8-чизма. Ишлаб чиқариш имкониятлари эгри чизиғи.
Биз иқтисодиёт ресурсларнинг тўлиқ бандлиги ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ ҳажми билан хусусиятли деб ҳисобладик. Агар банд бўлмаган ресурслар бўлса ёки ресурслари самарасиз фойдаланилса (тўлиқ фойдаланилмаса) иқтисодиёт жадвалда кўрсатилган ҳар бир муқобил вариантдагидан камроқ маҳсулот ишлаб чиқарган ва бу чизмада келтирилган ишлаб чиқариш имконияти эгри чизиғининг ичида жойлашган бўлур эди.
Агар ресурсларнинг миқдори ва сифати ҳамда технология ўзгарса иқтисодиётда ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми ҳам (ишлаб чиқариш имконияти эгри чизиғининг ҳолати) ўзгаради. Мавжуд ресурсларнинг кўпайиши ҳар бир вариантда битта ёки ҳар иккала маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига олиб келади.
Биз таҳлилда технология доимий ёки ўзгармай қолади деб ҳисобладик. Хақиқатда техника ва технология доимий такомиллашиб, ўзгариб боради. Дастлаб техника тараққиёти фақат ишлаб чиқариш воситаларининг такомиллашувига, анча самарали машина ва ускуналарининг яратилишига олиб келади, деб ҳисоблаймиз. Бунда техника тараққиёти ишлаб чиқариш имкониятларининг ошишига олиб келади, жамият ресурсларнинг ўзгармаган миқдорда кўпроқ товарлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.
Иқтисодий ўсиш маҳсулотнинг кўпроқ умумий ҳажмини ишлаб чиқариш лаёқати бўлиб, у ресурслар таклифининг кўпайиши ва техника тараққиёти натижаси ҳисобланади. Иқтисодий ўсиш ресурсларнинг тўлиқ бандлигида иқтисодиётнинг ҳам нон ва ҳам тегирмон ишлаб чиқаришнинг кўпроқ ҳажмини таъминлаши ҳисобланади. Турғун иқтисодиёт кўпроқ У маҳсулот олиш учун Х маҳсулотнинг бир қисмидан воз кечишга мажбур бўлса, динамик, ўсиб борувчи иқтисодиёт Х ва У маҳсулотларнинг кўпроқ миқдорига эга бўлиш лаёқатини билдиради. Одатда иқтисодий ўсиш жамиятнинг ҳар хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қувватининг мутаносиб кўпайишига олиб келмайди. Айрим маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиши, бошқалари ўзгаришсиз қолиши мумкин.
5-§. Ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги ва унинг кўрсаткичлари.
Ишлаб чиқариш самарадорлиги ва уни ошириш масаласи хар доим иқтисодиёт назарияси фанининг долзарб муаммоси сифатида, унинг диққат марказида бўлиб келади. Айниқса ҳозирги пайтда бу масала янада кескин қўйилмоқда. Бунинг сабаби шундаки, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширмасдан туриб мамлакатимиз олдида турган муҳим масала мустақил иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш вазифасини амалга ошириб бўлмайди. Самарадорликнинг иқтисодий мазмуни сифатида ҳар доим ишлаб чиқаришнинг провард натижаси билан унга авансланган ресурслар, маблағлар ёки қилинган ҳаражатлар ўртасидаги нисбат тушинилади.
Лекин, турли ижтимоий-иқтисодий тизимлар шароитида шу жамиятнинг мақсадидан келиб чиқиб, самарадорлик муаммосининг туб моҳияти ўзгаради. Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришнинг асосий мақсади фойда олишга қаратилганлиги сабабли ҳар бир иқтисодий субъект кўпроқ фойда олишга интилади. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини олинган фойданинг (Ф) ишлаб чиқаришга сарфланган ресурс харажатларига (ИХ) нисбати билан аниқланади, яъни:
.
Бу ерда: Р’ - фойда нормаси, ИХ – иқтисодий ресурс харажатлари.
Иқтисодий адабиётларда самарадорликнинг бош мезони ҳақида ҳам бир қанча фикрлар мавжуд. Айрим олимлар ишлаб чиқариш самарадорлигининг бош мезони фойда, бошқа бирлари эса ялпи миллий маҳсулот, cоф маҳсулот, учинчилари миллий даромад, тўртинчилари эса қўшимча маҳсулот деб кўрсатадилар. Биз ҳозир бу ерда фикрларнинг қайси бири тўғри эканлиги ҳақида батафсил тўхтолмаймиз, лекин шуни айтиш керакки, кўпчилик олимлар томонидан бозор иқтисодиёти шароитида самарадорликнинг бош кўрсаткичи олинган фойданинг харажатларга нисбати, яъни рентабеллик ёки фойдалилик даражаси билан белгиланади деб тан олинади. Ишлаб чиқариш самарадорлиги кўп қиррали масала бўлиб, бу айтилган биргина асосий кўрсаткичда, уни тўла равишда ҳар томонлама ифодалаб бўлмайди. Шунинг учун ишлаб чиқариш самарадорлигини тўла ифодалашда унда қатнашган омилларнинг унумдорлигини, улардан самарали фойдаланиш даражасини билдирадиган кўрсаткичлар тизимидан фойдаланилади.
Булардан бири меҳнат унумдорлигидир. Меҳнат унумдорлиги деб ишчи кучининг вақт бирлиги мобайнида маҳсулот яратиш қобилиятига айтилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг (истеъмол қийматининг) сарфланган меҳнат миқдорига нисбати билан белгиланади. Сарфланган меҳнат миқдори эса ишланган вақт билан, киши куни, киши соати ва ҳ.к. билан белгиланади. Агар меҳнат унумдорлигини МУ, маҳсулотни М билан, сарфланган иш вақтини эса - В билан белгиласак, меҳнат унумдорлиги қуйидагича аниқланади: .
Меҳнат унумдорлиги сарфланган жонли меҳнатнинг ҳар бир бирлиги эвазига яъни киши куни, киши соати ҳисобига ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдори билан аниқланади.
Самарадорликни аниқлашда капитал унумдорлиги деган кўрсаткичдан ҳам фойдаланилади ва унда ишлаб чиқаришда қатнашган капиталнинг ҳар бир бирлиги эвазига олинган маҳсулот, даромад ёки фойда билан аниқланади. Агар капитал унумдорлигини - КУ деб, ишлаб чиқаришда қатнашган капитал миқдорини - К, маҳсулотни - М, ялпи даромадни - ЯД билан, фойдани - Ф билан белгиласак қуйидаги формулалар ҳосил бўлади:
; ; .
Ишлаб чиқаришнинг муҳим омилларидан бири ер ҳисобланиши сабабли ердан фойдаланиш самарадорлиги кўрсаткичи ҳам аниқланади. Бу кўрсаткич олинган маҳсулот ҳажмининг ер майдонига (гектарга) нисбати билан ҳисобланади.
Самарадорликни аниқлашда бу кўрсаткичлардан ташқари маҳсулотнинг меҳнат сиғими, материал сиғими, энергия сиғими деган кўрсаткичлар ҳам қўлланилиб, улар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ҳар бир бирлигини яратиш учун кетган, ёки ишлаб чиқариш учун зарур бўлган меҳнат, энергия ва моддий ашёлар миқдорини ифодалайди.
Бу кўрсаткичларнинг ҳар бири ишлаб чиқаришда қатнашган турли омиллар самарадорлигини ифодалаб, бир-бири билан чамбарчарс боғлиқ ва бир-бирини тўлдиради.
Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун унга таъсир қиладиган омилларни ҳам билиш зарурдир. Ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга бир қанча омиллар таъсир қилади:
1. Илмий-техник тараққиётни тезлаштириш ва унинг натижаларини тезлик билан ишлаб чиқаришда қўллаш.
2. Ишлаб чиқаришни рационал жойлаштириш, ихтисослаштириш ва кооперациялаш.
3. Иқтисодиётнинг таркибий қисмларини ва унинг ташкилий бўғинларини ўзгартириш.
4. Ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг фаоллигини ошириш.
5. Мавжуд табиий, моддий ва меҳнат ресурсларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш, янги, арзон, сифатли хомашё ва энергия турларини, экинларнинг янги ҳосилдор навларини, чорва молларининг маҳсулдор зотларини топиб ишлаб чиқаришга жорий қилиш.
6. Кишиларнинг билим савиясини, малакасини ошириш, етук ишчи ва мутахассислар тайёрлаш.
Бу санаб кўрсатилган омиллар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун таъсир қиладиган асосий ва бутун иқтисодиётнинг барча соҳалари учун умумий омиллардир. Булардан ташқари аниқ олинган хўжаликларда, тармоқларда ва худудларда самарадорликни оширишнинг шу жойнинг шароитлари хусусиятидан келиб чиқадиган қанчадан-қанча омиллари борки, уларни топиб ишга солиш ва фойдаланиш самарадорликни кескин оширишнинг кенг имкониятлари бўлиб, ҳисобланади. Биз бу ерда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг ҳамма омиллари тўғрисида батафсил тўхтала олмаймиз. Лекин унинг муҳим ва ҳозирги кунда республикамиз учун долзарб омилларидан бири бўлган илмий техника тараққиёти тўғрисида қисқача тўхталамиз.
Фан-техника тараққиёти фан соҳасидаги ишлаб чиқариш қуроллари, технология, бошқариш ва бошқа кўпгина ўзгаришларни ўз ичига олади. Ҳозирги даврда фан-техника тез суръатлар билан тараққий қилмоқда ва у илгариги техника тараққиётига қараганда бирмунча афзалликларга эгадир.
Ҳозирги даврдаги фан-техника тараққиёти афзаллиги шундаки, илғор мамлакатларда фан янгиликлари тезлик билан ишлаб чиқаришга жорий қилинади, бинобарин фан бевосита ишлаб чиқарувчи кучга айланиб боради.
Ҳозирги даврдаги ишлаб чиқаришнинг техник базасини мустаҳкамлаш электроника, радиоэлектроника, телемеханика, атом энергияси, химия ва бошқа фанларнинг эришган ютуқлари билан бевосита боғлиқдир.
Хуллас фаннинг эришган ютуқлари ишлаб чиқаришнинг тараққиёти учун ва унинг иқтисодий самарадорлиги учун чексиз имкониятлар очиб беради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон давлати фан-техника тараққиётига катта эътибор бериб, уни кескин жадаллаштиришни, техниканинг энг юқори унумдор ва самарадорликни таъминловчи янги туркумларни, принципиал жиҳатдан янги технологияларни кенг жорий этиш вазифасини қўймоқда. Фан тараққиётининг натижаси ва унинг ишлаб чиқариш билан яқинлашишининг муҳим белгиси такомиллашган, чидамли ва унумли меҳнат қуроллари ва предметларини вужудга келтириш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш ҳисобланади. Ишлаб чиқаришга янги унумли меҳнат қуроллари ва сифатли меҳнат предметлари қанча кўп кириб келса жонли меҳнат шунча кўп меҳнат воситаларини ҳаракатга келтиради ва кўп истеъмол қиймати яратади. Давлатнинг инвестиция сиёсати ресурсларни фан-техника тараққиётининг илғор соҳалари бўлган авиация, машинасозлик саноатини, информатика, электроника, атом энергетикаси, ишлаб чиқариш соҳаларини комплекс механизациялаш, автоматлаштириш, янги материалларни яратиш ва буларга ишлов бериш технологияси сингари муҳим йўналишларига жалб қилишга қаратилгандир. Шунинг учун ҳам фан-техника тараққиётининг эволюцион ва революцион шаклларини фарқламоқ лозим. Фан-техника тараққиётининг эволюцион шаклда ривожланиши деганда, унинг мавжуд технологияси асосида, машиналар ва ускуналар қисман модернизациялаш асосида ривожланиши тушунилади.
Революцион шаклда ривожланиши деганда эса, фан-техниканинг бир қанча соҳаларида бирданига катта ўзгаришлар бўлиб, техниканинг энг сўнгги янгиликларини, авлодларини ишлаб чиқаришда қўллаш, принципиал янги технологик тизимга ўтиш тушунилади. Фан-техника тараққиётининг кейинги шаклда ривожланиши юксак самара беради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.А.Каримов ўзининг асарларида иқтисодиётнинг барча тармоқларини ҳозирги замон фан ва техникасининг энг янги ютуқлари билан қайта қуроллантириш лозимлигини таъкидламоқда. Бунинг учун аввалом бор техника тараққиётининг асосини ташкил этувчи ишлаб чиқаришнинг ҳамма соҳаларини янги, унумдор, арзон техника билан қуроллантирувчи машинасозликни ривожлантиришга эътиборни қаратмоқ лозимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |