9-§ «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш
44. «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки туман (шаҳар) филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олиш истагида бўлган ёшларга тижорат банкларга ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
тадбиркорлик ташаббусига эга ёшларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш;
микрокредит олган ёш тадбиркорлар фаолиятини доимий кузатиб бориш ҳамда уларга маслаҳат ва кўмак бериш институтини шакллантириш;
ўқув курсларини тамомлаб ва кейинчалик микрокредит олиб фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилиб боришнинг ягона «рақамли» тизимини жорий этиш;
банк мижозлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун харидорлар топиш ва бозорларни кенгайтиришда кўмаклашиш.
45. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 ноябрдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4862-сон қарорининг 5-бандига мувофиқ, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш марказлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, махсус сертификатни олган ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан қуйидагича микрокредит ажратилади:
тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Кредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида белгиланади.
Кредитларни илгари олинган кредитлар ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, шахсий эҳтиёж учун автотранспорт сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автотранспорт воситасининг таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда қонун ҳужжатлари ва Марказий банкнинг қоидаларига кўра тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди.
Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.
46. Тижорат банклари томонидан ёшларга балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда фаолиятларини ташкил этиш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратилади.
Бунда, Савдо-саноат палатаси, «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари жойларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |