2.2. Доривор ўсимликлар интродукция қилинган ҳудуднинг тупроқ - иқлим шароити ва ўсимликлар дунёси
Илмий тажрибалар Мирзачўлда (Сирдарё вилояти, Ховос тумани «Дўстлик» жамоа хўжалиги) ва Бухоро воҳасининг (Навоий вилояти Қизил-тепа тумани «Варозун» жамоа хўжалиги) шўрланган ерларида ўтказилди. Бу ҳудудлар учун хос бўлган иқлим, тупроқ шароити ва табиий ўсимликлар дунёсига қисқача таҳлил бериб ўтамиз.
2.2.1. Мирзачўл
Мирзачўл шароитида олиб борилган тажрибалар ўтказилган район, Мирзачўл ҳудудининг ўзига хос текислик рельефига эгадир. Бу текислик Туркистон тоғларидан шимол ва шимол-ғарбга томон пасайиб келади (эгрилик бурчаги 0,006 дан 0,01 гача). Текисликнинг энг қуйи қисми денгиз сатҳидан 230-240 м баландликда ва тоғ олди қисми эса денгиз сатҳидан 300-350 м жойлашган. Мирзачўлнинг умумий ер майдони 700 минг га дан кўпроқ бўлиб, шундан 30 -35% дан ортиқроқ қисмини суғориладиган ва деҳқончилик учун ярайдиган ерлар ташкил этади [153]. Бу ерларнинг жуда кўп қисми иккиламчи шўрланган бўлиб, ўзлаштириш (мелиорация) режаларини амалга оширишга зарур.
Иқлим. Биз иқлим шароитининг тавсифини беришда, тажрибалар ўтказилаётган жойга яқин жойлашган Янгиер об-ҳавони текшириш марказининг маълумотларидан фойдаландик [58]. Бу марказ Мирзачўлнинг жанубий шарқий қисмида, денгиз сатҳидан 230-240 м баландликда жойлашган. Бу районнинг иқлими яримчўл иқлимига хос бўлиб, бир оз юмшоқ воҳа шароитига ўхшашдир.
1986 - 1990 ва 1997 - 1999 йиллар давомида юқори ҳавонинг ҳарорати-нинг ўртача ойлик кўрсаткичи +28,5 °С ни ташкил этган. Паст кўрсаткич эса 0,5°С гача етди. Энг иссиқ ой июл ҳисобланиб, бу ойда ҳаво ҳарорати +32,7°С ва ўртача ойлик кўрсаткич 26,8-28,5°С ни ташкил этди. Ўртача йил-лик ҳаво ҳарорати 14,4-15,6°С гача бўлган оралиқда кузатилган (3 - илова).
1986-1990 йилларда ёғингарчиликнинг умумий миқдори 198,0 мм дан 368,4 мм гача оралиқда бўлди ва унинг ўртача миқдори 281,4 мм ни ташкил этди. Ёғингарчилик даври асосан қиш ва баҳор ойларида кузатилиб (20% га яқин), ёғингарчилик кўп бўладиган ойлар март-апрел ҳисобланади. Бу ойларда намлик миқдори 23,3 мм дан 72,1 мм гача ва 21,6 мм дан 130,1 мм гача етади. Энг кўп қурғоқчилик бўладиган ойлар июл ва август ҳисобланиб, ёғингарчилик миқдори 10,0 мм га етади (4 - илова).
Ҳавонинг нисбий намлиги Мирзачўлда йил давомида жуда тез ўзгариб туради. Қиш вақтида бу кўрсаткич юқори бўлиб, 83% гача етади ва ёз ойларида 38% гача пасайиб кетади (5 - илова).
Қиш ойларида тупроқнинг юқори қатламидаги ўртача ойлик ҳарорати
- 1°С дан +4°С гача оралиқда бўлади, ёзда (июл-август) у юқорилашиб +36...+37°С га ва ундан ҳам кўтарилиши мумкин. Иссиқ ва илиқ кунларнинг узунлиги 220 дан 300 кунгача чўзилади (6 - илова).
Бу район учун кучли ва доимо эсиб турувчи шамолнинг бўлиши хосдир. Бу жойлар Мирзачўл текислигининг маркази бўлиб, Бекобод дарвозасидан жуда кучли оқиб келадиган шамол йўлида жойлашгандир. Баҳор ва ёз ойларида шамолнинг доимо эсиб, кучайиб туриши тупроқнинг қатлам-ларини қуритиб юборади ва тузни тупроқнинг юқори қатламларига кўтарили-шини тезлаштиради. Қиш ойларида эса, кучли шамол қорни ер устини беркитишига йўл қўймайди ва оқибатда тупроқнинг юқори қатламлари музлайди. Ҳаво ҳарорати илиқроқ келадиган қишда шамол тупроқнинг жуда ҳам қуриб қолишига сабаб бўлади (7 - илова).
Геологик хусусиятларига кўра, Мирзачўл жуда ҳам кучли синклинал типдаги тоғ оралиғи шаклини (тушув жойи) намоён этади. Унинг туби ва чекка қисмлари азалий жинслардан иборат бўлиб, қалин тўртламчи қатлам билан қопланган [153]. Мирзачўлда тўртламчи қатламнинг ҳосил бўлиши мураккаб кечиб, у 260-320 м кучни намоён этади, бу турли генезислар аккумуляцияси натижасида содир бўладиган аллювиал қатламлар ва уларнинг ўзаро алмашинувидан иборат. Улар тез ўзгарувчан (континентал) юқори намгарчилик билан ташкил бўлиб, туташув жойида тўқ кул ранг, тўқ сариқ, тўқ қизил рангларда қаттиқ , енгил ёки ғовак гил ҳолида намоён бўлади [153].
Мирзачўл келиб чиқиши билан икки алоҳида, бир-бирига ўхшамаган, шимолий ва жанубий районга бўлинади. Жанубий томонда турли хил тупроқ қатламларининг вужудга келишида ва шаклланишида проаллювий ва аллювий қатламлар жуда катта ўрин эгаллайди. Шимолий қисмлардаги қатламларнинг шаклланишида жуда қалин бўлган қум, қум-тошли ариқлардаги оқиндилар ва оқинди жинслар ўрин эгаллайди [153,100].
Мирзачўлда тузларнинг вужудга келиши иккиламчи ва кейинги аллювиал кўчишлар (конус выноса) дан ёки бирламчи ва иккиламчи ер ости тупроқ капиллярлари ва кўллардан содир бўлади. Иккиламчи ер ости тупроқ капиллярлардан тузларнинг келиб чиқиши Шўрузак атрофидаги тупроқларга хосдир [153]. Деҳқончилик бошлангунгача бўлган даврда бу депрессия атрофини тўқ кулранг тусдаги шўрхок тупроқли ерлар ташкил этган [85].
Мирзачўлнинг суғориладиган ерларида тупроқнинг муҳим хусусиятларидан бири, бу қаттиқ гипсли «орзык» қатламдир. Келиб чиқиши билан улар бир-бирига алмашинув қатламини ўзида намоён этади. Қатламлар ҳосил бўлиш даврида улар ички ва ташқи йўналиш, бир-биридан фарқ қилувчи эрувчан моддаларни ва уларнинг таркибини шакллантиради. Қаттиқ эрувчан фазалар, эритмалардан ажралиб бир-неча хил тузларни ҳосил қилади. Бунинг натижасида гипс ва жуда ҳам қаттиқ қатлам «орзык» вужудга келади [100].
Мирзачўлнинг бу қисмида кулранг шўрхоклар ва тепа қисми ғовак бўлган шўрхок тупроқлар ёки жуда кўп бўлмаган, тарқоқ ҳолда жойлашган кулранг тусдаги шўрланган тупроқлар ҳам учрайди. Мирзачўлнинг шўр ерларида тупроқ шўрланишининг характери ва даражаси ҳар хилдир. Тузлар ер ости сизот сувлари орқали тоғ томондан текислик томонга йўналади. Кўчиб келган тузларнинг ката-катта қисмлари текисликнинг атрофларида келиб чўкиб қолади [153]. Масалан, бир литр Сирдарё дарёсининг сувида 0,3-0,6 г сувда эрувчан тузлар мавжуд бўлиб, бир йил мобайнида бу дарё сувлари орқали шундай тузларнинг 6620 т си оқади. Мирзачўлда ерларнинг ўзлаштирилиши даврида бу тузларнинг асосий қисми кўп жойларга тарқалади, қолган қисми дарё орқали сув ҳавзаларига ва Орол денгизига бориб тушади [11].
Гидрология. Мирзачўлнинг суғорилмайдиган жануби-шарқий қисмида ва Нурота тоғларининг пастки қияликларида ер ости сувларининг жойланиши 15 м ва янада чуқурроқда бўлади. Ер ости сувлари Туркистон тоғларининг пастки қияликларида, Жиззах ва Зомин чегараларидаги конуссимон шаклдаги текисликларда 17,5-20,0 м гача ёки Мирзачўлнинг марказий қисмида 20 м дан чуқурроқдадир. Шимолда, яъни Жеттисой, Сардоба ва Арнасой атрофида ер ости сувлари 5,0-7,5 м гача кўтарилиб Шўрузак массивида 2,0-2,5 м гача етади [11].
Туркистон ва Нурота тоғларининг пастликларидаги текисликларда сувларнинг минераллашуви, суғорилгунча бўлган даврда сувда эрувчан тузларнинг зич қолдиғи 1 г/л ва шимолий-ғарбий қисмлардаги депрессияда 2,5-5,0 г/л дан ошмайди. Мирзачўлнинг марказий қисмида ер ости сувларнинг минерализацияси 10-15 г/л ни ташкил этади[11,155,157]. Шўрузак ва Жеттисой массивларида ер ости сувларининг минераллашуви юқори бўлиб, 17-20 г/л га етади. Ер ости сувларининг минераллашуви Арнасой районида жуда ҳам юқори бўлиб, 60-90 г/л га етади ва бундан ҳам ошиши мумкин. Шундай қилиб, Мирзачўлда суғорилиш бошлангунга қадар бўлган даврда ер ости сувларининг минерализацияси ҳар хил бўлган. Ерларнинг ўзлаштирилишидан сўнг эса, маълум вақтда тупроқнинг юза қисми очилиб, қуёш нури таъсирида (инсоляция) ер ости сувларининг юқори қатламларга кўтарилиши жадаллашган. Ер ости сувларининг кўтарилиши билан бирга, тупроқ капиллярлари орқали сувда эрувчан тузлар ҳам кўтарила бошлайди. Уларга ош тузи, нормал сода, магний карбонат, кальций хлориди, глаубер тузи, натрий бикарбонати, оҳак, кальций бикарбонат кабилар киради [100,11,157].
Ўсимликлар қоплами. Ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланишида юқорида кўрсатилган хлор сақловчи тузлар (NaCl, MgCl2, CaCl2), нормал сода ва натрий бикарбонат тузлари жуда ҳам зарарлидир. Депрессияда сульфат типидаги шўрланган тупроқларда вақт давомида хлорид-сулфат-хлоридлар алмашинуви (литология) бўлиб туради. Шундай қилиб, Мирзачўлда тупроқ шўрланишининг характери ўша жой тупроқ юза қатламининг тузилишига боғлиқдир.
Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши билан тупроқларнинг туз ва сув режими ўзгарди, бу эса шу райондаги ўсимликлар қопламининг таркибига ва ривожланишига сезиларли даражада таъсир этди. Ўзлаштиришгача бўлган даврда бу районларни эфемер типидаги ўсимликлар эгаллаган [157,92]. Кейинчалик «эфемер кенгликлар» фақат катта бўлмаган майдонлардагина сақланиб қолинган. Улар ўз ўрнини шўрда ўса оладиган ўсимликларга бўшатиб берган. Мирзачўл шароитида, эфемер (Қ.З.Зокиров (1956) нинг айтишича ранг ўсимликлар) ва шўрланишга чидамли галофит ўсимликлар таркибига тавсиф берилган [21,92].
Эфемер ёки шўрга чидамли ўсимликлар қопламига ва тузилишига, майдонларни жадал қоплаб бораётган иккиламчи шўрланишлар билан боғлиқлигига батафсил тўхталиб ўтирмаган ҳолда, фақат тажрибалар ўтказилган ҳудудга хос бўлган ўсимликларнинг асосий туркумларини ва гуруҳларини санаб ўтамиз.
Шўрузак пастқам текислигида эфемерлар-шўрда ўса олувчи ўсимликлар қўнғирбошлар (мятлик) гуруҳи (ранг) ва шувоқлар ассоциациялари алоҳида ажралиб туради [104,202,118].
Қўнғирбошлар ассоциациясига асосий эдификатор бўлиб Poa bulbosa L., Garex pachystylis G. Goy. хизмат қилади. Уларнинг орасида Phleum paniculatum Hucls., Lepidium perfoliatum L., Microcephala lamelata (Bunge) Pobed., Psylliostachys anceps (Regel) Roslik. каби турлар ва Hordeum L., Bromus L. туркумлари киради [104,202,118].
Эфемероидлар Psoralea drupacea Bunge, Phlomis thapsoides Bunge, Ph. bucharica Regel, Cousinia spiridonivii Juz. ва бошқа кўп йиллик ўт ўсимликлардир.
Шувоқли эфемерлар ва шувоқли шўралар ассоциациялари, яъни Artemisia terrae-alba Krasch., юқорида кўрсатилган эфемерлар ва эфемероид-лар ёки шўралар билан бир жойда ёки кўп ҳолларда алоҳида ўсади.
Шувоқли шўралар ассоциациялари қисмларига Halocharis hispida (C.A. Mey.) Bunge, Anabasis turkestanica Korov., Cirgensohnia oppositiflora (Pall.) Pensl., Salsola crassa M. Bieb., S. sclerantha C.A. Mey., S. dendroides Pall., Limonium atolepis (Schrenk.) Kuntze, L. reniformе (Gigord.) Linsz. турлар ва Halostachys C.A.Mey., Petrosimania Bunge туркумлар иштирок этади [104,105,202,118].
Илмий тажрибалар ўтказилган майдоннинг тавсифи. Тажрибалар олиб борилган майдон Мирзачўлнинг жануби - шарқий қисмида, Янгиер шаҳридан 8 км шимоли - шарқий томонда бўлган ҳудудда жойлашган. Тажриба майдони очиқ зовурлар билан чегараланган бўлиб, бу зовурлар очиқ коллекторларга бориб қўшилади. Майдон қишлоқ хўжалик алмашлаб экилишидан ўтган асрнинг 60 - йилларида тупроқнинг шўрланиб кетиши натижасида чиқарилган бўлиб, майдоннинг жойлашиш рельефи текисликдан иборат. Танланган майдон шимол томонга бир оз баландлашиб, сўнгра паст-га қияланиб шимоли - ғарб томонга йўналгандир. Майдоннинг мезорельефи ташландиқ ўқариқлар, кўмилган ариқлар ва зовурлар билан тезда кўзга таш-ланиб, муҳандислик ишларини режалаштириш ва текислашни талаб этади.
2.1 - жадвал
Мирзачўлда, тажриба ўтказилган майдонларда тупроқ агрохимик таркибининг дастлабки ҳолати (қуруқ оғирлигига нисбатан сувда эрувчан
Горизонт
|
СО3¢¢
|
НСО3¢
|
Cl¢
|
SO¢¢4
|
Mg¢¢
|
Ca¢¢
|
Na¢+K¢
|
Зич қолдиқ
|
0-10
|
йўқ
|
0,016
|
0,127
|
2,075
|
0,028
|
0,245
|
0,746
|
3,36
|
10-20
|
-
|
0,011
|
0,248
|
1,754
|
0,041
|
0,335
|
0,542
|
2,94
|
20-50
|
-
|
0,008
|
0,288
|
1,657
|
0,049
|
0,337
|
0,502
|
2,89
|
50-100
|
-
|
0,008
|
0,167
|
1,341
|
0,035
|
0,330
|
0,307
|
2,28
|
100-150
|
-
|
0,008
|
0,090
|
1,126
|
0,033
|
0,319
|
0,164
|
1,78
|
0-100
|
-
|
0,009
|
0,207
|
1,551
|
0,039
|
0,324
|
0,433
|
2,64
|
0-150
|
-
|
0,009
|
0,168
|
1,409
|
0,037
|
0,322
|
0,343
|
2,35
|
тузларнинг зич қолдиғи, %).
Тупроқ очиқ кулранг тусда бўлиб, гранулометрик тузилиши жиҳатидан лёссимон гил, қум қатламли ва шағалсимондир. Кучли гипс қатлами билан тавсифланади.
Тупроқнинг илдиз озиқланадиган қатламида сувда эрувчан тузларнинг таркиби 2,89 дан 3,36% гача, 150 см чуқурликда бу кўрсаткич ўртача 2,35%, хлор (Cl) - 0,168%, сульфат (SO4) - 1,409%, Ca-0,322%, Mg - 0,037%, Na - 0,343% ва ишқор HCO3 - 0,009% ташкил этади (2.1 - жадвал).
Майдонда тажрибалар қўйилгунга қадар бўлган ўсимликлар гуруҳи, асосан бегона шўралар бўлиб - Atriplex tatarica L., Karelinia caspia (Pall) Less., Chenopodium album L., Petrosimonia sibirica (Pall) Bge., Limonium atolepis (Schrenk.) Kuntze., Bassia hissopifolia Volk., Salsola micranthera Botsch. ва бошқалардан иборат эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |