Магистрлик диссертациясининг ҳимоя жараёни ҳақида
Магистрлик диссертациясининг ҳимоя жараёни магистратура таълимининг сўнгги ва ҳал қилувчи босқичи ҳисобланади. Бу жараён магистрлик диссертациясининг ҳимояси билан боғлиқ бўлган хужжатлар ва материалларни расмийлаштиришдан иборат бўлиб, Давлат аттестация комиссияси йиғилишида сўзланадиган нутқ матнини тайёрлаш ҳамда битирув ишини ҳимоя қилиш жараёнини ўз ичига олади.
Кафедра муҳокамасидан кейин ҳимоя қилишга тўлиқ тайёр бўлган диссертация илмий раҳбарга яна бир бор қайта кўриб чиқиш учун берилади. Илмий раҳбар ёзма хулосасида диссертация тўғрисидаги фикрларини баён қилади.
Илмий раҳбарнинг хулосасида, энг аввало, мазкур ишни магистрлик диссертациялари ҳимояси ҳуқуқи берилган мутахассисликка мос келиш-келмаслиги кўрсатилади.Шундан сўнг иш қисқача тавсифланади, унинг долзарблиги, илмий савияси, амалий аҳамияти, қўйилган вазифаларни қанчалик талаб даражасида ҳал қилинганлиги ҳамда ишнинг ҳимояга тайёр эканлиги тўғрисида баҳо беради. Илмий раҳбарнинг ёзма хулосаси мазкур диссертациянинг магтстратурани битириш ишига қўйилган талаблар даражасига қандай даражада мувофиқ келишини кўрсатиш билан якунланади.
Оппонентнинг тақризи қоидага кўра, юқори малакали, илмий даражага эга бўлган мутахассис ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан берилади. Оппонент ишнинг асосий жиҳатларини таҳлил қилиб бериши, мавзунинг долзарблиги, унинг мазмунини ёритиб беришда магистрантнинг мустақил ёндошганлиги, шахсий нуқтаи назарга эга эканлиги, илмий тадқиқот усулларидан фойдаланишга қодирлиги, чиқарилган хулоса ва берилган тавсияларнинг назарий назарий ва амалий асосланганлик даражаси, олинган натижаларнинг ҳаққонийлиги, унинг илмий янгилиги ва амалий аҳамиятига баҳо бериши шарт.
Оппонент, диссертация ишининг ижобий томонларини кўрсатибгина қолмасдан, унинг камчиликларини, матнни ёзишда йўл қўйган хатоларни ҳам кўрсатиб беради. Оппонент тақризи одатда компьютерда ёзилган бўлиб, у 2-5 бетдан иборат бўлиши керак.
Оппонентнинг тақризида унинг шахсий имзоси, ёзилган сана ва рўйхатга олинганлик рақами бўлиши шарт. Оппонентнинг имзоси у ишлайдиган ташкилот томонидан муҳр билан тасдиқланиши керак.
Оппонет томонидан берилган тақриз диссертантга ҳимоядан бир ҳафта олдин етказилиши зарур. Бу орада магистрант оппонент томонидан кўрсатилган камчиликларга ўз муносабатини билдиришга тайёргарлик кўради.
Диссертацияни баҳолашда илмий раҳбар ҳам, кафедра ҳам, оппонент ҳам, магистрант ҳам диссертация мвзусининг долзарблиги, тадқиқот ишининг янгилиги ва унинг назарий ва амалий аҳамияти каби тушунчаларнинг моҳиятига алоҳида эътибор қаратишлари керак, чунки ушбу тушунчалар мазмунан турлича тушунилади ва тадқиқотни холис баҳолашда қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин.
Диссертация мвзусининг долзарблиги, унинг республика таълим тизимини ривожлантириш учун қанчалик зарур эканлиги билан белгиланади. Диссертация мавзуси долзарб дейилганда, унда ҳозирги таълим тизимига зарур бўлган муаммонинг ҳал қилиниганлигини тушунмоқ керак.
Ишнинг илмий янгилиги, биринчи бўлиб таърифланган ва мазмунан асосланган назарий ҳолатларнинг амалиётга жорий этилган ҳамда ижтимоий-иқтисодий ютуқларга эришиш учун жиддий таъсир этадиган услубий тавсияларнинг мавжудлигида намоён бўлади. Илмий янгилик, муаллифнинг ўзи эришган натижаларига нисбатан белгиланади.
Илмий тадқиқотнинг амалий қийматини баҳолашда унинг қандай характерга эга эканлигини ҳам унутмаслик керак.
Тадқиқот иши услубий характерга эга бўлса, унинг амалий аҳамияти олинган натижаларни матбуотда чоп этилган мақолаларда, амалиётга яъни ўқув-жараёнигажорий этилганлиги тўғрисидаги акт, илмий-амалий анжуманларда синовдан ўтказилганлиги , олий ўқув юрти, АЛ ва КҲК, умумтаълим мактабларда тажрибадан ўтказилганлигида намоён бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |