4. Эстетиканинг асосий категориялари.
Гўзаллик - эстетиканинг марказий категорияси сифатида. «Гўзаллик»нинг тугал илмий таърифи ҳақида бирор–бир қатъий фикр мавжуд эмас. Бироқ, гўзалликнинг идрок этилиши, табиатда намоён бўлиши, санъатда акс этиши ҳамда унинг жамият ривожига таъсири ҳақида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар, яратилган таълимотлар ўзининг салмоғи билан аҳамиятлидир. Инсон ва унинг руҳий–жисмоний, ахлоқий–эстетик фаолияти, табиат ва ундаги ҳодисалар, жамият ва унда рўй бераётган ижтимоий–маънавий, сиёсий–иқтисодий жараёнлар гўзалликка ёндошувнинг тарихан таркиб топган асосий обьектларидир. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, гўзаллик ҳақидаги қарашлар ва назариялар марказига «Гўзаллик нима?» деган савол қўйилади–ю, аммо уларнинг аксариятида «Нима гўзал?» деган жавобни кўрамиз. Шунинг учун ҳам одатда, гўзаллик икки омил асосида юзага келади. Булар: инсон тафаккури ва меҳнатининг маҳсули натижасида яратиладиган гўзаллик; инсон тафаккуридан ташқарида, инсонга боғлиқ бўлмаган холда юзага келадиган гўзаллик. Биринчисида ақл, руҳ ва хиссиёт устувор бўлса, иккинчисида макон ва замон салмоқли ўринни эгаллайди.
Гўзаллик сифатлари туғёнийлик, мафтункорлик, фойдалилик, мўъжизавийлик сингари тушунчалар орқали изоҳланади. Гўзалликнинг хусусиятлариэса қулайлик, манфаатдорлик, ёқимлилик, чиройлилик тушунчалари билан белгиланади. Унсурлар, сифатлар ва хусусиятлар уйғун бўлган нарса–ҳодисаларгина чинакам гўзалликни акс эттириши мумкин. Зеро, чиройли нарсанинг сифати бизнинг манфаатимиз учун ҳамоханг бўлмаса ёки бизнинг мақсадларимизга мос келмаса у ҳар қанча мафтункор бўлмасин гўзаллик сифатида бахоланмайди.
Шу ўринда гўзаллик тушунчаси «чиройли», «кўркам», «нафис», «жозибадор», «мафтункор», «латофатли» каби тушунчаларга нисбатан кенгқамровли ва устувор эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айниқса, гўзаллик билан кундалик турмушимизда тез–тез тилга олинадиган «чиройлилик» тушунчаси орасида муайян тафовутлар мавжуд.
Улуғворлик ва тубанлик тушунчасининг моҳияти. Инглиз нафосатшуноси Э.Бёрк гўзалликни улуғворлик билан қиёслайди ва уларни алоҳида тушунчалар сифатида тадқиқ этади. И.Кант эса гўзаллик ва улуғворликни уйғунликда ривожланувчи тушунчалар деб ҳисоблайди. Улардан фарқли ўлароқ, Хегел, улуғворликни гўзалликнинг бир кўриниши, улуғворлик – зоҳирий гўзалликнинг ботиний гўзалликка айланиши, деб тушунтиради.
Улуғворлик – инсоннинг нарса ҳодисларга эстетик ва ахлоқий мезонлар билан ёндашиши ва улардан юксак ҳайратланиш туйғусини ҳосил қилувчи эстетик ҳиссиёт мажмуидир. Улуғворликнинг кўлами гўзаллик кўлами каби чексиздир.
Табиатдаги улуғворлик чексиз осмон, пурвиқор тоғлар, юксак чўққилар, мовий денгизлар, минг йиллик чинорлар, шунингдек, вулқон ва чақмоқ сингари табиат ҳодисаларида намоён бўлади. Улар узоқдан кишиларда ҳеч қандай ҳаяжонли таассурот қолдирмайди. Бироқ, уларга яқинлашганимиз сари руҳиятимизни ҳаяжон, жўшқинлик эгаллай бошлайди, уларни бутунлигича кўз билан қамраб ололмаслик даражсига етганда эса бу ҳаяжон янада ортади. Табиатдаги улуғворлик математик ва динамик хусусиятга эга. Математик хусусиятида хажм, динамик хусусиятида куч устувор аҳамиятга касб этади. Бироқ, иккала хусусият ҳам инсонда кучли ҳайрат ва ҳайратланиш туйғуларини пайдо қилади.
Жамиятдаги улуғворлик умуминсоний қадриятлар, қаҳрамонлик, жасорат, халқпарварлик, бунёдкорлик тушунчалари билан уйғунлашади. Давлатда барқарорлик, жамиятда адолат устуворлиги, шахснинг эркин ва ҳурфикрлилик асосида фаолият олиб бориши ижтимоий тизимнинг улуғворлигини акс эттиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |