Mavzu: “IS - LM modelining shakllanisi va tadbiqi”
Reja:
1. IS - LM моделининг моҳияти ва АД-АS модели билан боғлиқлиги.
2. Моделнинг асосий тенгламалари.
3. IS - эгри чизиғи ва унинг тенгламаси
4. LM - эгри чизиғи ва унинг тенгламаси
5. IS-LM моделида макроиқтисодий мувозанат
Tayanch iboralar: инвестиция, жамғариш, ликвидлиликни афзал кўриш, пул, ялпи талаб, ялпи таклиф, ликвидлилик тузоғи, Кейнс хочи
1. IS - LM моделининг моҳияти ва АД-АS модели билан боғлиқлиги
Товар ва пул бозорида умумий мувозанатга эришиш шартлари ва макроиқтисодий сиёсат тадбирларининг бу икки бозорга таъсирини умумлаштириб тадқиқ қилиш IS - LM модели ёрдамида бажарилади.
IS - LM модели биринчи марта 1937 йилда Ж.Хикс томонидан кейнснинг макроиқтисодий концепциясини изоҳлаш учун таклиф этилди ҳамда 1949 йилда А. Хансеннинг “Монетар назария ва фискал сиёсат” номли китоби нашр қилинганидан сўнг кенг ёйилди. Шу сабабли бу модел Хикс модели ёки Хикс-Хансен модели деб ҳам юритилади.
IS - LM модели қисқа муддатли даврга ҳам товарлар ҳам пул бозорида биргаликда мувозанат ўрнатилиши механизмини характерлайди. Бунда товарлар бозори деганда ҳам истеъмол ҳам инвестицион товарлар бозори тушунилади. Гарчанд, истеъмол ва инвестицион товарларга талаб турли омиллар билан белгилансада IS - LM моделида улар бир бутун деб қаралади. Пул бозори деганда хазина векселлари ва тижорат қоғозлари кўринишидаги қисқа муддатли кредит воситаларини олди сотди механизми тушунилади. Бу бозорни облигациялар бозоридан фарқлаш зарур. Пулнинг облигацияларда ифодаланган нисбий баҳоси облигациялар бўйича фоиз ставкасидир.
“IS - LM модели (инвестициялар-жамғармалар, ликвидлиликни афзал кўриш – пул) – ялпи талаб функциясини белгиловчи иқтисодий омилларни аниқлаш имконини берувчи товар-пул мувозанати модели”*. АД-АS моделида товар ва пул бозорларининг алоқаси эътиборга олинган эди. Яъни товарлар ва хизматлар баҳоларининг кўтарилиши пулга бўлган талабни ошириши бу эса ўз навбатида фоиз ставкасининг кўтарилишига олиб келиши, оқибатда инвестиция харажатлари ва умуман ялпи харажатлар камайиши АД-АS моделида кўзда тутилган эди. IS-LM модели АД-АS моделини қисқа муддатли даврга аниқлаштиради ва бу моделда ҳар иккала бозор ягона макроиқтисодий тизимнинг секторлари сифатида намоён бўлади.
Модель бу секторларда таркиб топган шароитларга боғлиқ тарзда фоиз ставкаси R билан даромад даражаси Y нинг мувозанатли даражасини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |