Қўзғатувчининг белгилари. Perenospora brassicae. Конидиофоралар ҳужайраларга бўлинмаган, рангсиз, барг тешикча (устьица) ларидан битта ёки иккитадан бўлиб чиқади, дихотомик шохланган, ўлчами 250-450x6-9 мкм. Конидиялар 1 ҳужайрали, эллипсоид ёки овал шаклли, ўлчами 11-28x11-24 мкм. Оогонийлар қалин қобиқли, ўлчами 30-50 мкм. Ооспоралар кўпинча тўқима ичида ривожланади, думалоқ шаклли, сариқ ёки жигарранг тусли, диаметри 25-30 мкм, ўсимта ҳосил қилиб ўсади.
Кураш чоралари. Иссиқхоналарни дезинфекциялаш; тупроқни алмаштириш ёки зарарсизлантириш; шамоллатиб туриш; экишдан олдин уруғни 48-50°С лик сувда 15-20 мин ивитиш, дарҳол, 2-3 мин давомида совуқ сувда совитиш, қуритиш ва фунгицид билан дори-лаш; ниҳолларни керагидан ортиқ суғормаслик; касал ниҳолларни ягана қилиб, иссиқхонадан чиқариб, йўқотиш; касаллик бошланиши билан, ниҳолларга фунгицидлар пуркаш; далаларда 1- ва 2- йил экинларини яқин жойлаштирмаслик; уруғлик экинларга фунгицид ва бегона ўтларга қарши гербицид пуркаш; ўсимлик қолдиқларини йўқотиш; кузда ерни чуқур шудгор қилиш тавсия этилади (Герасимов, Осницкая, 1961; Пидопличко, 1977а; Пересыпкин, 1982; MacNab et al.,1983; Вянгеляускайте и др., 1989; Сьнев, Мизунов, 1991; Ганиев, Недорезков, 2005).
Ўзбекистонда сохта ун-шудринг иссиқхоналар ва очиқ далаларда тарқалган (Гапоненко, 1960; Кузнецова, Турсуметова, 1970).
Карамнинг альтернариоз қора доғланиш касаллигини Alternaria brassicae замбуруғи қўзғатади. Альтернариоз барча минтақаларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тарқалган.
Патоген карамдан ташқари бошқа бутгулдош экинлар ва бегона ўтларни зарарлайди.
Қўзғатувчи 1-нчи ва 2-нчи йил экинларини зарарлайди, асосий зарари уруғлик карамда кузатилади. Уруғ зарарланиши унинг ўсувчанлиги пасайишига олиб келади.
Оқбош карамнинг зарарланган пастки ва қопловчи баргларида қора, думалоқ концентрик доғлар ривожланади, аммо касаллик катта зарар етказмайди. Пояда ва уруғлик қўзоқларда узунчоқ, қора моғор билан қопланган доғлар пайдо бўлади, қўзоқларнинг учи, кейинчалик барча қисмлари қораяди, чатнаб, ёрилади, пуч бўлади ёки унувчанлиги жуда паст бўлган, етилмаган, хира тусли уруғ ҳосил қилади. Нам об-ҳавода қўзоқлардаги доғлар устида, баъзан қўзоқни бутунлай қоплаб олувчи, замбуруғнинг конидиофора ва конидияларидан ташкил топган кукунсимон моғор қатлами ҳосил бўлади.
Патоген экин ичида конидиялари билан тарқалади ва иккиламчи зарарланишларни таъминлайди. Бунинг учун ёмғирли об-ҳаво, 80-100% нисбий намлик ва 20-25°С ҳарорат оптимал шароит ҳисобланади. Карам, рапс гулхўри, кўк бурга (psylliodes chrysopephala) ва яширин -хартумли қўнғиз (Ceuthorhynchus spp.) каби ҳашаротлар билан зарарланиши альтернариозни кучайтиради.
Омборхоналарда доғларнинг ривожланиши кучаяди ва улар орқали карам бошлари юмшоқ чириш бактериялари билан зарарланади.
Уруғни сақлаш даврида намлик юқори бўлса, касалллик зарарланган уруғдан соғломларига тарқалади.
Қўзғатувчи уруғ устида ва ўсимлик қолдиқларида ҳамда омборхоналарда карам бошларида конидиялари билан сақланади. Альтернариозга чидамли навлар мавжуд эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |