ЖАЙНИЙЛИК
Тахминан тўрт минг йиллик ўтмишни ўз ичига олувчи Ведаларга асосланган, брахманликка қарши ўлароқ мил.авв. VI асрда Буддаввийлик ва Жайнийлик динлари юзага келди.
Каста тизими ва брахман синфининг ҳукмронлигига қарши ҳаракат сифатида юзага келган бу динлар баъзи олимлар томонидан ҳиндуийликнинг бир йўналиши сифатида ҳам қаралади.
Жайнийлик дини вакилларининг эътиқод қилишича, бу таълимотга 24 тиртхакар (пайғамбар ёки авлиё) асос солган. Риг Ведада Жайнийликнинг икки тиртхакарлари Ришабха ва Ариштанем ҳақидаги ривоят келтирилган. Улардан биринчиси – Ришабха жайнийлик таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Мазкур ривоятларда Ришабха шахсида илоҳ Нарояна, яъни Вишну мужассам бўлган.Уларнинг барчаси кшатрийлар хонадонидан бўлган. Ушбу тиртхакарларнинг 22 таси ҳақида деярли маълумот йўқ. Йигирма учинчи тиртхакар – Паршванадха Банорас подшоҳи Ашвасаннинг ўғли бўлган. Бироқ роҳиблик йўлини танлаб, отасининг саройини тарк этган. У ўзидан кейин жуда ҳам чиройли низомга солинган диний кўрсатмалар қолдирган. Сўнгги, йигирма тўртинчи тиртхакар сифатида эътироф этиладиган Вардхамана Махавиранинг ота-онаси, оила аъзолари Паршванадханинг динида бўлганлар. Вардхаманада ёшлигидан Жайнийлик таълимотига кучли қизиқиш пайдо бўлган. Шунинг учун Вардхамана Жайнийликнинг навбатдаги ва сўнгги тиртхакари бўлиб етишган.
Парсванинг таълимот ва жамоати, айнан Вардҳамана томонидан янгиланган ва ривожлантирилган. Вардхамана милоддан аввалги VI асрда (599 й.) Ҳиндистоннинг Бихар штатида бой кшатрий оиласида туғилди. Отаси Сиддхардха Жнатрик қишлоғининг кшатрийлар сулоласи бошлиғи эди. Онаси Трисала Личчхави сулоласидан бўлган машҳур подшоҳ Вайшали ҳукмдори Четакининг синглиси эди. У Яшода исмли қизга уйланди ва ундан қиз фарзанд кўрди. Айнан мана шу қизининг эри Жамали Махавиранинг биринчи шогирди, кейинчалик эса Жайнийлик ибодатхонасининг Ҳиндуийликдан ажралиб чиқишининг ташаббускори бўлди.
Вардхамана ўттиз ёшигача оддий дунёвий кишилардек ҳаёт кечирган. Кейин эса барча мулкидан воз кечиб, кўп йиллар саёҳат қилган. Доимий ўй-фикрга чўмиб, ўзини ички изтироблар домига ташлаган. 13 йилдан кейин Паршванадха тепалигида гўёки, “ботиний” билимга эга бўлади. Бу энг олий билим бўлиб, Вардхаманани 42 ёшида шодлик ва қайғулардан буткул озод қилган ва уни юқори даражадаги диний устозларга бериладиган Жина – “музаффар” ёки “инсоний эҳтиросларидан қутулган” номи билан машҳур қилди. Кейинчалик унга Махавира – “улуғ қаҳрамон” унвони берилди.
Махавира кўп йиллик саёҳатлари давомида кўплаб инсонларни ўзига эргаштирди. Унинг шогирдлари нигрантха – “кишандан озод қилинганлар” деб атала бошланди. Вардхамана Махавира роҳиблар, оддий эркак ва аёл инсонлар баробар эътиқод қила оладиган диний таълимотга асос солди.
Жина (Жайна) ўз таълимотини аслзодалар ва халқ орасида ёйган. У маърузаларини муқаддас тил ҳисобланган санскрит ва маҳаллий магадҳи лаҳжаларида қилган. Ўз атрофига турли касталардан инсонларни тўплаб, каттагина жамоат ташкил қилган. Унинг таълимотини ўша пайтда ведалар асри бўлишига қарамасдан ҳоким ва подшоҳлар ҳам қабул қилганлар.
Махавира ўттиз йилга яқин ўз таълимотини кенг ёйган ва 72 ёшида (мил.авв. 527 йилда) Биҳар-Ориссада оламдан ўтган. Унинг вафоти, яъни нирванага етишишидан жайнист тақвими бошланади. Жайнизм қисқагина вақтда, дастлаб Махавиранинг ватани бўлмиш Биҳар-Ориссада, кейинчалик эса қаҳатчилик сабабли мил.авв. III асрда Ҳиндистоннинг жануб ва ғарбида тарқалган. Лекин бу ёйилиш, роҳибларнинг кийиниш мавзусидаги тортишув ва мунозаралар ортидан иккига бўлиниб кетишига сабаб бўлган.
Махавиранинг (Жина) яшаб ўтган даври ва ватани билан Будданики айни бир хилдир. Уларнинг ҳаётлари, ишончлари ва асарлари орасида ҳам кўпгина ўхшашликлар мавжуд. Махавира Буддадан олдин туғилган, лекин Будданинг таълимоти ёйилган даврнинг гувоҳи бўлган. Ҳар иккиси ҳам брахманларга, уларнинг маросим усулларига қарши бўлиб, умумий руҳ кўчиши назариясидан узоқ бўлганлар. Бу икки ҳаракат, брахманларнинг бошқарувига қарши бир “юриш”; кўпхудолилик, жуда қаттиқ каста тизими ва қонли қурбонларга нисбатан қарши ҳаракат сифатида юзага келган. Улар орасидаги фарқ эса, жайнистларнинг зуҳд ва риёзат ҳаётига жуда катта эътибор беришлари ва ўз нафсларини азоблашда ҳаддан ошишларида кўзга ташланади. Ҳолбуки Буддаввийлик, бу борада жайнийликдан анчагина енгил.
Жайнийлик, брахманларнинг таъсири ва баъзи ҳинд тушунча ва асосларига қарши юзага келганига қарамай, ҳинд эътиқодининг умумий шакли ва баъзи ибодатхона маросимларидаги брахманларнинг мавқеини эътироф этади. Шунингдек, Жайнийлик Ахимса умуман жонивор зотига зарар бермаслик тамойили, ўлдирмаслик, ғазаб қилмасликни асос сифатида олади, ҳар қандай махлуқотни ўлдиришни тақиқлайди. Шу туфайли ҳам улар деҳқончилик билан шуғулланмай, енгил иш ҳаётини ва тижорат билан шуғулланишни афзал деб билганлар ва ўлканинг энг бой кишиларига айланганлар. Бу нарса эса ҳинд маднияти, илмий мероси ва фан равнақи учун каттагина ҳисса қўшган.
Жайнийлик таълимотининг асосий ғояси деярли барча ҳинд динлари учун умумий бўлган кармалар ва нирвана ҳақидаги таълимот ҳисобланади. Нирванага эришган инсон қайта туғилишдан озод бўлади. Бунга эса фақат таркидунё қилганларгина эришиши мумкин, холос. Шунинг учун ҳам ушбу таълимотда таркидунёчиликка алоҳида эътибор берилади. Инсон дунёда ўзининг барча эҳтиросларидан воз кечгач, ўз нафсини тийиши, ўз-ўзини енгиши – янги карма ҳосил бўлишига йўл қўймайди. Натижада карманинг кучи емирилиб, унинг руҳи кишанлардан озод бўлади. Киши кармаси қанчалар заифлашса, унинг ички дунёси шунча бойиб боради. Бу жараён руҳнинг тўла озод бўлгунига қадар давом этади. Ниҳоят, руҳнинг бутунлай озод бўлиши – нирвана ҳолати юз беради.
Дунёвий кишидан ҳам, таркидунё қилган роҳибдан ҳам маълум ахлоқий қоидаларни бажариш талаб қилинади. Чунки ҳаёт мақсади руҳни ёмон кармадан сақлаш, янги карманинг юзага келишига йўл қўймаслик, борини ҳам аста-секин йўқ қилиб юборишдан иборат. Бунинг учун дунёвий одам беш нарсага амал қилиши лозим: биринчидан, “ахинса” – зарар етказмаслик, иккинчидан, “сатя” – рост сўзлаш, учинчидан “астея” – ўғрилик қилмаслик, тўртинчидан “брахмачаря” – зино қилмаслик, бешинчидан “апариграха” – тамагирлик қилмаслик. Мана шулар инсоннинг ахлоқий мезонини ташкил қилади. Бундан ташқари, у яна икки асос – чин эътиқод ва тўғри билим тамойилларига ҳам амал қилиши лозим. Уларнинг биринчиси Жайнийлик динига эътиқод қилишни билдирса, иккинчиси – руҳнинг абадий озодлиги ва ҳаётнинг ҳар бир жисмда мавжуд эканини билишдир.
Жайнийлик таълимоти борлиқнинг илоҳиёт томонидан яратилгани ва унинг борлиқ устидан назорат қилиб туришини тан олмайди. Унга кўра, руҳ – абадий мавжудот, олам эса азалийдир. Руҳ моддий танани енгиб ўтиб, абадий ҳаётга етиши мумкин. Махавиранинг фикрича, дунёдаги ҳар бир жисм, унинг жонли ёки жонсиз бўлишидан қатъи назар, қандайдир даражадаги англаш хусусияти билан яратилган. Шунинг учун Жайнийликда ахинса – зарар етказмаслик қоидасига кўпроқ эътибор берилади, яъни жонли ёки жонсиз нарсаларга озор етказмаслик талаб қилинади.
Тўғри йўлдан адашмай юриш, пировард натижа – “нажот”ни қўлга киритиш учун қуйидаги 10 фазилат – дхармани касб этиш лозим: кечиримли бўлиш, сабр, ҳалоллик, тўғрисўзлик, покдоманлик, қаноат, зоҳиран ва ботинан ўзига талабчанлик, инсонпарварлик, дунё неъматларига боғланмаслик ва зино қилмаслик (оила қурмаслик). Шундагина у нажотга эришиши мумкин.
Жайнийлар нирванага эришгандан кейин тезроқ вафот этишга ошиқадилар. Зеро, руҳ ҳолатида уларни бахтли абадий ҳаёт кутади. Дунёвий ҳаётга мойил инсонлар учун даҳшатли туюлган ўлим, жайний учун шарафдир. Ҳатто улар ўлим учун тадорик кўришга пирдан рухсат ҳам оладилар. Ўлимга тайёргарлик даври 12 йил деб белгиланган. Бу давр ичида нирвана соҳиби узоқ рўзалар, очлик машаққатларини бўйинга олади ва ўзининг ўлимини тезлаштиради.
Махавира, Будда каби, тангри масаласи устида тўхталмаган бўлса ҳам, баъзи жайнист мазҳабларда тангри эътиқодининг мавжудлигини кўриш мумкин. Жайнийлик ибодатхоналарида тангри ҳайкаллари сақланади. Лекин милодий XV асрда пайдо бўлган Станакаваси мазҳаби, илк Жайнийликнинг тангрини тан олмас бир кўринишга эга бўлгани фикрини кўтариб чиққан ва ибодатхонадаги расм ва ҳайкалларни рад қилган.
Мил.авв. III асрдан эътиборан роҳиблар орасида оғзаки матнларни китоб ҳолатига келтириш ва кийиниш мавзусидаги тортишув ва келишмовчиликлар, бу динни икки йўналишга бўлинишига олиб келган:
1. Дигамбарлар – ҳаво кийинганлар. Улар, Махавирага эргашишлари билан бир қаторда, тамоман яланғоч ҳолда юрадилар. Улар халос бўлиш, нажотга ҳамда абадий роҳат-фароғатга фақат тақводорлик билан ҳаёт кечириш орқалигина эришиш мумкин, инсон яланғоч бўлганида ўзида ҳаё, тортиниш ва уялишни ҳис қилаётган бўлса, демак, у ҳали дунёга боғлиқ, чин зоҳид эмас экан, деб эътиқод қиладилар. Бундан ташқари улар инсонга хос бўлган кўпгина туйғу ва ҳиссиётлардан ҳам воз кечганлар: севги ёки нафрат, қайғу ёки қувонч, иссиқ ёки совуқ, ҳаё ёки ҳаёсизлик, яхши ёки ёмон, очлик ёки ташналик, буларнинг барчасидан жайнист холи бўлиши ва бора-бора тинч, осуда ва ҳаракатсиз яшаш тарзига эга бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам Жайнийликнинг энг ашаддий тарафдорлари ҳатто оддий кийим кийиб юришдан ҳам воз кечганлар. Кейинчалик мусулмонлар уларга энг оддий даражада кийиниб юришни мажбуран қабул қилдирганлар.
2. Шветамбарлар – оқ кийинганлар. Бу номни устиларига кийган оқ кийимлари туфайли олганлар.
Бу икки мазҳаб орасида таълимот борасида унчалик ҳам катта фарқ йўқ. Улар томонидан Ёга тадбиқ қилинади. Жина, тиртанкара ва “мукаммал азиз” ларнинг мавжудлигига ишонилади. Бундан ташқари улар тиртхакараларнинг ҳар бир даврда мавжуд бўлгани, уларнинг сони 24 тага етгани ва Махавира уларнинг энг сўннгиси эканига эътиқод қиладилар.
Жайнийликнинг асосий қоида-тамойилларини ўз ичига олган 45 та асар мавжуд бўлиб, улар Махавира томонидан битилган. Жайнийликнинг энг қадимги муқаддас китоби “Ачаранга-сутра” – жайнийликнинг илк оқимларидан бири бўлган шветамбарларнинг китоби бўлиб, мил.авв. IV асрда ёзилган ва тахминан X-XI асрларгача такомиллаштириб келинган. Жайнийликнинг бошқа бир оқими бўлган дигамбарлар эса китобнинг энг қадимги матнларинигина тан оладилар ва кейинги даврларда яратилган муқаддас китобларни қабул қилмайдилар.
Шунингдек, Сиддхасен Дивакар (VI асрда яшаган) ва Гамачандр (XI-XII аср) каби жайнийларнинг асарлари машҳурдир. Жайнийлар орасида “Йогашастра” номли жайнийлик таълимотига доир асар, айниқса, муҳим манба ҳисобланади. Сутра китоблари услуб ва мавзу жиҳатидан фарқланадилар.
Жайнистлар учун жуда ҳам чиройли ибодатхоналар бино қилган бўлиб, мазкур динга оид жамоатларни роҳиб ва роҳибалар бошқаради. Дастлаб кезувчи зоҳид сифатида яшаган роҳиблар, кейинчалик монастрларга жойлашганлар. Улар ўз вақтларини муқаддас матнларини ўқиш ва баданларини тарбя қилиш билан ўтказадилар. Роҳиблар каби халқ ҳам, кундалик маълум ибодатларни амалга оширади. Ибодат асносида тиртхакаралар билан алоқадор илоҳийлар айтилади, чуқур тафаккур ва тавба-тазарру қилинади, маълум ҳаракатлар амалга оширилиб, ҳеч қандай жониворга азият бермасликка алоҳида эътибор берилади. Шунинг учун ҳам жайнистлар ўсимликлар билан озиқланиб, маст қилувчи ичимликлардан узоқ юрадилар. Уларнинг барча турдаги ҳайвонларни даволайдиган махсус шифохоналари ҳам мавжуд. Диндор жайнистлар, очликдан ўлишга алоҳида эътибор билан қарайдилар.
Жайнистлар, осмонда жуда кўп тангриларнинг мавжуд экани, лекин уларнинг ҳам руҳ кўчиши (таносух) га мубтало эканлари, инсонларнинг қутулишлари учун уларнинг ҳеч қандай ёрдам бермасликларига ишонадилар. Шу билан бирга, жайнист ибодатхоналарида мавжуд ҳайкаллар, алоҳида ҳурмат-эҳтиром қилинади. Уларнинг олдида илоҳийлар айтилиб, мева ва кўкатлар тақдим қилинади. Олдиларига чироқ ва тутатиқлар қўйилиб, бутлари ювилади, ёғланади ва гуллар билан безалади. Тиртанкаранинг яшаганига ишонилувчи жойларга бориб, зиёрат қилинади; дунёвий талаб юзасидан улар ва тангриларга дуо қилинади. Баъзи жайнистлар, Ҳинду тангриларига ҳам дуо қилишади. Ибодатхоналардаги ибодатлар, роҳиблар томонидан эмас, халқ томонидан бошқарилади. Ҳиндуийликнинг дин одами бўлмиш брахманлар, маош ҳисобида жайнист ибодатхоналарида хизмат қилдирилади.
Жайнийлик, ҳаддан ташқари зоҳидлик ҳаётига чақиргани ва қаттиқ интизомга асослангани учун ҳам Ҳиндистондан ташқарига чиқа олмаган. Унга оид ибодатхоналар Калькутта ва Дильвара шаҳарларида кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, зийнат ва безагида дунёнинг ажойиботларидан ҳисобланувчи ибодатхоналари Каҳжуро ва Обу Таъд тоғларида ҳам қад ростлаган. Мил.авв. II асрда машҳур Гати Кунаба ғорларига асос солганлар. Уларнинг ишланишидаги ўйма нақшинкорлик ва безаклар, қадим жайнистларнинг меъморлик ишларида нақадар уста бўлганларидан яққол далолат бериб туради.
Ҳозирги кунда дунёда бир ярим миллиондан ортиқ жайнистлар мавжуд. Улар, асосан, Ҳиндистоннинг Ражпутан, Ғужарот ва бир қатор жанубий минтақалари, Мадхя, Бхарат штатларида истиқомат қиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |