Инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда суғурталашни ривожлантириш
Азимов Р. Р,Исаков И.Ж
Ташкент давлат иқтисодиёт
университети, магистрантларии
Аннотация: Мақолада мамлакатимизда инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда суғурталаш тизимининг устунликлари ҳамда ўзига хос хусусиятлари кўрсатиб берилган. Инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда суғурта амалиётини ривожлантиришнинг заруриятлари аксини топган. Инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда суғурталаш фаолиятида уни қўллаш имкониятлари тадқиқ этилган ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилган
Калит сўзлар: Инвестиция, инвестицион лойиҳа, инвестиция таваккалчилиги, суғурта шартномаси, суғурта даври, риск.
Abstract: The article shows the advantages and peculiarities of the insurance system in financing investment projects in our country. The financing of investment projects reflects the need to develop insurance practices. The possibilities of its application in the financing of investment projects in insurance activities have been studied and recommendations have been developed.
Keywords: Investment, investment project, investment risk, insurance contract, insurance period, risk.
Аннотация: В статье показаны преимущества и особенности системы страхования при финансировании инвестиционных проектов в нашей стране. Финансирование инвестиционных проектов отражает необходимость развития страховой практики. Изучены возможности его применения при финансировании инвестиционных проектов в страховой деятельности и разработаны рекомендации.
Ключевые слова: инвестиции, инвестиционный проект, инвестиционный риск, договор страхования, страховой период, риск.
Кириш
Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналарни барпо этиш ва реконструкция қилиш учун инвестицияларни жалб қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу авваламбор аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш каби муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этиш имкониятини беради. Шу боисдан ҳам хорижий инвестицияларни фаол жалб этаётган корхоналарни иқтисодий рағбатлантириш ва зарур шароитларни яратиб бериш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. [1,c.84]
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиеев томонидан 2021-йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши муносабати билан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда "Ўзбекинвест" компанияси бизнеснинг янги йўналишларини ривожлантиришни давом эттириб, қишлоқ жойларда мижозлар базасини кенгайтиришни, замонавий ахборот технологиялари, мижозлар билан масофавий ва он-лайн алоқаларни жорий этиш орқали суғурта хизматларининг сифатини ва қулайлигини ошириш, шунингдек, халқаро суғурта бозорларида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва суғурта хизматлари экспортини оширишни устувор вазифа қилиб белгилади. Шу қаторда, 2020 йилда «Ўзбекинвест» компанияси республика ҳудудларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини суғурта ҳимояси билан таъминлашда жадал ўсишни таъминлади. Йил якунларига кўра 25,6 млрд сўм миқдорида суғурта мукофотлари йиғилди ва бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 баробарга ўсди. Республика бўйича имзоланган инвестиция лойиҳаларини суғурталаш бўйича шартномалар сони 3,7 баравар ўсиб, 9250 тани ташкил қилди. «Ўзбекинвест» компанияси томонидан 2020 йил давомида 17 та инвестиция лойиҳаларини суғурталаш шартномалари бўйича 12,2 млрд сўм суғурта товонлари тўлаб берилди. «Ўзбекинвест» йирик ва ўрта бизнес тузилмалари ва ташкилотлар учун қурилиш-монтаж қалтисликларидан, мол-мулк, жавобгарлик, юк, шунингдек, экспорт шартномаларининг суғуртаси бўйича замонавий ва актуал суғурта маҳсулотларини таклиф қилади. 2021 йилда «Ўзбекинвест» компанияси эркин иқтисодий, кичик саноат ва ихтисослаштирилган зоналаридаги инвестиция лойиҳаларини суғурта қилиш доирасида кучли ва ишончли ҳамкор сифатида ўз фаолиятини давом эттиришни мақсад қилиб қўйган.[7]
Do'stlaringiz bilan baham: |