3-боб. «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш
1-§. «Темир дафтар»га киритилган оила аъзоларини ишга жойлаштириш
11. «Темир дафтар»даги оилаларнинг ишсиз аъзолари бандлигини таъминлаш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан инвестиция бўлимлари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, тижорат банклари билан ҳамкорликда тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларда яратилаётган янги иш ўринларига ишга жойлаштириш;
туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда мавжуд вакансия ва захира (квота) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан қишлоқ ҳўжалиги бўлимлари билан биргаликда кооперативларга жалб этиш, ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш ва оборотдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш ҳисобига бандликни таъминлаш;
туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан солиқ идоралари, тижорат банклари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил равишда банд қилишни ривожлантиришга доир фаолиятни ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш;
туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан марказлашган манбалар ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш объектлари ҳамда барча манбалар ҳисобига уй-жой қурилиши объектларига ишга жойлаштириш.
Ушбу бандда кўрсатилган йўналишлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
2-§. «Темир дафтар»га киритилган оилаларга томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш
12. Туман (шаҳар) ҳокимликлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши, тижорат банклари билан ҳамкорликда «Темир дафтар»га киритилган оилаларда томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали бандликни таъминлашда қуйидаги йўналишларда кўмаклашади:
енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;
парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;
«Томорқа хизмати» ташкилотлари ва «Дала дўконлари»ни ташкил этиш.
«Темир дафтар»га киритилган оилаларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратиш, ажратилган ер майдонларини суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ва электр энергияси билан таъминлаш, берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ, кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратиш ишлари амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |