Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни. Бу қонунга кўра ҳар бир нарса бир-бири билан узвий алоқада бўлган ва бири иккинчисини истисно этувчи қарама-қарши томонларга, кучларга эга. Бу қарама-қарши томон ва кучлар ўртасидаги кураш тараққиётнинг манбаини ифодалаб, эскининг йўқолиши ва янгининг пайдо бўлишига олиб келади.
Борлиқдаги ҳар бир нарса ёки ҳодиса қарама-қарши томонларнинг бирлигидан иборат бўлади. Ҳар бир нарса ва ҳодиса бир-бирини тақозо қилувчи ва бир-бирини ўзаро инкор этувчи томонлар, хусусиятлар ва тамойилларга эга. Масалан, электр манфий ва мусбат, табиатда эса ўзаро тортилиш ва итарилиш, тирик организмда ассимиляция ва диссимиляция кабилар. Ана шу бир-бирини тақозо этувчи ва ўзаро бир-бирини инкор қилувчи томонлар ўртасидаги муносабат зиддият деб аталади. Худди шу зиддият қарама-қарши томонлар ўртасидаги кураш ва ривожланишнинг сабаби, манбаи бўлиб ҳисобланади. Ривожланишнинг ҳар бир босқичи ўзига хос зиддиятлар ва турли қарама-қаршиликларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва ҳал бўлишидан иборат.
Қарама-қаршиликлар ва уларнинг ўзаро муносабати, зиддият ва уларнинг бирлиги жамиятга, ижтимоий ҳодисаларга, инсонга, инсон фаолиятига, ҳатто унинг билиш жараёнига ҳам хосдир.
Тараққиёт зиддиятларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва бартараф этилиши жараёнидан иборат эканлигини тушуниб олиш учун айният, тафовут, зиддият, қарама-қаршилик каби тушунчаларнинг ўзаро муносабатларини билиб олиш лозим. Нарса ва ҳодисалардаги ўзаро ўхшаш томонлар бирлиги айният дейилади. Айнийлик нарса ва ҳодисаларнинг томонлари ва хусусиятларининг бирга мавжудлигини ифодалайди. Ҳар бир нарса ёки ҳодисада айнийлик билан бирга, тафовут ҳам мавжуд бўлади. Тафовут нарса ва ҳодисалар томонларининг ҳар бирининг фарқ қилувчи жиҳатларининг ифодаланишидир. Борлиқда ўз қарама-қарши томонларига эга бўлмайдиган нарса ва ҳодиса бўлмайди. Бинобарин, уларда айният ҳам, тафовут ҳам бўлади.
Диалектикада қарама-қаршилик деб, борлиқдаги нарса, ҳодиса ва жараёнларнинг ўзаро бир-бирини истисно қиладиган, шу билан бирга, бир-бирини тақозо этувчи томонлари, тамойиллари ва кучларининг ўзаро муносабатлари тушунилади. Умуман, қарама-қаршиликларни, улар орасидаги айният, тафовут, зиддиятларни ўрганиш қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши ҳақидаги таълимотнинг моҳиятини билишга ёрдам беради.
Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши ҳамма соҳада амал қилади. Табиат, жамият ва инсон тафаккури тараққиёти айни шу сабабга биноан содир бўлади. Зиддиятларнинг моҳиятини билмай тараққиётнинг сабабларини тушуниб бўлмайди.
Лекин ҳар бир соҳадаги зиддиятларни конкрет ўрганмоқ ва уларни алоҳида ўзига хос ҳал бўлиш йўлларини тўғри билмоқ катта аҳамиятга эга. Бунинг учун зиддиятларнинг хиллари, уларнинг нарса ва ҳодисалар ривожланиши жараёнидаги ролини тўғри ва аниқ билиб олиш лозим.
Зиддиятлар жуда хилма-хилдир. Улар нарса ва ҳодисаларнинг ҳаракати ва ривожланишида турлича рол ўйнайди ҳамда ҳар хил вазифани бажаради. Улар, одатда, ички ва ташқи, асосий ва асосий бўлмаган, антагонистик ва ноантагонистик зиддиятларга бўлиб ўрганилади.
Ички зиддият — бу нарса ва ҳодисаларнинг ўз ичидаги қарама-қарши томонлар, кучлар ўртасидаги зиддиятлардир.
Ташқи зиддият эса нарсалар ва ҳодисалар ўртасидаги зиддиятлардир.
Зиддиятларни ўз характерига, уларнинг нарса ва ҳодисаларнинг ривожланишидаги аҳамиятига қараб асосий ва асосий бўлмаган зиддиятларга ҳам бўлиш мумкин. Нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини, уларнинг келиб чиқиш ва ривожланиш қонуниятларини белгилаб берадиган зиддият асосий зиддият дейилади. Асосий зиддият тараққиётда ҳал қилувчи рол ўйнайди ва бошқа барча зиддиятларга таъсир кўрсатади. Асосий бўлмаган зиддиятлар эса нарса ва ҳодисаларнинг маълум бир тараққиёт босқичида улар моҳиятини белгиламайдиган, ривожланишини ўзгартириш кучига эга бўлмаган зиддиятлар бўлиб, уларнинг ривожланишга таъсири конкрет вақтга ва шароитга боғлиқдир.
Жамият ҳаётига хос зиддиятларни таҳлил қилганда, яна антагонистик ва ноантагонистик зиддиятларни ҳам фарқ қилиш зарур. Антагонистик зиддиятлар жамиятдаги манфаатлари бир-бирига тубдан зид бўлган кучлар, ижтимоий гуруҳлар ва табақалар ўртасидаги зиддиятлардир. Ноантагонистик зиддиятлар жамиятдаги манфаатлари бир-бирига мос келадиган ёки манфаатларини ўзаро келиштириш мумкин бўлган ижтимоий гуруҳлар ва табақалар ўртасидаги зиддиятлардир.
Кейинги вақтда жамиятдаги зиддиятларни ҳал қилишда қўлланилаётган самарали усуллардан бири консенсус (ўзаро келишув)дир.
Зиддиятларни ўрганаётганда конкрет шароитни ҳисобга олиш керак. Давр ва шароитнинг ўзгариши билан антагонистик ва ноантагонистик зиддиятларни ечиш шакллари ҳам ўзгариши мумкин. Чунки зиддиятлар ҳам ўзгариб, бир-бирига ўтиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |