Магистрлик диссертациясининг тузилиши, мазмуни ва уни баҳолаш
Магистрлик диссертацияси малакавий иш сифатида назарий жиҳатдан муҳимлиги, мавзунинг долзарблиги, олинган натижаларнинг назарий ва амалий аҳамияти билан ҳамда расмийлаштирилиши билан баҳоланади. Магистрлик диссертациясининг мукаммал ишлаб чиқилиши, муаллифнинг илмий изланишнинг мақсад ва вазифаларини чуқур тушунганлигидан, тадқиқот объекти ва предметини тўғри танлаганидан ҳамда унинг устида тўғри ишлаганлигидан далолат беради.
Дастлаб, магистрлик диссертациясининг лойиҳаси ихтисослик кафедраси аъзолари муҳокамасига ҳавола қилинади ва керакли тузатмалар киритилади.
Магистрлик диссертацияси мазмунига кўра қуйидагиларни қамраб олиши керак:
- танланган мавзунинг назарий ва амалий аҳамияти, долзарблиги, олий мактаб, АЛ , КҲК ва умумтаълим мактаблари учун амалий аҳамияти;
- қўйилган муаммо, уни махсус адабиётларда баён қилинган ишлаб чиқилиш даражаси ва амалий аҳамияти;
- тадқиқот объектларидаги мавжуд ҳолатни баҳолаш ва муаммони ҳал қилишнинг асосий йўналишлари бўйича хулосалар чиқариш;
- тадқиқот натижаларини тадбиқ этиш бўйича таклифлар бериш.
Магистрлик диссертациясининг ҳажми, ёзиш услуби ва
расмийлаштириш қоидалари
Тайёр бўлган магистрлик диссертацияси илмий раҳбар муҳокамасидан охирги марта ўтгандан сўнггина компьютерда кўчирилиши, расмийлаштирилиши ва муқоваланиши лозим. Диссертация университет магистратурасини битирувчисининг эгаллаган малакасини аниқлаб берадиган илмий иш ҳисобланади.
Магистрлик диссертациясига қўйилган асосий талаб, ишнинг илмий аҳамиятига қаратилган бўлиб, баён этишнинг изчиллиги ва диссертация қисмларининг ўзаро узвий боғлиқ бўлишидир. Изчилликни бузадиган, кейинги натижаларга алоқаси бўлмаган материаллар диссертация матнига киритилмаслиги керак. Баъзи керакли материаллар диссертациянинг охирида илова сифатида берилиши мумкин. Диссертация босмахона талабларига мос равишда муқоваланган бўлиши лозим.
Магистрлик диссертациясининг умумий ҳажми стандарт форматли(А 4) қоғозда 80 саҳифадан кам бўлмаслиги керак. Матн қоғоз варағига чапдан 2,5 см, ўнгдан 1,5 см, юқоридан ва пастдан 2 см. жой ташлаб ёзилади.
Мавзунинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, магистрант турли кўргазмали материаллардан, яъни жадвал, чизма, диаграмма, расм ва бошқалардан фойдаланиши мумкин. Барча кўргазмали материаллар диссертациянинг мазмунини тўлақонли ёритишга хизмат қилиши керак.
Диссертацияда қайси манбадан олинганлигини кўрсатмасдан туриб, матбуотда чоп этилган турли кўргазмали материаллардан фойдаланиш мумкин эмас.
Диссертация боблари янги саҳифадан бошланади, бобнинг номидан кейин параграф номи ёзилади.
Диссертация магистрантнинг ўқиган тилида ёки кафедра тавсиясига кўра хорижий тилларда ёзилиши мумкин. Хорижий тилда бажарилган ишга давлат тилида аанотация илова қилинади ва ҳимоя таржима орқали ўтказилади.
Диссертациянинг титул варағи университет бўйича вабул қилинган намунага мос бўлиши керак(1 – илова).
Жиддий таҳрир қилиниб муқоваланган диссертация илмий раҳбарнинг тавсияси билан биргаликда тақриз ҳамда ҳимоя қилиш учун кафедрага топширилади. Кафедра ишни кўриб чиқиб, дастлабки ҳимоя кунини яъни кафедрада муҳокама кунини белгилайди. Дастлабки ҳимоядан ўтган иш кафедранинг қайдномаси билан рамийлаштрилади. Шу куни диссертация очиқ ҳимояга тавсия қилинади ва кафедранинг қарори билан оппонент тайинланади. Оппонент университетда ишлаётган соҳа мутахассислари, илмий муассасаларнинг мавзуга алоқадор илмий ходимлари ва бошқа олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари бўлиши мумкин, Оппонент илмий даражали бўлиши шарт. Магистратура марказининг раҳбари ёки факультет декани диссертация ишини илмий раҳбар ва оппонент тақризлари билан Давлат аттестация комиссиясига йўллайди.
Диссертация ҳимоя қилингандан кейин 10 кун ичида магистратура марказига ёки деканатга топширилади ва ўқув юртида 10 йилгача сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |