Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот иши республика фан ва технологиялари ривожланишининг I. “Демократик ва ҳуқуқий жамият, маънавий-маърифий, маданий ривожланиш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш” дастурининг устувор йўналишига мос келади.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Самарқанд вилояти ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига бағишланган адабиётларни ва тадқиқотларни хронологик жиҳатдан шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга совет ҳокимияти йилларида нашр қилинган тарихий адабиётлар, иккинчи гуруҳга мустақиллик йилларида амалга оширилган тадқиқотлар ва учинчи гуруҳга хорижда нашр қилинган асарлар киради.
Биринчи гуруҳ тарихий адабиётларида3 муаммога коммунистик мафкура, синфийлик назарияси ва марксча-ленинча методология доирасида ёндашилган. Бу асарларнинг барчаси коммунистик мафкура асосида ёзилган бўлиб, уларда Самарқанд вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий жараёнлар, ер-сув ислоҳоти, қулоқлаштириш, ёппасига жамоалаштириш, саноатлаштириш ҳамда маданий соҳада олиб борилган сиёсатнинг мураккаб томонлари тўла очиб берилмаган. Ҳукмрон коммунистик мафкуранинг таъсири боис ушбу адабиётларда бу даврда амалга оширилган ишларнинг ҳаммаси “Октябрь инқилоби” нинг маҳсули эканлиги кўрсатиб ўтилган. Ҳолбуки, бу даврда нашр қилинган адабиётларда илк бор архив ҳужжатларидан фойдаланилган бўлса-да, улардан совет ҳокимиятининг манфаатини ифодаловчи хулосалар чиқарилди.
Иккинчи гуруҳга оид мустақиллик йилларида нашр этилган коллектив монографияларда4, Р.Аминова, А.Голованов, Д.Алимова, Р.Муртазаева, Р.Шамсутдинов, С.Аъзамхўжаев, Р.Абдуллаев, Д.Зияева, Қ.Ражабов, Ш. Ҳайитов, А.Расулов, С.Шодмонова, Б.Расулов, М.Абдуллаев ва бошқалар томонидан нашр этилган адабиётларда5 ҳамда И.Шоймардонов, Ж.Абдураҳмонова, М.Абдуллаев, А.Тойиров, Х.Қурбонов, О.Рашидовларнинг диссертацияларида6 совет ҳокимиятининг Ўзбекистонда (Самарқанд вилоятида ҳам) амалга оширган ёппасига коллективлаштириш сиёсати ва унинг оқибатлари, таълим тизимида мустабид совет тузумининг олиб борган қатағон сиёсати, қулоқлаштириш ҳамда сургун жараёни, амалга оширилган оммавий қатағонлар, совет ҳокимиятининг миллий сиёсатида давлат идораларини маҳаллийлаштириш борасидаги ишлари илмий асосда атрофлича ўрганилиб таҳлил қилинган. Бироқ ушбу тадқиқотларда совет бошқаруви даврида Самарқанд вилоятида хўжаликларни ёппасига жамоалаштириш, оммавий қатағон ва террор сиёсати ҳамда унинг оқибатлари чуқур таҳлил қилинмаган.
Учинчи гуруҳга мансуб хорижий тадқиқотчиларнинг асарларида7 ҳам совет ҳокимияти даврида Самарқанд тарихи масалаларининг баъзи жиҳатлари ёритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |