4. Самарқанднинг Суғд конфедерацияси таркибидаги мақоми
Ҳозиргача Суғд конфедерацияси ҳукмдорликларининг умумий сони хусусида иккиланишлар мавжуд. Баъзи тадқиқотчилар Марказий Суғдда 11 та ихшидлик бўлганлиги ва уларнинг Самарқанд ихшидлигига бўйсунганлигини келтиришади31. Аслида эса ихшидлик битта бўлиб, унинг таркибидаги маъмурий бирликлар «ихшидлик» ҳисобланмайди. «Ихшид» ўзига тенг мавқедаги «ихшид» унвонли ҳукмдор устидан ҳукмронлик қилиши мантиқан нотўғри бўлар эди. Бундан ташқари, конфедерация бирлашган ҳукмдорлик сони ҳам 11 та эмас. Суғд конфедерациясининг 9 та ҳукмдорлиги бўлиб (ихшидлик маркази Самарқанд билан бирга), Афросиёб деворий суратларида келтирилган 11 та туғ Ғарбий турк хоқонлигининг хоқон, яъни «Ўн Ўқ» ва «ябғу-хоқон»га тегишлидир. Афросиёб деворий суратларининг Ғарбий деворидан жой олган 9 туғ эса Суғд ҳукмдорликларига оид бўлиб, улар хитой йилномалари, суғдий ҳужжатлар ва арабий манбаларда учрайдиган Самарқанд (конфедерация маркази), Кеш, Нахшаб, Маймурғ, Панч, Иштихон, Кабудон, Кушония, Фай ҳукмдорликлари ҳисобланади32.
Зарафшон тоғ тизмаси жанубда Самарқанд ва Қашқадарё воҳасини ажратиб турган табиий чегара ҳисобланган. Бу табиий чегара Суғд конфедерациясининг маъмурий тизимининг вужудга келишига ҳам таъсир этган омил эканлиги шубҳасиз. Конфедерация маркази Самарқанд ҳукмдорлиги Дарғом ва Сиёб каналлари орасида жойлашган бўлиб, ундан шарқда Панч, жанубда Кеш ва Нахшаб, унинг шимоли-ғарбий ҳудудида Иштихон, шимолда Кабудон ҳукмдорликлари жойлашган. Самарқанднинг жанубий-шарқида эса Маймурғ ҳукмдорлиги жойлашган бўлиб, конфедерация маркази бўлишига сабаблардан бири ҳам Самарқанднинг Суғд марказида жойлашганлигида бўлган33.
Хитой йилномаларида Каng иероглифи Самарқанд топонимининг қисқартирилган хитойча транскрипцияси эканлиги келтирилади. Иккинчи иероглиф guo «давлат» ёки «ҳукмдорлик» маъносини англатади. Қадимги хитойликлар Самарқанддан келган кишиларни шунинг учун ҳам ҳукмдорлик номидан келиб чиқиб Кан фамилияси билан аташган. Шундай тарзда «Кан» атамаси ҳам жой номи, ҳам Самарқанд сулоласи номи сифатида Хитой манбалари келтирилган.
Самарқанд тўғрисида Хитой йилномаларида кўплаб маълумотлар келтирилган. «Тан шу» йилномасида бу ҳақда қуйидагилар келтирилади: «Самарқанд (бошқа номи «Самогянь» ёки «Лимогянь») Юань-вэй сулоласи даврида «Сиваньгинь» деб номланган. Ундан жанубга Шы (Кеш) ҳукмдорлигигача 150 ли, шимолий-ғарбда Ғарбий Цао (Кабудон)гача 100 ли атрофида, жануби-шарқда Ми (Маймурғ)гача 100 ли, шимолда Марказий Цао (Иштихон)гача 50 ли. Нами (Зарафшон) дарёси унинг марказидан оқиб ўтади. Ҳукмдорнинг (хонадон) исми Вынь. У Юэчжи хонадонидан келиб чиққан. Дастлаб бу хонадон Цилянь тоғларининг (ҳозирги Цинзянь (Хитой)) шимолий қисмида Чжаову шаҳрида истиқомат қилишган. Турклардан мағлубиятга учрагандан сўнг, улар жанубга Пиёзсимон (Помир) тоғларини айланиб ўтишиб, ҳозирги ерлари (Суғд)ни эгаллашган. У (Суғд) Ғарбий ҳудудларнинг катта қисмини итоатда тутган34. Улар қуйидагилар: Ми (Маймурғ), Шы (Кеш), Цао (Иштихон), Хэ (Кушония / Каттақўрғон), Кичик Ань, Нашебо (Нахшаб), Унахэ, Му. Ибодатхонада Ху (суғдий) низоми сақланади».
Юқорида келтирилган «турклардан мағлубиятга учрагандан сўнг ...» маълумоти хитойшуносларнинг фикрича, «Бэй-ши» ва «Суй-шу» йилномаларида «хунлардан мағлубиятга учрагандан сўнг» шаклида келтирилади. Бу ерда хитойлик муаллифлар чалкашликка йўл қўйишган, яъни, Хунлар даврида (тах. милодий III-IV асрларда) бўлиб ўтган воқеликларни Турк хоқонлиги тарихи билан чалкаштириб қўйган бўлишлари мумкин. Эҳтимол, бу ҳолат улар хунлар ва туркларни битта халқ деб билганликлари ёки туркларни хунлардан келиб чиққан, деб талқин қилганликлари билан изоҳланиши ҳам мумкин35.
Хитой йилномаларида келтирилишича, VI асрнинг сўнгги чорагидан VII асрнинг ўрталаригача Самарқандни Шифуби (Тайшеби) (VI асрнинг сўнгги чораги), Кюемучжи (600 – 620)36, Тўнга (642) сингари ҳукмдорлар бошқарган. Самарқанд ҳукмдорларидан Шифуби ва Кюемучжи исмлари бизга йилномалар орқали, Тўнга исми тангалар орқали маълум. 645 йилларда Хитойга элчи жўнатган Самарқанд ҳукмдорининг исми М.Исҳоқов томонидан Вазург шаклида талқин қилинган бўлса, Ғ.Бобоёров ва А.Кубатинлар Тнуга ёки Тонуга (Тўнга) шаклида ўқишни тўғри деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, айни тадқиқотчилар Самарқанддаги Ўн Ўқ сулоласига Вархуман эмас, балки ундан олдин Тўнга асос солган деб тахмин қилишади. Лекин «сиртмоқ» ва «трискелес» шакллар туширилган тангалар суғдий тангалар каталогида анча кўп бўлиб, улардаги суғдий ибораларни ўқишда бугунги кунга қадар якдиллик йўқ. Ёзма манбаларда эса Тўнга ҳақида маълумот келтирилмаган37.
Do'stlaringiz bilan baham: |