бронза асри маданий қатламидан бизгача етиб келган буюк мерос сифатида қарашимиз мумкин. Милодий эрадан илгариги V-I минг йилликлар орасида шаклланган бу маданий яхлитлик, албатта, ўз ички такомил босқичларига эга бўлган. Башарият такомилидаги бу маданий босқичларнинг биринчисини «Авесто»нинг ўз мазмунидан келиб чиққан ҳолда Жамшид (Йима) даври, яъни тош асри маданиятига оид деб ҳисобласак, ундан кейинги босқични шартли равишда бронза асри ёки илк шаҳар маданияти босқичига тўғри келади, деб қайд қилиш мумкин. Бу китобда турли қабила асотирлари билан тавҳид эътиқодидан таълим берувчи қарашлар ўзаро чатишиб кетгани сезилади. Бу башарият онгидаги мураккаб тафаккур жараёни бир неча минг йилларни ташкил этиши мумкин. Намозгоҳ ва Олтинтепа, Сополли ва Жарқўрғон илк шаҳарларида истиқомат қилган аҳоли ушбу мураккаб маънавий жараённи бошдан кечирганлиги кўпгина ашёвий далилларда кўзга ташланади. Албатта, археологик қазилма натижаларининг тадқиқ ва талқини, қадим матнлар тадқиқ ва талқинидан жиддий фарқ қилади ва уларни қиёсий ўрганишда баъзан деярли ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлади. Аммо на илож, биз Аллоҳ иноятига умид билан ўз ўтмишимизни билиш учун астойдил уринсак, ажаб эмас, яширин ҳақиқатлар бироз ойдинлашса.
Биз зардуштийлик деб ўрганган эътиқод тизими асли манбада «Мазда ясна даэна» (Маздага сиғиниш дини) деб аталган.»Мазда сўзи «билим»,
«билимдонлик»,»донолик»,»донишманд», «оқил» маъноларига тўғри келади. Бу сўз олдига «Ахура»(«парвардигор»,»бутун борлиқнинг эгаси, ҳукмрони») сўзи қўшилса- Ахура Мазда исми ҳосил бўлади. Шундай қилиб, «олий, илоҳий билимлар эгаси» маъносидаги Ахура Мазда «Маздаясна» динида ягона тангри, борлиқни яратувчи қудратли зотнинг номланишидир.
IХ асрда тузилган «Авесто» шарҳига оид «Денкарт» китобида баён этилишича, қадим замонда Наврўз байрамига тайёргарлик кунларида муқаддас хаома ичимлиги тайёрлаётган коҳинлардан бири Зардушт саҳар палласида дарё ёқасига сув олиш учун тушади. Шу пайт дарёнинг ўртасида нурли сиймо- Ахура Мазданинг Воҳу Маана (Эзгу фикр) исмли малаги пайдо бўлади. Воху Маана Зардуштни етаклаб Ахура Мазда ҳузурига олиб боради. Борлиғи эзгу нур билан йўғрилган Ахура Мазда замину осмондаги барча эзгу нарсаларнинг яратувчиси эканини Зардуштга билдиради. Одамлар орасида Ахура Маздага сиғиниш эътиқодини ёйишга Зардуштни масъул қилиб, уни «пайғамбар», яъни хабар етказувчи қилиб танлаганини эълон қилади.
Бу тасвир асосида бир қатор тадқиқотчилар «Мазда ясна» дини ваҳий орқали билдирилган илк самовий эътиқод бўлса керак, деб тахмин қилмоқдалар.
Зардушт яшаган даврда аждодларимиз ҳали ёзувга эга эмас эдилар. Зардушт Ахура Мазда пайғамбарлигига мушарраф бўлиб, у ҳақида, унинг дини ҳақида турли қавмларга хабар етказган замонларда ўша даврнинг турли қабила ва уруғ маъбудларига бағишланган мадҳия-алқовлар, афсун ва асотирлар кенг тарқалган бўлган. «Авесто» китобини тўлалигича Зардуштга нисбат бериш дуруст эмас. Асли «Авесто» таркибида бевосита Зардушт номи билан боғлиқ матнлар «Ясна» китоби таркибига киритилган 17 қўшиқдан иборат «Гоҳ»лар бўлиб, илмий адабиётларда уларни «Гате» ёки «Госе» ҳам дейишади.
«Госе»сўзининг сўнгги ундош товуши ўта юмшоқ тиш оралиғи, тил олди сирғалувчи товуш бўлиб, талаффузи инглиз тилидаги th ҳарфлари билан ифодаланувчи товушга яқиндир. Бу товуш тилнинг тарихий ривожида кейинчалик ҳ ҳарфи билан ифодаланувчи товушга айланган ва бугунги кундаги «дугоҳ», «сегоҳ», «чоргоҳ» атамалари таркибида учровчи «мусиқий оҳанг»,»қўшиқ» маъносига мос келувчи «гоҳ» тушунчаси ўша қадимги
«госе»дан келиб чиққандир. Зардушт «гоҳ»лари мадҳия ва панд йўсинидаги муножотлардан иборат бўлиб, «Авесто» таркибидаги «Ясна» китобининг 28-34, 43-51 ва
53 бобларини ўз ичига олади.Улар асосан Ахура Мазда динини тарғиб этишга бағишланган.
«Гоҳ»ларда Ахура Мазда ваҳийси билан тинч-осойишта яратувчиликка қаратилган ҳаёт, оқил ва адолатли ҳукмдор раҳнамолиги, ижтимоий ва маънавий уюшиш ғоялари
40
ташвиқ этилади. Турли хурофотлар, ёлғон ва талончилик, ҳуда-беҳуда ҳайвонлар қонини тўкиб, қурбонликлар ўтказиш қаттиқ қораланади. Ҳар бир қабила, ҳар бир уруғ ўзи ўйлаб топган ёлғон маъбудаларга сиғиниб, бефойда қурбонликлар келтириб юрган бир пайтда, Ахура Мазданинг якка-ягона парвардигор, Борлиқнинг донишманд, одил ва оқил мутлақ яратувчи ва идора этувчи эканини эълон этиш, инсонларни ягона тангрига эътиқод этишга чақириш илк бор инсон қалбини илоҳий нур ёритганлигининг далолати бўлиши мумкин.
Агар Зардушт инсоният тарихидаги минглаб пайғамбарларнинг биринчиларидан бўлган бўлса, унинг тақдири ҳам ўша қадим даврларда ўтган ўзга набилар ҳаёти сингари мураккаб ва машаққатли бўлди. «Гоҳ»ларда Зардушт ўзи бунга ишора этади:
Бошим олиб қайга кетай, қайдан топай паноҳ,
Ўз қавмимда тан олмаслар, қувлар уруғдошларим...
Умуман «гоҳ»ларда ҳаётий воқеа- ҳодисаларга ишоралар жуда кўп.Уларда уй ҳайвонларини, моддий неъматларни етиштириш тарғиботи жуда изчил бўлиб, табиат бойликларини нест-нобуд этиш, талончилик, инсон меҳнатига беписандлик ёвузлик сифатида талқин этилади. Ҳамма ёвузликларнинг боши ёлғончилик ва бебошвоқ ҳаётдадир.
Бу давр, тарих нуқтаи назаридан, милодий эрадан бир неча минг йиллар илгари башарият маданий-маънавий такомилида юз бера бошлаган эврилиш билан боғлиқ бўлиб, ибтидоий уруғ-жамоалар ўрнига илк суғорма деҳқончилик ва хонаки чорвадорлик заминида шакллана бошлаган илк шаҳар маданияти, давлатчилик асосларининг вужудга келиши, яхлит мафкуравий тизимга эҳтиёж туғилиши каби ҳодисалар билан бевосита алоқадордир.
Зардушт таълимотининг ахлоқий қарашлари ниҳоятда ибратлидир. Мазда ясна эътиқодига амал қилган ҳар бир инсон ибодат олдидан қуйидаги ният сўзларини баралла овозда айтмоғи лозим эди:
«Қувонсин Ахура Мазда, энг лойиқ Ҳақ таолонинг иродаси рўёбга чиқиб, Ангра Майню даф бўлсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |