ИННОВАЦИЯ – БУ КЕЛАЖАК ДЕГАНИ (“ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА” ҚОНУННИНГ ТАВСИФИ”)
15.09.2020 597
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз замонавий юксалишга эришиш мақсадида инновацион ривожланиш босқичига кирганлигини эътироф этилган. “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни... айнан инновацион ғоялар асосида бошлашимиз керак. Инновацион ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт йўлига ўтишимиз бежиз эмас. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.”[1]
Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши (2020 йил 24 июль) “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида назарда тутилган тегишли ҳуқуқий заминни яратиш борасидаги муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун тараққиётимизни кафолатловчи, уни янада жадаллаштирувчи янги ғоя, янги кашфиётлар, илмий ишланмаларни яратиш ҳамда ҳаётга жорий этилишининг ишочли ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаб бениҳоя муҳим аҳамият касб этади.
Қонунда ифодаланган таърифга, кўра инновация – фуқаролик муомаласига киритилган ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган, қўлланилиши амалиётда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлайдиган янги ишланма. Инновацион фаолият эса, янги ишланмаларни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқариш соҳасида уларнинг ўтказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича фаолиятдир.[2]
Мамлакатимизда ўзининг ҳуқуқий асосларига эга бўлиб, кенг қулоч ёзаётган инновацион фаолият қуйидаги асосий принципларга таянади:
- инновацион фаолиятнинг эркинлиги; инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан тенг фойдаланилишини таъминлаш;
- инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қуввватлашнинг ошкоралиги ва аниқ йўналтирилганлиги;
- рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш;
- ахборотни эркин алмашиш; инновацион фаолият натижасида яратилган интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш;
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслик.
Қонунда инновацион фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ҳукуматнинг, ваколатли давлат органи (Инновацион ривожланиш вазирлиги), давлат бошқаруви органларининг, қолаверса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли ваколатлари муфассал белгиланган.
Табийки Ўзбекистон ўз инновацион ривожланишининг пухта ўйланган, илмий асосланган стратегиясига эга бўлиши зарур. Мамлакатимизни Инновацион ривожлантириш стратегияси дунё илм-фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ишланмалар ва технологиялар асосида инсон капиталини, мамлакатни жадал ривожлантириш, инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида ишлаб чиқилади ҳамда амалга оширилади. Инновацион ривожлантириш стратегиялари давлат ва жамият олдида турган комплекс мақсад ва вазифаларни, тегишли даврга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларни, шунингдек уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаларини белгилайди. Бу лойиҳалар ваколатли давлат органи томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, илмий ташкилотларнинг, тадбиркорлик субъектларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва экспертларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилади.
Таҳлил этилаётган ҳужжатда инновацион лойиҳаларнинг техникавий ва илмий экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланган. Жумладан, илмий экпертиза инновацион лойиҳа бўйича асосланган қарор (хулоса) қабул қилиш мақсадида инновацион лойиҳанинг илмий янгилигини, долзарблиги ва амалий аҳамиятини ўрганишга, шу жумладан илмий жамоанинг илмий-услубий салоҳиятини, моддий-техника базасини таҳлил қилиш ҳамда баҳолашга қаратилган фаолиятдир.
Илмий экспертизани баҳолаш мезонлари қуйидагилардан иборат:
* илм-фан ютуқларига асосланган маҳсулот ишлаб чиқаришни тайёрлаш (ташкил этиш), ушбу маҳсулотнинг импорт ўрнини босиши ва (ёки) экспортга йўналтирилганлиги бўйича салоҳиятини баҳолаш учун илмий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишни режалаштиришни назарда тутувчи лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар;
* лойиҳани тижоратлаштириш истиқболлари;
* инновацион объектига бўлган талаб даражаси;
* интеллектуал мулк объектларига доир муҳофаза ҳужжатларининг мавжудлиги;
* лойиҳа ижрочиларида илмий-техник ёки инновацион фаолиятни амалга ошириш бўйича тегишли тажрибанинг ва тажриба-конструкторлик ишлари натижаларининг мавжудлиги;
* ишлаб чиқариш базасининг технологик жиҳатдан таъминланганлик даражаси.
Илмий экспертизани ўтказишга хорижлик мутахассислар жалб қилиниши мумкин. Инновацияларни яратишга доир давлат буюртмаси доирасида бажариладиган инновацион лойиҳалар илмий ва техникавий экспертизалар ўтказишни назарда тутувчи мажбурий давлат экспертизасидан ўтказилиши лозим.
Қонунга кўра, инновация фаолиятининг субъектлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ø инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар;
Ø инновацион фаолият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат ва хўжалик бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар;
Ø ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва мулкчилигидан қатъи назар, янги ишланмаларни яратадиган, жорий этадиган ва инновациялардан фойдаланадиган илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар;
Ø шунингдек тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлар, интеллектуал мулк ҳуқуқи эгалари, соҳага дахлдор инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари. Алоҳида моддаларда ушбу субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Шунингдек, инновацион фаолият субъектларининг қуйидаги ҳуқуқлари ёритилган:
v усулларни, техника воситаларини ва асбоб-ускунани мустақил равишда танлаган ҳамда қўллаган ҳолда эркин инновацион фаолиятни амалга ошириш;
v инновацион фаолиятни якка тартибда ёки жамоавий асосда амалга ошириш;
v инновацион лойиҳалар танловларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион лойиҳалар танловларида иштирок этиш;
v инновацион фаолият хавфларини мустақил белгилаш ва баҳолаш, уларни баҳолаш ҳамда камайтириш усулларини танлаш;
v инновацион фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган илмий, технологик, статистикага оид ва бошқа ахборотни олиш, давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно;
v интеллектуал мулк объектлари яратилган ҳолларда, уларнинг муаллифлари ёки ҳуқуқ эгалари деб эътироф этилиш, шунингдек интеллектуал мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш;
v қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ, божхона имтиёзларидан ва преференциялардан фойдаланиш;
v инновацион фаолият давомида ўзлари олган натижаларни, агар улар давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олмаган бўлса, эълон қилиш.
v Инновацион фаолият субъектлари қонун ҳужжатларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Бундан ташқари инновацион фаолият субъектларининг мажбуриятлари ҳам алоҳида моддада акс этган. Инновацион фаолият субъектлари:
ü инновацион фаолиятни амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
ü Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида яратилган янги ишланмаларнинг белгиланган тартибда тижоратлаштирилишини таъминлаши;
ü инновацион фаолиятга йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиши;
ü фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги;
ü интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича талабларга риоя этиши шарт.
ü Инновацион фаолият субъектларининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Инновацияларнинг маҳсулотга оид, жараёнга оид, маркетингга оид ва ташкилий турлари белгиланган (Қонунинг 18-моддаси).
Яна бир жиҳат – Қонунда инновацион технологиялар трансферининг йўналишлари ҳамда усуллари баён этилган. Мазкур усуллар қуйидагилардир: Технологияларни бепул асосда олиш; қўшма корхоналар ташкил этиш орқали технологияларни жорий этиш; технологияларни лицензия шартномалари асосида жорий этиш; технологик ҳужжатларни бериш; технологияларни тўлалигича сотиб олиш. Технологиялар трансфери қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Шу нарса диққатга сазоворки, Қонунда инновацияларни, янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва инновацион фаолиятни молиялаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган (24, 31-32-моддалар).
Албатта, инновацион фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, низоларни ҳал этиш тартиби, ушбу фаолият тўғрисдаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик қоидаларини назарда тутганлиги билан Қонун мукаммал, комплекс ва якунланган хусусият касб этганлигини эътироф этиш лозим.
Шубҳасиз, мазкур қонун жамиятда шаклланаётган янги илм-фан, интеллектуал мулк ва инновациялар соҳасидаги замонавий ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солинишини таъминлайди. Табиийки, у мамлакатнинг инновацион ривожланиши самарали ҳамда натижадор бўлишига хизмат қилади.
Айни вақтда, инновацион ишланмаларни хаётга жорий қилишдан аввал бутун мамлакат бўйича сифатли интернет алоқасини таъминлаш унинг тезлиги ҳамон пастлигича қолмоқда, ёш авлоднинг ижодий ишланмаларини ҳаётга жорий этиш пухта механизмлари ишлаб чиқилиб, уни реал ҳаётга татбиқ этилмаса, шунингдек ёшлар хорижий тилларда чоп этилган адабиётлар билан таъминланмасдан, жаҳон илм-фани библиографиясидан фойдаланишга йўл очилмасдан, фақатгина миллий адабиётлар орқалигина таълим бериш давом этаверса, Инновацион фаолият тўғрисидаги қонун кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |