Эквивалентлик ҳукмлари «агар ва фақат агар ... унда» мантиқий боғловчиси ёрдамида икки оддий ҳукмнинг ўзаро боғланишидан ҳосил бўлади. Табиий тилда эквивалентлик ҳукми шартли ҳукм кўринишида ифодаланади. Бундай ҳолатларда шартли ҳукмнинг эквивалент ҳукм эканлигини аниқлаш зарур бўлади. Агар шартли ҳукмнинг асоси натижада қайд этилган фикр учун зарурий ва етарли шарт ҳисобланса, унда бу ҳукм эквивалент ҳукм бўлади. Масалан, Агар берилган бутун сон жуфт сон бўлса, унда у иккига қолдиқсиз бўлинади.
3. Ҳулоса чиқариш ҳақида умумий тушунча. Дедуктив хулоса чиқариш
Воқеликни билиш жараёнида инсон янги билимларга эга бўлади. Бу билимлар абстракт тафаккур ёрдамида, мавжуд билимларга асосланган ҳолда вужудга келади. Бундай билимларни ҳосил қилиш мантиқ илмида хулоса чиқариш, деб аталади.
Хулоса чиқариш деб бир ва ундан ортиқ чин мулоҳазалардан маълум қоидалар ёрдамида янги билимларни келтириб чиқаришдан иборат бўлган тафаккур шаклига айтилади.
Хулоса чиқариш жараёни асослар, хулоса ва асослардан хулосага ўтишдан ташкил топади. Тўғри хулоса чиқариш учун, аввалам бор, асослар чин мулоҳазалар бўлиши, ўзаро мантиқан боғланиши керак.
Масалан, «Аристотель-мантиқ фанининг асосчиси» ва «Платон юнон файласуфидир» деган икки чин мулоҳазадан хулоса чиқариб бўлмайди. Чунки бу мулоҳазалар ўртасида мантиқий алоқадорлик йўқ.
Дедуктив хулоса чиқаришнинг муҳим хусусияти унда умумий билимдан жузъий билимга ўтишнинг мантиқан зарурий характерга эгалигидир. Унинг турларидан бири бевосита хулоса чиқаришдир.
Оддий қатъий силлогизм. Маълумки, дедуктив хулоса чиқариш аслида силлогизм шаклида бўлади. Силлогизм қўшиб ҳисоблаш, деган маънони англатади. Бу терминдан мантиқда, одатда, дедуктив хулоса чиқаришнинг кўпроқ ишлатиладиган тури ҳисобланган оддий қатъий силлогизмни ифода қилиш учун фойдаланилади.
Ҳеч бир хасис сахий эмас.
Баъзи бойлар хасисдир.
Силлогизмнинг таркиби хулоса асослари (praemissae) ва хулоса (conсlusio) дан ташкил топган. Хулоса асослари ва хулосадаги тушунчалар терминлар деб аталади. Хулосанинг мантиқий эгаси – S - кичик термин (terminus minor), мантиқий кесими – Р - катта термин (terminus major) деб аталади. Хулоса асослари учун умумий бўлган, лекин хулосада учрамайдиган тушунча – М - (terminus medius) ўрта термин деб аталади. Асосларда катта терминни ўз ичига олган мулоҳаза катта асос, кичик терминни ўз ичига олган мулоҳаза кичик асос деб аталади..
Ўрта термин катта ва кичик терминни мантиқий боғловчи элемент ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |