3. Таққослаш ва тавсифлаш
Эмпирик тадқиқотда амалга оширилган кузатиш ва ўлчаш натижалари таққослаш ва тавсифлаш усуллари ёрдамида қайта ишланади. Бунинг оқибатида объект ҳақидаги тасаввур янада конкретлашади.
Таққослаш жараёнида объектлардаги, бир томондан ўхшашлик, умумийлик, мослик, айнанлик, иккинчи томондан, фарқ, хусусийлик, ўзига хослик (индивудуаллик) каби бирлаштирувчи ёки ажратувчи белгилар, хоссалар аниқланади.
Таққослаш усули объектларни гуруҳлаш, умумлаштириш, аниқлаш ва таснифлашда муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари бу усул аналогия, индукция, дедукция ва бошқа рационал – мантиқий фикрлаш ва хулоса чиқариш операцияларида ҳам фаол ишлатилади.
Таққослаш усули тадбиқ қилинганда қуйидаги қоидаларга амал қилинади:
- фақат бир турдаги объектлар таққосланиши лозим;
- объектларнинг энг муҳим хоссалари бўйича таққослаш амалга оширилади;
- бир турга оид, лекин ҳар хил перархик даражада турган объектларнинг параметрлари ва функциялари таққосланади.
Таққослаш усули тадқиқот предметини ўрганишда устувор аҳамиятга эга бўлган илмий йўналишлар ҳам мавжуд.Масалан, қиёсий психологияда ҳайвонлар ва инсон психологиясини вужудга келиши ва ривожланишида намоён бўладиган умумийлик ва фарқ ўрганилади.
Таққослаш ва қиёсий таҳлил натижасида қўлга киритилган натижалар тавсифлаш йўли билан матнга туширилади. Бунда тавсифлашга оид бир қатор қоида ва талаблар борки уларни бажариш объектдаги хосса ва функцияларни бир бутун тизим сифатида тасвирлаш мумкин бўлади.
Предметни тавсифлаш – бу объектнинг белгилари ва хоссаларига доир ахборот ва фактларни маълум қоидалар асосида матнда қайд қилиб, у ҳақда тўла ёки тўлиқсиз тасаввур ҳосил қилишдир. Тўлиқ тасаввур объектнинг хоссалари ва қонуниятларини тушунтириш учун замин бўлса, тўлиқсиз тасаввур уни тушунишга ёрдам берадиган ғоялар ёки гипотезаларни ишлаб чиқиш имкониятини беради.
Тавсифлаш изланишда 2 хил функцияни бажариши мумкин: 1) объектларни кузатиш, ўлчаш, улар билан эксперимент ўтказиш натижасида олинган ахборот ва фактларни табиий-тарихий ёки сунъий, формаллаштирилган тилда баён қилиш; 2) объектларнинг ички хислатлари ва боғланишларини англашга ёрдам берадиган таҳлилий баённи амалга ошириш. Биринчиси эмпирик тавсифлаш, иккинчиси назарий тавсифлаш деб аталади.
Тавсифлаш предметни таърифлаш эмас, у тушунтиришни ҳам ўрнини босмайди. Тавсифлашни услубий функцияси объектнинг холисона ва мумкин қадар тўла тасвирини беришдир. Бу билан тавсифлаш таъриф ва тушунтиришни тўлдиради.
Тавсифлашда бир қатор услубий қоидаларга риоя қилиш керак:
- тавсиф мақсадга йўналтирилган ва холис бўлиши лозим;
- тавсифда мантиқий зиддият бўлмаслиги керак, акс ҳолда изчиллик ва холислик талаблари бузилади;
- тавсифни таркибий қисмлари тартиблашган ва тизим ҳолатига келтирилган, баён тарзи эса содда ва равшан бўлиши керак.
Шакл ва мазмун жиҳатидан тавсифлаш бир қанча турларга бўлинади. Хусусан, биологик, социологик, маданиятшунослик, психологик тадқиқотларда сифатий ва миқдорий, структуравий ва функционал, морфологик ва генетик, тўла ва тўлиқсиз, эмпирик ва назарий тавсифлаш амалга оширилади.
Тавсифлаш назарияга олиб борадиган, унга муқаддима бўладиган изланиш фаолиятидир. Тавсифлаш таркибига ҳодиса сабабини кўрсатадиган баённи киритиш уни назарияга яқинлаштиради.
Тавсиф ҳар қандай тадқиқотнинг муҳим босқичи ва бўғини сифатида ўз аҳамиятини ҳар доим сақлаб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |