Карамнинг шилимшиқ бактериози (юмшоқ ёки ҳўл чириши)
ни Erwinia carotovora ва Erwinia aroidea бактериялари қўзғатади. Улар кўп
экин ва бегона ўтларни зарарлайди, Ўзбекистонда омборхоналарда кенг тарқалган ва катта зарар етказади (Бўриев ва б., 2002).
Карам ниҳоллари ва даладаги карам бошлари ривожланиши даврида кам ҳолларда зарарланади. Одатда механикжароҳат олган, за-ифлашган, ҳашаротлар (карам чивини, бургачалар, ширалар, карам пашшаси, қандала ва капалак қуртлари) ва бошқа касалликлар билан зарарланган, таркибида нитрат азоти мавжуд бўлган карам бошлари омборхоналарда, айниқса, юқори ҳарорат ва намлик шароитида зарарланади. Карамнинг ташқи барглари ва ўзаги шилимшиқланади ва чирийди, ичи юмшайди, ўткир қўланса ҳид чиқаради. Уруғлик учун далага экилган касал карам бошлари ўсмайди, ичи чириган аталага айланади.
Бактериялар кейинги мавсумга уруғлик карам бошлари ва ўсимлик қолдиқлари билан ўтади; уруғда сақланиши (Пересыпкин, 1982) ёки сақланмаслиги (Вянгеляускайте и др. 1989) хабар қилинган. Ўсув даврида бактерияларни карам пашшаси, карам шираси, карам қурти, қандала ва бошқа ҳашаротлар тарқатади. Бактериоз ривожи учун оптимал ҳарорат 20-25°С (Пересыпкин, 1982) ёки 25-30°С (Герасимов, Осницкая, 1961) эканлиги хабар қилинган.
Кураш чоралари. Қишда сақлаш учун қатъий равишда соғлом, механик жароҳатсиз карам бошларини танлаш ва уларни паст (0°С) ҳароратда сақлаш; уруғларни экишдан олдин 50°С ҳароратли сувда 30 дақиқа иситиш ва бактерицид билан дорилаш; алмашлаб экишни жорий қилиш; азотли ўғитларни меъёридан ортиқ қўлламаслик; ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва зарарли ҳашаротларни йўқотиш; уруғлик учун соғлом карам бошлари экиш лозим (Герасимов, Осницкая, 1961; Пересыпкин, 1982; MacNab et al.,1983; Вянгеляускайте и др.,1989; Сычев, Мизунов, 1991).
Карам томирлари бактериозини Xanthomonas campestris бактерияси қўзғатади. У карамдан бошқа бутгулдош экин ва бегона ўтларни ҳам зарарлайди.
Иссиқхоналарда зарарланган уруғбарг ва ёш ниҳоллар сарғаяди ва сўлади. Далага кўчириб экилгандан 2-3 ҳафта ўтгач, зарарланган кўчатлар баргларининг четларида сариқ доғлар пайдо бўлади ва улар баргларнинг ўртасига тарқалади, томирлари қораяди, барг тўрсимон кўриниш олади. Поя ва қўзоқларда қорамтир доғлар ривожланади. Бактерия ўсимликларнинг илдизлари орқали ҳам кириб олиши ва поянинг ўтказувчи тўқималарини зарарлаши мумкин.
Барг банди ва поялар кесмаларида ўтказувчи тўқима найчалари қорайгани кўринади. Бактериоз оқ карам бошларида кучли ривожланиши кузда кузатилади. Натижада ҳосил пасаяди, баъзан карам боши ривожланмаслиги мумкин, кейинроқ зарарланган меваларида ҳўл чириш кузатилади.
Кам зарарланган карам бошлари омборхоналарда баҳоргача яхши сақланиши мумкин, аммо уруғлик учун далага экилганида уларнинг кўпчилиги чириб кетади, қолганлари эса жуда кам ва ичидан зарарланган уруғ ҳосил қилади. Бундай уруғлар баҳорда экилганида униб чиққан уруғбаргларда мойсимон доғлар пайдо бўлади ва ёш ниҳоллар кейинчалик нобуд бўлади.
Бактерия уруғ, ўсимлик қолдиқлари ва тупроқда, омборхоналарда зарарланган уруғлик карам бошларида сақланади; вегетация даврида суғориш суви, шира, шилимшиқ қурт ва нематодалар билан тарқалади; карам пашшаси зарарлаган карам бошларида бактериоз ривожланиши кучаяди. Касаллик Ўзбекистонда ҳам тарқалган.
Кураш чоралари бошқа сабзавот экинларининг бактериозларига қарши қўлланиладиганлари билан бир хил. Шахсий томорқага экиш учун уруғликни эзилган саримсоқ билан (100 г уруққа 25 г саримсоқ) банкада силкитиш ва кейин қуритиш орқали зарарсизлантириш мумкин (Герасимов, Осницкая, 1961; Кузнецова, Турсуметова, 1970; Пересыпкин, 1982; MacNab et al.,1983; Вянгеляускайте и др., 1989; Сычев, Мизунов, 1991; Саттарова ва б., 2003; Ганиев, Недорезков, 2005).
Do'stlaringiz bilan baham: |