IV. Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва қурилиш ишларини бажариш ҳуқуқига рухсат бериш 20. Уй-жой қурилиши намунавий ёки якка тартибда ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича амалга оширилиши мумкин, якка тартибда ишлаб чиқилган лойиҳа туман (шаҳар) архитектори билан келишилиши керак.
21. Уй-жой қурилишига лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади:
ерости ва ерусти муҳандислик коммуникациялари акс эттирилган ер участкаси режаси;
уй-жойнинг пойдеворлари, ертўлалари, қаватлари, кесимлари ва фасадлари режалари;
смета-молия ҳисоб-китоби (кредит олишга эҳтиёж бўлганда).
22. Мазкур Низомда белгиланган тартибда келишилган уй-жой қурилишига якка тартибдаги ёки намунавий лойиҳа уй-жой қуриш бўйича қурилиш ишларини бошлаш учун асос ҳисобланади.
23. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши:
пудрат усули билан;
хўжалик усули билан (қурувчиларнинг ўз кучи билан) амалга оширилиши мумкин.
24. Уй-жой, ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар қурилиши шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.
25. Бир ер участкасида икки ёки ундан ортиқ оилага тегишли бўлган бир нечта уй-жой қурилишига йўл қўйилади.
26. Якка тартибдаги уй-жой қурилишини молиялаштириш якка тартибдаги уй-жойни қураётган шахснинг (кейинги ўринларда «қурувчи» деб юритилади) ўз маблағлари, банкнинг ипотека кредитлари ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
[ОКОЗ: 1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.04.00.00 Фуқаролик қонунчилиги объектлари / 03.04.03.00 Моддий неъматлар / 03.04.03.02 Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш]
V. Уй-жойларнинг техник назорати, уларни қабул қилиш, хатловдан ўтказиш ва уларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш 27. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши устидан техник назоратни қурувчи амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси буюртмачи сифатида жалб этилганда якка тартибда уй-жой қурилишининг бориши устидан техник назорат функциясини инжиниринг компанияси амалга оширади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 44-сон, 464-модда) Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари уй-жой қурилишида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар.
28. Уй-жой қурилиши тугаллангандан кейин қурувчи туман (шаҳар) ҳокими томонидан уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан ташкил этиладиган қабул қилиш комиссиясига мурожаат қилади.
Қабул қилиш комиссияси жойнинг ўзига бориб қурилиши тугалланган уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси тузади.
Олдинги таҳрирга қаранг. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси 10 кун муддатда янгидан қурилган (реконструкция қилинган) уй-жойни техник хатловдан ўтказади ҳамда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органлари билан келишув бўйича уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида ҳокимнинг қарори лойиҳасини киритади.
(28-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда) 29. Уй-жойлар қурувчининг ўз кучи билан қурилган ҳолларда битта (иккита) турар жой хонаси, ошхона, ҳожатхона, уй фасадининг ташқи безаги қурилиши тамом бўлгандан, лойиҳага мувофиқ уй муҳандислик коммуникациялари билан таъминлангандан кейин алоҳида ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотларсиз ва ҳудудни ободонлаштирмасдан уйнинг бир қисмини фойдаланишга қабул қилишга йўл қўйилади.
30. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори тегишли қарор лойиҳаси киритилгандан кейин икки кундан кечикмай қабул қилинади.
Ҳокимнинг қарорига мувофиқ уй қурувчига уй дафтари берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг. 31. Уй-жойга мулкчилик ҳуқуқи «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин қурилган уй-жойга мулкчилик ҳуқуқи пайдо бўлади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)