Биринчи боб бўйича хулоса
“Ахборот технологияси” тушунчасининг ўзи информатиканинг оёққа туриши жараёнида ХХ асрнинг охирги ўн йиллигида пайдо бўлди. Ахборот технологияларининг асосий ҳусусияти шундаки, уларда ахборот ҳам меҳнатнинг предмети, ҳам унинг маҳсулотидир. Ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари меҳнат қуролларидир. Айни пайтда ахборот бошқа моддий ресурслар сингари ҳақиқатан ҳам ишлаб чиқариш ресурси, деб ҳисобланмоқда.
Туризм - ахборот тўлиб-тошиб турадиган фаолиятдир. Сайёҳлик индустриясида ахборотни йиғиш, қайта ишлаш, ундан фойдаланиш ва уни узатиш кундалик ишнинг шундай муҳим қисмики, дунёда бунга ўхшаш тармоқлар кам учрайди. Сайёҳликдаги хизматлар, истеъмол ва ишлаб чиқариш товарлари сингари сотув дўконида ёйиб қўйилмайди, ҳамманинг кўз ўнгида турмайди, одатда уни барвақт ва истеъмол жойидан анча олисда сотиб олинади.
Ахборот технологияларини сайёҳлик индустриясига жорий этиш бир неча босқичдан иборат бўлган эди. Биринчи босқич – “Маълумотлар базасини яратиш”. Унинг асосий мақсади – ахборотга асосланган жараёнларни автоматлаштириш воситасида корхоналарнинг оператив фаолияти самарадорлигини ошириш бўлди. Иккинчи босқич – “Бошқарувнинг ахборот тизимлари”дир. Бу босқичга шундай ахборот технологиялари ишлаб чиқилдики, булар ахборот узатишни бевосита ташкил этишга қўйилаётган талабларни такомиллаштириш орқали бошқарувнинг самарадорлигини оширишга ёрдам берди.
80 йилларнинг бошларида “стратегик ахборот тизимлари” босқичи бошланди, унинг мақсади - туризм бизнесининг табиатини ўзгартириб ёки унинг хулқини ўзгартириб, фирманинг рақобатбардошлигини ошириш эди. 90 йилларнинг бошида тўртинчи – “Тармоқлар босқичи” кириб келди. Ана шу босқичда барча даражалардаги тармоқлар – корхоналар, регионлар, глобал тармоқлар туташтирилди.
Ҳозирги босқичда ахборот технологияларининг роли ва аҳамияти стратегик жихатдан муҳимдир. Ахборот технологияларининг бир қанча ноёб хусусиятлари (тезкорлик, эга чиқиш мумкинлиги) борки, худди ана шулар технологияларни ишлаб чиқариш ва социал технологиялар орасида нуфузли ўринга кўтаради.
Кичик туристик фирмаларни замонавий шароитда омон қолиши ва бизнес даромадини ошириш усули - замонавий компьютер технологияларни қўллаш, буютмаларни расмийлаштириш жараёнини тўлиқ автоматлаштириш, ҳужжатлар билан ишлашга ички қаттиқ тартиб ўрнатиш. Ушбу мақсадларга эришиш воситалари сифатида хорижий шериклар билан тўғри алоқа каналларини ўрнатиш, туристлар буютмаларини расмийлаштиришда ноаниқлик, ёки хатоларга йўл қўймаслик, 100% кўрсаткичга эришиш учун турларни бронлаштиришни компьютер тизимлари, электрон почта тизими хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |