2. Назария: моҳияти ва функциялари
Ишлаб чиқилган назария илмий тадқиқотнинг энг самарали натижаси ва якунидир. Унинг самарадорлиги шундан иборатки, назария объект доирасига кирган барча фактларни тушунтиради, ўрганилаётган хосса, алоқадорлик ва қонуниятлар хусусида бир-бутун тасаввур беради, ўзини таркибидаги концептуал унсурлар (тавсиф, тушунчалар, тамойиллар) тизим характерига эга, амалиёт ва технологияга татбиқ қилиш имконияти мавжуд. Назария тушунчаси кенг ва тор маъноларда ишлатилади.
Кенг маънода назария предмет ёки воқеликнинг бирон-бир томонини тушунтирадиган қараш, ғоя ва таълимотларни бирлаштирган билиш шаклидир. Бу типдаги назарияни таркибий қисмлари турли даражада асосланган фактлар тасаввурлар ва тамойиллардан ташкил топган.
Концептуал ядро ролини ўйнаган бир нечта тамойил, раҳбар ғоя қолган тушунчалар, қарашлар, умумлашмалар ва гипотетик хислатга эга бўлган тасаввурларни бирлаштиради, ҳосил бўлган билим назария кўринишига эга бўлади. Коинот эволюцияси назарияси, биологик эвилюция назарияси, жамият ва табиат коэволюцияси назарияси, постиндустриал жамият назарияси кенг маънога эга бўлган назариялар туркумига киради.
Тор ва қатъий маънода назария-тадқиқот объекти доирасига кирган барча фактларни тушунтирадиган концептуал ядроси (бошланғич аксиомалар, қоидалар, тамойиллар) атрофида тушунчалар, ғоялар ва гипотетик тасаввурларни бирлаштирган, тизим кўринишига эга бўлган илмий билиш шаклидир.
Назария маълум структурага эга бўлиб, уни таркибига бошланғич тушунчалар ва тамойиллар, фактларни тшунтирадиган ғоялар ва тасаввурлар, қонунлар, башоратли хулосалар киради. Шундай унсурларга эга бўлган назария етук назария даражасига кўтарилади. Магнетизм назария, Эйнштейннинг нисбийлик назарияси, Берталонфининг умумий тизим назарияси шулар жумласидандир.
Ижтимоий-гуманитар фанларда тадқиқот объекти хусусиятига қараб билимлар назария ва таълимот шаклида ишлаб чиқилади.
Назариядан фарқлироқ таълимот қатъий билим шакллари ва тамойиллар структурасига, ҳар бир мулоҳаза факт ва эксперимент натижалари билан тасдиқланган билим тизими кўринишига эга бўлмасдан, асосан воқеликнинг бирон-бир соҳаси хусусида билдирилган назарий ғоялар ва тасаввурлар мажмуасидир.
Изланиш объекти нисбатан аниқ структура ва функцияларга эга бўлган тақдирда тадқиқот назарияни ишлаб чиқиш билан якунланади. Шундай ҳолатни тилшунослик, психология, педагогика, иқтисодий менеджмент фанларида кузатиш мумкин. Психологияда бу ижтимоий роллар назарияси, шахс фазилатлари назарияси ва бошқалар. Айрим ишлаб чиқилган илмий-психологик ғоялар ҳам назария, ҳам таълимот сифатида белгиланади. Масалан, ижтимоий ўрганиш назарияси инсон томонидан ижтимоий жараёнлар таъсирида амалга ошадиган тажриба ва билим орттиришни тавсифлайдиган таълимот ҳисобланади.
Билиш ва амалиётда илмий назария учта-тавсифлаш, тушунтириш ва башорат қилиш функцияларини бажаради.
Тавсифлаш функцияси кузатиш ва экспериментдан олинган маълумотларни шу мавжуд назария тилида баён қилиш ва уларни бирламчи қайта ишлашдан иборат амални (бажариладиган ишни) билдиради. Тавсифлаш ҳодиса, воқеа ва жараёнларни тушунтириш йўлидаги дастлабки талаб ва илмий фаолиятдир.
Назариянинг тушунтириш функцияси ниҳоятда. Муҳим функция ҳисобланиб, бунда объект хоссалари ва қонуниятларининг сабаби, амалга ошиш механизмллари тушунтиралади, шу асосда амалиёт ва технологияда тадбиқ қилиниши мумкин бўлган қоидалар, тавсифлар ва моделлар ишлаб чиқилади.
Башорат қилиш функциясига эга бўлган назарияда ишлаб чиқилган қатъий қоидалар, далиллар ва хулосалар асосида объектни қандай бўлишини, ундаги жараёнлар қандай кечиши ва оқибатни олдиндан айтиб бериш имконияти мавжуддир. табиий-ки бундай назарияда ривожлантирилган тадқиқот аппарати, такомил услубий воситалар бўлиши керак. айтайлик, демография (аҳолишунослик) ўзини назарияси, тадқиқот методи ва статистикага таяниб яқин ва узоқ вақтга мўлжалланган аҳолини ўсиш динамикасини башорат қилади, прогнизлаштириш моделини ишлаб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |