1. Трансакция харажатлари ва уларни таҳлил қилишга нисбатан Коуз-Уильямсон ёндашуви Тадбиркорлик фаолиятини юритувчи иқтисодиёт субъектлари (юридик ва жисмоний шахслар) фаолияти жараёнида мулкчилик ҳуқуқни алмашиши (шартномалар асосида маҳсулотни сотиш ёки сотиб олиш ва шу каби бошқа ҳолатларда), бошқа шахслар томонидан мулкга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган шароитларда уни ҳимоя қилиш ёки иқтисодий ислоҳотлар жараёнида аввал фаолият юритиб турган институтларни ва нормаларни янгилари билан алмаштириш зарурияти юзага келади. Шундай вазиятларда тадбиркор ёки давлат томонидан турли харажатлар қилишига зарурат пайдо бўлади. Бундай харажатлар хорижий манбаларда “трансакция харажатлари” тушунчаси билан юритилади ва у институционал иқтисодиёт назариясининг таркибий қисмларидан бири сифатида институтлар билан бир қаторда унинг категорияси ҳисобланади.
Трансакция харажатлари тушунчаси билан бир қаторда трансформация харажатлари тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, ушбу тушунчаларни тўғри англаб етиш уларни таҳлил қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Трансакция харажатлари назарияси доирасида ўтказиладиган тадқиқотларни микро ва макродаражаларга бўлиш мумкин. Микродаражада гап жараёнларни корхона (фирма), алоҳида иқтисодий субъектлар даражасида таҳлил қилиш ҳақида, макродаражада эса умуман иқтисодий тизимни таҳлил қилиш ҳақида боради. Ушбу таҳлил қилиш белгисига мувофиқ трансакция харажатлари назариясида иккита ёндашув мавжудлигини изоҳлаш мумкин: биринчиси, Коуз – Уильямсоннинг трансакцион ёндашуви (барқарор фаолият кўрсатувчи институтларни таҳлил қилиш учун) ва иккинчиси Нортнинг трансформацион ёндашуви (институционал ўзгаришларни таҳлил қилиш учун).
Илмий манбаларда берилган таърифларга мувофиқ трансакция харажатларини қуйидаги тарзда таснифлаш мумкин:
1) ахборотни излаш харажатлари (нархлар, мавжуд товарлар, етказиб берувчилар ва истеъмолчилар тўғрисида ахборотни йиғиш ва қайта ишлаш учун сарфланган вақт);
2) музокаралар олиб бориш харажатлари;
3) алмашувга кирган товарлар ва хизматларнинг миқдори ва сифатини ўлчаш харажатлари;
4) тафсирлаш ва мулкий ҳуқуқларни ҳимоялаш харажатлари;
5) оппортунистик хатти-ҳаракатдан ҳимоялаш харажатлари, бунда битим шартларини бузувчи ёки бир томонлама фойда олишга йўналтирилган ноинсофлик хатти-ҳаракат тушунилади.