2. Турмуш эстетикаси
Турмуш эстетикаси деганда биз инсоннинг воқеликка кенг қамровли эстетик муносабатини тушунамиз. У ҳозирги пайтда кийинишидан тортиб, хулқий гўзалликкача, оилавий анъаналардан тортиб, оилавий маконгача бўлган эстетик “доирани” ўз ичига олади. Турмуш эстетикасида энг муҳими, одамларнинг нарсалар дунёсига, гўзаллик ва улуғворлик орқали қарашлари эстетик дидга, ижтимоий идеалларга ўзига хос муносабатлари намоён бўлади, пировард натижада у турмуш маданиятининг юксалишига хизмат қилади. Изоҳли ва фалсафий луғатларда “турмуш” тушунчаси, инсон, миллат ва халқнинг яшаш тарзи, урф-одатлар, расм-русум мажмуи, объектив реаллик, моддий, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, соғлиқни сақлаш, шунингдек, маънавий қадриятларга бўлган эҳтиёжларини қондиришдан иборат ижтимоий ҳаётнинг ноишлаб чиқариш соҳаси1 каби маъноларни англатиши қайд этилади. Моддий неъматлар ишлаб чиқариш ва ижтимоий-сиёсий амалиёт билан бир қаторда шахс тарбиясида турмушнинг таъсири ҳам муҳим омил саналади.
Биринчи навбатда турмуш эстетикаси инсоннинг хулқий гўзаллик қонун-қоидаларига риоя қилиб яшашини тақозо этади. Хулқий гўзаллик эса оилада жамоат жойларида ўзини тутишни, бошқалар билан мулоқотда, касбий муносабатларда муомала одоби ва этикет нуқтаи назаридан ёндашувни, ўзаро суҳбатларда ҳам сўз воситасида (вербал), ҳам новербал жиҳатларнинг гўзал бўлишини таъминлайдиган маънавий ҳодисадир. Уни эстетика ва ахлоқшунослик кесишган нуқта, гўзалликнинг ахлоқийликда, ахлоқийликнинг гўзалликда намоён бўлиш шарти, десак янглишмаймиз.
Турмуш эстетикасида мода алоҳида аҳамиятга эга. Маълумки, мода деганда ташқи маданият шаклларининг вақти-вақти билан қисман ўзгариши ва такрорланиб туршини тушунамиз. Бундай такрорланишлар ва ўзгаришлар иқтисодий, маънавий, ахлоқий, эстетик омиллар каби ижтимоий асосга эга бўлади.
Турмуш эстетикаси айни пайтда оилавий муҳитдаги нафосат муаммоларига ҳам катта эътибор қилади. Оиладаги нафосат, одатда, мактабгача таълим, мактаб, ўрта махсус ўқув юртларидаги эстетик тарбия билан уйғун олиб борилиши турмуш маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бунда оилавий анъаналар, ота-онанинг намунавийлиги ва фарзандларга эстетик шароит яратиб бериши катта рол ўйнайди. Ота ёки она чолғу асбобларидан бирини (дуторми, рубобми, пианиноми) чалишни, профессионал даражада бўлмаса-да, билиши, китоб ўқишга иштиёмандлиги, вақт топиб фарзандларни қўғирчоқ ёки ёшлар театрига, циркка, спорт ўйинлари томошаларига олиб бориши болалар эстетик диднинг шаклланишига, оила турмушининг эстетик тиклашига имкон яратади.
Турмушнинг ижтимоий-эстетик моҳиятини таҳлил қилиш уч нарсага эътибор беришни тақозо қилади. Булар - асосан қуршовида инсон ҳаёт кечирадиган ранг-баранг предметлар олами; инсоннинг бошқалар билан мулоқотда ўзлигини намоён қилиш ҳолатлари; инсоний муносабатларнинг одоб-ахлоқда акс этиш имконият ва хусусиятлари.
Барпо этилаётган янги кўчалар, йўллар, майдонлар, тарихий меъморчилик ёдгорликлари инсонда юксак масъулият, гўзалликларни асраш руҳиятини туғдиради. Инсоннинг гуллар ва ранг-баранг ноз-неъматлар билан безатилган оқ дастурхон атрофида ўзини тута билиши ҳам унинг эстетик онги ва маданияти даражаси билан белгиланади. Халқимиз қадимдан меҳмондўстликнинг ахлоқий, шу билан бирга, эстетик меъёрларини яратганлиги маълум. Табиийки, бу нарса одоб-ахлоқ эстетикасида ўз аксини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |