Кураш чоралари. Иссиқхонада тупроқни 25 см гача буғ билан зарарсизлантириш муҳим аҳамиятга эга. Яна битта ўта самарали усул - иссиқхонада 3 кун давомида 25°С дан юқори ҳарорат бўлиши таъминланса, касаллик ривожланмайди, ҳарорат кейинчалик пасайса ҳам, вилтнинг ривожланиши кескин камаяди; агар бунинг иложи бўлмаса, кундузлари мева тугиш бошлангунигача 18-22°С, мева тугиш пайтида 20-22°С, кечалари 15-16°С ҳароратни таъминлаш лозим (Флетчер, 1987; Ванек и др., 1989). Умуман, фузариоз вилтга қарши тавсия қилинган кураш чоралари вертициллёз вилтга ҳам самара беради (Герасимов, Осницкая, 1961; Пидопличко, 1977; NacNab et al., 1983; Watterson, 1985; Вянгеляускайте и др., 1989; Ҳасанов ва б., 2002). Ундан ташқари, соляризация усулини қўллаш ҳам тавсия қилинади (Watterson, 1985).
Помидор ёнғоқ дарахти туфайли сўлиши. Оддий (Juglang regia L..) ва кулранг (Juglang cinerea L.) ёнғоқ дарахтлари томирларидан тупроққа токсин ажратиб чиқариши, улар яқинида экилган экинлар, айниқса помидор экинлари сўлишига сабаб бўлади. Барқарорлиги туфайли ушбу токсин, дарахтлар қуриб қолгандан ёки кесиб ташлангандан сўнг ҳам тупроқда кўп вақт сақланиши мумкин.
Кураш чораси - экинларни ёнғоқ дарахтига яқин экмаслик (NacNab et al., 1983).
Помидор фитофторозини Phytophthora infestans оомицет
замбуруғи қўзғатади. Кейинги йилларда помидор фитофторози
Ўзбекистонда иссиқхоналарда кенг тарқалган касалликка айланди
(Исомиддинов, Раҳматов, 2007). Салқин ва нам (ёмғирли, шабнамли) об-ҳавода помидор меваларининг 60-70 фоизи зарарланиши
мумкин (Ганиев, Недорезков, 2005). Касаллик ўсимликлар гуллаш
пайтида бошланади. Баргбандлари пастга букилади ва барглар осилиб қолади; баргларнинг устида қайноқ сувга куйганга ўхшаш доғлар
пайдо бўлиб, улар сўнгра қўнғир ёки тўқ-қўнғир тус олади, кейинчалик барг тўқимаси бироз оқариб, юпқа қоғозсимон бўлиб қолади. Нам об-ҳавода барглар остидаги доғлар атрофида майин, юпқа, оқиш моғор қатлами пайдо бўлади. Юқори намлик ва илиқ ҳароратда барглар бутунлай чириши ва деярли барча ўсимликлар нобуд бўлиши мумкин. Тўпгуллар зарарланганида гулбандлар ва косачабарглари қораяди ва қуриб қолади. Зарарланган новдаларда узунчоқ ёки ўзгарувчан шаклли, қизғиш- қўнғир доғлар ривожланади, новда ва барглар куйганга ўхшаб қолади. Мевалар
устида қаттиқ, нотўғри шаклли, қўнғир тусли, усти бироз ғадир-будур
доғлар ва яралар пайдо бўлади. Бундай мевалар иккиламчи микроорганизмлар таъсирида тезда бутунлай чирийди. Касаллик
ривожланиши учун юқори намлик (ёмғир, шабнам) ва салқин ҳарорат
(10 -25°С) қулай шароит ҳисобланади.
Замбуруғ очиқ далаларда тупроқ устида ўсимлик қолдиқларида ва итузумдошлар оиласига мансуб бегона ўтларда қишлайди. Касаллик экинга қўшни далалардаги картошка ва помидордан ҳам тарқалади. Кўчатхоналарда касаллик пайдо бўлиши жуда хавфли; юқори ҳароратда касаллик аломатлари юзага чиқмаслиги мумкин, улар очиқ далага кўчириб экилгач, фитофтороз ўчоқларини пайдо қилади. Далада помидорда фитофтороз картошкада пайдо бўлишидан олдин кузатилади. Қўзғатувчи замбуруғнинг ҳар хил ирқлари мавжуд ва помидор навлари улар билан ҳар хил даражада зарарланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |