Турмуш эстетикаси ҳақидаги қарашларнинг шаклланиши. “Авесто”да турмуш эстетикасининг муҳим таркибий қисмлари бўлган муомала одоби, хулқ гўзаллиги, инсоннинг ташқи маданияти, ўзаро муносабатларидаги ўзни тутиш қонун-қоидалари хусусида атрофлича баён этилган. Унда баён қилинган яхшилик ва гўзаллик, ёмонлик ва хунуклик мезонларини теран англаш ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнат асосида ризқ топишига, ҳунар ва илм олишига, ўзгаларни ҳурмат қилишига, табиат ва жамиятдаги гўзалликни теран англаб етишига хизмат қилади.
Шунингдек “Авесто” – бу бутун инсониятни эзгуликка чорловчи, комиллик сари етакловчи, табиат, жамият ва инсонни ахлоқий ва эстетик мезонлар асосида уйғунлаштирувчи ҳар қандай маънавий тарбия жараёнининг тамал тошларидан биридир. У табиат, жамият, инсон оламининг азалдан яхлит ва бир бутун эканлигини уқтириш натижасида ҳар бир инсон табиат неъматларидан бўлган сувни тежаш, ифлослантирмаслик, тупроқни эъзозлаш, ҳаётда доимо озодаликка риоя қилиб яшаш, “эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” тамойилига амал қилиш асосида яшаш руҳида тарбиялайди. “Авесто” да соғлом турмуш тарзи, тозалик, озодалик, покизалик каби ахлоқий-эстетик маданиятнинг муҳим унсурлари тарғиб этилади.
Ислом дини инсонларни ахлоқий покликка ва маънавий гўзалликка даъват этган инсонпарварлик динидир. Бу дин халқимизнинг моддий, маънавий, ҳаёти, турмуш эстетикаси шаклланиши ва юксалишига, фан, адабиёт, маданият соҳаларининг ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Ислом динида руҳий дунё гўзаллиги моддий дунё гўзаллигидан устун қўйилади. Шахс ахлоқий- эстетик маданияти масалалари инсонпарварлик, гўзаллик билан боғлиқ ҳолда Оллоҳ номи билан узвий тарзда талқин қилинади. Ислом эстетик маданиятида сўзга юксак эътибор қаратилади. Шунингдек араб ёзуви гўзаллиги ва унинг турли-туман шаклларда дид ва нафосат билан ишлатилиши фақат маъно ташиш воситаси эмас, балки кишиларга юксак эстетик завқ берувчи санъат намунаси сифатида намоён бўлган. Айниқса ҳадисларда шахснинг ахлоқий ва эстетик маданиятини узвий боғлиқ ҳолда таҳлил этилади.
Шарқда гўзал хулқ-одоб ва маърифат, маданиятни улуғловчи жуда кўп асарлар яратилган бўлиб улар орасида “Қобуснома”, Қутадғу билиг”, “Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлик тариқати” кабиларни алоҳида таъкидлаш лозим. Тарихимизнинг турли даврларида панднома тарзида битилган ушбу асарларда ҳам турмуш эстетикаси масалалари таҳлил этилган. Айниқса Кайковуснинг Шарқ педагогикаси тарихида ғоят қимматли асарлар қаторида турувчи «Қобуснома»сида ахлоқий тарбиядан ташқари инсон кундалик ҳаётида зарур бўлган фазилат ва ҳунарларни эгаллашда амалий қўлланма ҳамдир. Унда ахлоқий маданиятнинг таркибий қисмлари муомала одоби, касбий одоб хусусида бир қанча фикрлар билдирилади. “Қобуснома” асари инсон ҳаёти ва фалиятнинг деярли барча томонларини қамраб олувчи ўгит-кўрсатмалардан иборатдир.“Қобуснома”да билим ва ҳунар эгаллаш, меҳмон кутмоқ,, фарзанд парваришламоқ , савдогарчилик одоби, каби ахлоқий –эстетик маданиятга оид инсон учун муҳим ўгит ва пандлар берилади.
Шарқ халқлари маънавияти ва маданияти тарихида муҳим ўрин тутган, жаҳон адабиётининг нодир асарларидан бири “Қутадғу билиг” “Қутга, яъни бахт-саодатга эриштирувчи билим” асари қомусий асарлардан биридир. Буюк шоир ва мутафаккир Юсуф Ҳос Ҳожибнинг ушбу асари энг эзгу инсоний фазилатларни тараннум этувчи машҳур пандномалардан бўлиб, баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳусайин Воиз Кошифий ўзининг “Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлик тариқати”, Ахлоқи Муҳсиний” каби асарларида ахлоқ, нутқ одоби ва воизлик санъатининг ўзига хос сиру синоатлари батафсил баён қилинган. Ушбу асарларда тариқат аҳлининг одоби, тариқат аҳлининг кўнглини асраш ва етти аъзо - кўз, қулоқ, тил, қорин, оғиз, қўл ва фаржни асраш ва сақлаш одоби ҳақида сўз борса, унинг иккинчи фасли тариқат арбоби ёки улар тоифаларининг одоби ҳақда мулоҳаза қилинади.
Форобийнинг фикрича окил инсон ўзида 12 хислатни жамлаштирган бўлиши лозим. Улар орасида ўткир фаросат, ўз фикрини аниқ ва равшан баён этиш, нафсни тия олиш, камтарлик, бир сўзлик, қатъиятлили ва жасурликни айтиб ўтади
Форобий инсонни бахтли бўлишида жамоанинг ўрнини кўрсатар экан, бундай жамоани фозил, етук хосиятли жамоа деб атайди. Бундай жамоада кишиларнинг меҳнати ақл - заковати, ҳаётий тажрибаси, инсоний фазилатлари қадрланади. Касб -ҳунар, илм эгалашга кенг йўл очиб берилади. Форобий шахс ахлоқий-эстетик маданиятининг вужудга келишида жўғрофий муҳит, яъни кишиларнинг муайян ҳудудда яшаши ва уларнинг турмуш тарзи, урф-одатларининг таъсир кўрсатиши хусусида таъкидлайди.
Абу Али Ибн Сино (980-1037) йирик комусий олим, машхур табиб ва мутафаккир сифатида жахон тарихидан муносиб ўрин эгаллаган. Унинг илм - фаннинг турли сохаларига оид 280 дан ошик асарлари бизга мерос бўлиб қолган.
Ибн Синонинг маънавий - ахлокий карашлари ўзига хос ва ранг - баранг. Унинг фикрича, инсонни илм ва ахлокий фазилатлар муштараклиги камолотга олиб боради. Таълим - тарбия, бошка кишилар таъсири остида инсон ижобий фазилатларни ўзида шакллантиради ёки иллатлар соҳибига айланади. Ибн Сино ҳам, одамларда ахлоқий-эстетик маданиятнинг хилма-хил бўлиши бу бевосита уларнинг яшаш шароитини таъминлаб турувчи жойлардаги тупроқ, сув ҳаво ва олов билан боғлиқ. Булар шахснинг бутун қиёфаси, кўриниши, тили, эстетик диди, тафаккури, маданиятига таъсир кўрсатишини айтиб ўтади.
Амир Темур ва темурийлар сулоласи хукмронлик килган ХIV - ХV асрлар жахон тарихи ва маданияти тараққиётида салмокли из қолдирди.Амир Темур маданиятнинг тараққиётига катта ҳисса қўшди, илм - фан, адабиёт, санъат, дин, хунармандчилик, савдо аҳлини қўллаб-қувватлади, кенг миқёсда бунёдкорлик ишларини олиб борди. Шаҳарларни ободонлаштириш, масжид, мадраса, мақбара ва гўзал саройлар, карвонсаройлар, боғу - роғлар бунёд этишга катта эътибор қаратди. Амир Темур жамият равнақи илм – маърифат, маданиятсиз тасаввур этиб бўлмаслигини теран англаган ҳолда мадрасалар, шаҳасозлик иншоотларни барпо этган. "Темур Тузуклари"да ҳукмдор эга бўлиши керак бўлган фазилатлар ҳақида кенг тўхталади.
ХV аср иккинчи ярмида Мовароуннаҳрда ахлоқий-эстетик маданиятнинг юксалишида буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий (1441-1501) катта рол ўйнади. Алишер Навоийнинг ахлоқий-эстетик қарашлари “Хамса”, “Хазойин ул - Маоний”, “Махбуб ул - кулуб”, “Мажолис-ун-нафоис”, “Лисон ут - тайр”, “Чор Девон” каби илм - фан, адабиёт ва санъатнинг турли сохаларида ёзилган 40 дан ортиқ асарларида акс этган. Шоир маънавий-маданий меросида “идеал давлат” ғояси “комил инсон “ ғояси билан узвий боғлиқликда ифодаланади.
Маълумки, ислом эстетик маданияти асосида шаклланган тасаввуф ғояларининг жамиятда кенг миқёсда амал қилиши бевосита сўфийларнинг ҳаётга нисбатан кучли эстетик эҳтиросларини вужудга келтирди. Тасаввуфнинг гўзаллик, поклик, илоҳий ишқ, зоҳидлик ҳақидаги ҳақ ва ҳақиқат, ажиб инсоний хислатлар, комил инсон тўғрисидаги ғоялари халқ орасида кенг тарқалди. Тасаввуф - инсон ҳақидаги инсоннинг фазилатлари ва нуқсонлари, уни камол топтириш масалалари, хақидаги таълимотдир. У ислом қадриятларини умумлаштириб комил инсон назарияси ва амалиётини ишлаб чикди.
XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда жадид-маърифатчилик ҳаракати юзага келди. Бу ҳаракатнинг мақсади Туркистонни саводли ва маърифатли, тўқ ва фаровон, озод ва обод ватанга айлантириш, биринчи навбатда мустақилликка эришиш, мустамлакачилик исканжасидан халос бўлиш жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсад-вазифасини ташкил қилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпонлар каби зиёлилар Туркистон халқи ва давлатининг замонавий тараққиёт йўлидан боришини таклиф этганлар. Жамиятнинг маданий-маънавий ҳаётини, кейинроқ ижтимоий-сиёсий соҳаларини қамраб олган жадидчилик ҳаракати “Миллий уйғониш даври” деб ҳам аталди. Туркистондаги жадидчилик ҳаракати янгича дунёқарашга асосланган эстетик ғоялари миллий турмушнинг барча соҳаларига таълим, маърифат ва маданиятни олиб киритишга қаратилган эди. Улар олдига қўйган муҳим вазифалардан бири ҳам маърифат ва маданият ўчоқларини барпо этишдан иборат бўлган.
Жадидлар жамиятда ҳар бир шахсни эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилишга чорлаб, уларнинг ҳар томонлама тарбиясига муносабат билдириб, халқ оммасининг ахлоқий-эстетик маданиятини ўстиришга интилдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |