислом Каримов томонидан таъкидланган “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон
учун” деб номланган мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг бош мезони амалда намоён бўлмоқда.
Эски қолип ва андозалардан тўлиқ воз кечган ҳолда Ислом Каримовнинг ташаббуси билан кенг кўламли
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди, таълим тизими замонавий
халқаро стандартлар асосида тубдан ислоҳ қилинди. Ўзбекистонда бу давлат сиёсатининг устувор
йўналишига айланди. Мамлакатимизда Вестминстер университети, Сингапур менежментни
ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Россия нефть ва газ университети, Москва
давлат университети, Россия иқтисодиёт университети, Жанубий Кореянинг Инҳа университети каби
Европа ва Осиёнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари муваффақиятли фаолият олиб
бормоқда.
Ислом Каримов улғайиб бораётган авлодни тарбиялашнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини яратиш
ва ҳаётга татбиқ этиш ишига бевосита раҳбарлик қилди. Бу мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги
кунининг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизнинг тафаккурини ва дунёқарашини тубдан
ўзгартирди.
Янги таълим стандартлари ва ўқув дастурлари, умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида
мамлакатимизнинг миллионлаб ўғил-қизлари юксак даражада билим ва тарбия олмоқдалар. Бу Ўзбекистон
таълим моделининг самарадорлигини, халқаро миқёсда унинг рақобатбардошлигини яққол кўрсатган
ҳолда уларга ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш имконини беради.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот ҳам буни тасдиқламоқда.
Тадқиқотга кўра таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича, шу жумладан таълим мақсадлари
учун ажратилган маблағлар улуши бўйича Ўзбекистон дунёда бешинчи ўринни эгаллайди.
Иқтисодиёт, фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Ислом Абдуғаниевич хорижий
давлатлардаги бир қатор университетларнинг фахрий доктори ва академиги этиб сайланган:
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан деярли 300 та болалар мусиқа ва санъат мактаби тармоғи,
шунингдек, ёшларни спортга оммавий жалб қилишнинг уч босқичли тизими яратилганлиги соғлом,
интеллектуал ва маънан баркамол ёш авлодни шакллантиришга қаратилган ишларнинг муҳим
бўғинларидир.
Мактаб ўқувчилари орасида ўтказиладиган “Умид ниҳоллари”, касб-ҳунар коллежлари ва академик
лицейлар ўқувчилари орасида ўтказиладиган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари ва талабалар орасида
ўтказиладиган Универсиада ана шу тизимга киради. Ҳар ерда, ҳатто энг олис туманларда ҳам юзлаб янги
замонавий спорт комплекси, стадионлар ва бошқа спорт объектлари қурилди, амалдаги иншоотлар тўлиқ
реконструкция қилинди. Биринчи ўринда ёшларга мўлжалланган спорт турларини оммалаштиришнинг
ноёб амалиёти мамлакатнинг бутун аҳолисида соғлом турмуш тарзи фалсафасини шакллантиришга
кўмаклашмоқда.
Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз ташаббуси билан Болалар спортини ривожлантириш фонди тузиб, унинг
ҳомийлик кенгашини бошқарди. Фонд туфайли Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб болалар ўзлари ёқтирган
спорт турлари билан замонавий заллар ва стадионларда шуғулланиш имконига эга бўлдилар. Бу “Ўсиб
келаётган соғлом авлод – мамлакатимиз келажаги гарови” концепциясида мустаҳкамлаб қўйилган соғлом
турмуш тарзини оммалаштиришда мамлакатимиз учун мутлақо янги ёндашув бўлди. Бу Ўзбекистон
спортчиларининг юксак ютуқлари учун асос яратди. Улар томонидан турли халқаро мусобақаларда қулга
киритилган кўплаб мукофотлар мисолида бу яхши кўринади. Айниқса, олимпиада медаллари
мамлакатимиз учун қадрлидир. Олимпия ўйинларида спортчиларимиз жами 13 та олтин, 9 та кумуш ва 19
та бронза медалига эга бўлди. Параолимпия ўйинларида Ўзбекистон вакилларининг ютуқлари 8 та олтин,
7 та кумуш ва 17 та бронза медали билан баҳоланди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида 80 дан зиёд спорт федерацияси фаолият кўрсатиб келмоқда.
Уларнинг асосий вазифалари мамлакатимизда спортни мувофиқлаштириб бориш ва ривожлантиришдан
иборатдир.
Ўзбекистонда спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштиришдаги
хизматлари учун Ислом Каримов халқаро эътирофга сазовор бўлди ва қуйидаги юксак спорт мукофотлари
билан тақдирланди:
— Халқаро олимпия қўмитасининг олтин ордени, 1996 йил.
— Осиё олимпия кенгашининг олтин ордени ва медали, 1996 йил.
— Халқаро кураш федерациясининг олтин ордени (FILA), 1999 йил.
— Миллий олимпия қўмиталари уюшмасининг олтин ордени, 2001 йил.
— Кураш халқаро уюшмасининг (IKA) олтин ордени, 2002 йил.
— Халқаро футбол федерациясининг (FIFA) олтин медали, 2012 йил.
— Осиё параолимпия қўмитасининг олтин ордени. 2013 йил.
— Халқаро САМБО ҳаваскорлик федерациясининг (FIAS) олтин ордени.
— Халқаро олимпия қўмитасининг олтин медали, 2015 йил.
— Осиё олимпия кенгашининг олтин маржони, 2015 йил.
— Осиё шахмат федерациясининг “Йил одами” номинациясидаги мукофот, 2015 йил.
— Халқаро ҳаваскорлар бокси уюшмасининг (AIBA) олтин маржони, 2016 йил.
Ислом Каримов — доно Президент. Ислом Абдуғаниевичнинг кўплаб сўзлари ва фикрлари афоризмдан
иборат ва маъно жиҳатдан шу даражада теранки, миллионлаб ватандошларимиз учун руҳий сокинликнинг
асосига, турмушнинг ахлоқий негизига айланди. “Ўзбекистон — умумий уйимиз” деб номланган аниқ
ифодаланган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган принцип тинчлик ва миллатлараро тотувликни
сақлашга кўмаклашмоқда.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч ва дўстона ҳаёт кечирмоқда. Улар ўз
миллий маданияти, тили, халқ анъаналари ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча имкониятлар
билан таъминланган. Мактаблар ва олий ўқув юртларида таълим етти тилда — ўзбек, қорақалпоқ, рус,
қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида олиб борилади. Кўп тилларда газета, журнал, китоблар чоп
этилади, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар эфир юзини кўрмоқда. Қарийб 140 та республика ва
минтақавий миллий маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда. Бундай маданий-миллий турфахиллик
мамлакатимизда ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда, жамиятнинг такрорланмас бой ранг-
баранглигини шакллантирмоқда. Ўзбекистоннинг миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашдаги катта
тажрибаси бугун кўпчилик давлатларда ўрганилмоқда.
Мамлакатимиздаги тинчлик ва тотувлик, миллатлараро ва фуқаролараро жипслик, Ўзбекистон
халқларининг уюшқоқлиги мустақилликнинг бебаҳо бойлиги, асосий ютуғи, жамиятдаги барқарорликнинг
энг муҳим омили ҳисобланади.
Ислом Абдуғаниевич халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни,
муқаддас динимизни, анъаналаримиз ва урф-одатларимизни сақлаш ва ривожлантиришни, бебаҳо тарихий
меросимизни давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Президент маънавий тикланиш, миллий ўзликни
англашни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш, унинг улкан илмий ва маданий
салоҳиятини авайлаш жараёнининг ташаббускори бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ривожланишини таъминлаб
бермоқда.
Бу замин Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом Бухорий, Баҳоуддин
Нақшбандий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом
Термизий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби “Шарқ уйғониш даврини”
яратган мисли кўрилмаган давлат арбоблари ва олимларни, мутаффакирлар, шоирлар ҳамда
маърифатпарварларни етиштириб берди. Жаҳон ҳамжамияти уларнинг Ислом маданиятига ва жаҳон
фанига қўшган бебаҳо ҳиссасини эътироф этмоқда. Уларнинг номлари жаҳон маданияти тарихига зар
ҳарфлар билан ёзилган.
Ислом Абдуғаниевич Каримов қуйидаги тўпламларда эълон қилинган кўплаб асарларнинг муаллифи
ҳисобланади:
— Ўзбeкистoн: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсaт, мaфкурa.
— Биздaн oзoд вa oбoд Вaтaн қoлсин.
— Вaтaн сaждaгoҳ кaби муқaддaсдир.
— Бунёдкoрлик йўлидaн.
— Янгичa фикрлaш вa ишлaш — дaвр тaлaби.
— Xaвфсизлик вa бaрқaрoрлик йўлидa.
— Биз кeлaжaгимизни ўз қўлимиз билaн қурaмиз.
— Oзoд вa oбoд Вaтaн, эркин вa фaрoвoн ҳaёт – пирoвaрд мaқсaдимиз.
— Вaтaн рaвнaқи учун ҳaр биримиз мaсъулмиз.
— Xaвфсизлик вa тинчлик учун курaшмoқ кeрaк.
— Биз тaнлaгaн йўл — дeмoкрaтик тaрaққиёт вa мaърифий дунё билaн ҳaмкoрлик йўли.
— Тинчлик вa xaвфсизлигимиз ўз куч-қудрaтимизгa ҳaмжиҳaтлигимиз вa қaтъий ирoдaмизгa бoғлиқ.
— Ўзбeк xaлқи ҳeч қaчoн ҳeч кимгa қaрaм бўлмaйди.
— Инсoн, унинг ҳуқуқ вa эркинликлaри — oлий қaдрият.
— Жaмиятимизни эркинлaштириш, ислoҳoтлaрни чуқурлaштириш, мaънaвиятимизни юксaлтириш вa
xaлқимизнинг ҳaёт дaрaжaсини oшириш – бaрчa ишлaримизнинг мeзoни вa мaқсaдидир.
— Мaмлaкaтни мoдeрнизaция қилиш вa иқтисoдиётимизни бaрқaрoр ривoжлaнтириш йўлидa.
— Вaтaнимизнинг бoсқичмa-бoсқич вa бaрқaрoр ривoжлaнишини тaъминлaш – бизнинг oлий мaқсaдимиз.
— Жaҳoн инқирoзининг oқибaтлaрини eнгиш, мaмлaкaтимизни мoдeрнизaция қилиш вa тaрaққий тoпгaн
дaвлaтлaр дaрaжaсигa кўтaрилиш сaри.
— Дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини шaкллaнтириш –
мaмлaкaтимиз тaрaққиётининг aсoсий мeзoнидир.
— Бизнинг йўлимиз – дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни чуқурлaштириш вa мoдeрнизaция жaрaёнлaрини изчил
дaвoм эттириш йўлидир.
— Мaмлaкaтимизни янaдa oбoд этиш вa мoдeрнизaция қилишни қaтъият билaн дaвoм эттириш йўлидa.
— Ўзбeкистoн эришгaн ютуқ вa мaррaлaр – биз тaнлaгaн ислoҳaтлaр йўлининг тaсдиғидир.
— Эришгaн мaррaлaр билaн чeгaрaлaнмaсдaн, бoшлaнгaн ислoҳoтлaримизни янги бoсқичгa кўтaриш
бугунги кундaги энг дoлзaрб вaзифaмиздир.
— Демократик ислоҳотларни, иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, хусусий
мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик устуворлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш –
ҳозирги босқичда мамлакатимизни ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили.
Унинг асарлари инглиз, араб, испан, хитой, корейс, немис, рус, турк, француз, ҳинд ва бошқа тилларга
таржима қилинган.
Ўз нутқларидан бирида Ислом Абдуғаниевич қалбидан янграган ва унинг ҳаётий нуқтаи назари бўлган
қуйидаги сўзларни билдирган эди:
“Биз ноёб ва такрорланмас табиатига, меҳнаткаш ва сахий халқига эга ажойиб мамлакатда яшаяпмиз. Ҳар
кимга ҳам бундай мамлакатда туғилиш ва яшаш бахти насиб қилавермайди.
Бундай бахтга муносиб бўлиш, Ватанига, халқига садоқат билан хизмат қилиш барчамиз учун чиндан ҳам
олий бахт ҳисобланади.
Ҳаётимнинг бутун мазмунини мен буюк халқимга унинг бахти ва равнақи йўлида фидокорона ва
сидқидилдан хизмат қилишда деб биламан”.
Таниқли сиёсат ва давлат арбобининг таржимаи ҳоли омма учун номаълум бўлган унинг характеридаги
айрим фазилатлари ва ҳаёти тафсилотларини очиб бермасдан тўлиқ бўлмас эди. Улар ҳақида Ўзбекистон
Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг оила аъзолари ҳикоя қилиб беришди. Бу
жиҳатларсиз ўзига хос инсон ва шахснинг тўлиқ портретини тасаввур қилиб бўлмайди.
Ислом Абдуғаниевич севимли фарзанд, эр, ота ва бобо ҳам эди. У ўзининг ота-оналари ҳақида, айниқса,
онаси Санобар ойини катта меҳр ва илиқлик билан эслаган. Олти нафар ака-укаларига ҳурмат
муносабатида бўлган. Ўзининг ягона опаси Меҳринисодан доим миннатдор бўлган.
Мактаб йилларидан бошлаб кўп китоб ўқиган ва унинг мактаб давридаги иншолари синфдошлари учун
ўрнак бўлган. Уларнинг эслашича, у ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашиш учун кўпинча дарслардан
кейин қоларди.
Ислом Абдуғаниевич содиқ дўст эди ва имкониятига қараб, банд бўлишига қарамай мактабдаги ва
институтдаги дўстлари билан мулоқотда бўлишни давом эттирди.
Ҳозирги вақтда Козонда яшайдиган синфдошларидан бирининг хотиралари қизиқ. Мактаб йилларини
таърифлаб, унинг шахсий фазилатларини яхши кўрсатадиган бир ҳодиса ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Катталардан бири мевалар йиғим-терими вақтида болалардан келгусида ким бўлмоқчи эканликларини
сўраганда уларнинг аксарияти учувчи, чилангар каби касбларни айтган. Ёш Исломнинг жавоби ҳам
болаларни, ҳам катталарни лол қолдирди. “Амир Темурдек бўлмоқчиман”, деб жавоб берди мамлакатнинг
бўлажак етакчиси.
Максим Горькийнинг “Изергиль кампир” ҳикояси учинчи қисми персонажи, ўзини қурбон қилиб, ўз
халқини ёниб турган юраги билан қутқарган Данко ёш Исломнинг севимли адабиёт қаҳрамонларидан
бири сифатида сўнгги кунларигача қолган. Унинг “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” шиори ўспирин
юрагига сингиб келгуси йилларда кўп такрорланган ҳамда Президентнинг ўзига хос ҳаёт мазмунига
айланган.
Болаликдаги ва мактабдаги йилларида у спортга қизиқарди ва спортга бўлган бундай муносабатни бир умр
сақлаб қолди. У кураш, стол тенниси, шахмат, велоспорт, баскетбол билан шуғулланди ва ҳатто ёши
улғайганда ҳам тўпни саватга аниқ тушира олиши билан кўпчиликни ҳайрон қолдирарди.
Шахмат ўйнаш унинг бутун ҳаёти давомида дам олиш дақиқаларида энг яхши кўрган машғулоти бўлган.
Бу унга давлат муаммоларидан бироз овуниб, диққат-эътиборини ўйин мантиғига, ноодатий шахмат
комбинацияларига қаратиш имконини берарди. Айниқса бу Президент узоқ сафарлардан қайтиб келганда
намоён бўларди. У соатлаб шахмат тахтаси устида ўтириши мумкин эди.
Велосипед миниш унга ўзгача ҳузур бахш этарди ва Ислом Абдуғаниевичнинг бу иштиёқи фарзандларига
ҳамда набираларига ҳам ўтди.
Мустаҳкам ирода ва кучли характерга эга бўлиб, у 50 ёшда бўлганида қисқа вақтда катта теннис ўйин
кўникмаларига эга бўлди. Кечқурунлари ишдан кейин Ислом Абдуғаниевич теннис билан шуғулланганида
ўйинга берилиб ва ўз диққатини коптокда жамлаб, бир оз бўлса-да, кундалик ташвишларидан холи
бўларди.
Ислом Абдуғаниевич мамлакатимизда спортни ривожлантиришга катта аҳамият берди ва унинг ўзи ҳам
ҳар куни тренажёрларда шуғулланиб, яхши жисмоний формасини сақлашга ҳаракат қилди. Бу унга
суткасига 10 соатгача ишлаш имконини берди.
У деярли таътилга чиқмасди ва дам олиш вақтида, оз фурсат бўлса-да, Тошкент вилояти Қайнарсой
тоғларига сафар қилишни маъқул кўрарди. У ердаги сокин муҳитда кўп юрарди, табиатдан баҳра оларди.
Умуман олганда, у табиатга эътибор билан муносабатда бўлар эди, ҳар бир кичкина ўзгаришларни кўрарди
ва ўз муносабати билан ҳамсуҳбатларини эргаштиришга ҳаракат қиларди. Ҳатто дам олиш вақтида ҳам у
етилиб қолган муаммоларни ҳал қилишга киришиб кетарди.
Унинг уч нафар фарзанди ва олти нафар набираси бўлиб, улар билан мулоқот унга катта қувонч
келтирарди.
Унинг рафиқаси – Татьяна Акбаровна унинг ҳақиқий дўсти, ёрдамчиси, фикрдоши эди, Ислом
Абдуғаниевич билан 47 йил бахтли турмуш қуриб, у билан ҳаётнинг барча заҳматларини баҳам кўрди.
Мустақил давлатимизнинг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20.55
да Тошкентда мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди.
Биринчи Президентга нисбатан самимий меҳр-муҳаббат ва чуқур ҳурмат айниқса мотам кунлари кучли
намоён бўлди. Ўшанда бутун халқимиз Биринчи Президентимизни кўз ёшлари билан унинг охирги
манзилига кузатиб қўйди. Бундан қарийб 60 йил аввал мактабни олтин медаль билан тамомлаган ёш
истеъдодли болакайни тақдир бу шаҳардан олиб кетганди, энди эса ўз она заминига мустақил Ўзбекистон
Президенти сифатида сўнгги манзилга қайтиб келди. Ислом Абдуғаниевичнинг ҳаётдан кўз юмиши
республикамизнинг барча аҳолиси учун жуда оғир, тиклаб бўлмас йўқотиш бўлди.
Ислом Абдуғаниевич ўзини она Самарқанд заминида дафн этилишини хоҳлаган эди. Ва унинг васияти
бажо келтирилди. 2016 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўзининг кичик ватани –
Самарқанд шаҳрининг қадимий Ҳазрати Ҳизр масжидида дафн этилди.
“Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўлласин, ўзи мададкор бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!”.
Do'stlaringiz bilan baham: |