Монизм (юнонча – “моnos” сўзи якка маъносини англатади) оламнинг асоси битта деб таълим берадиган фалсафий таълимот. Дуализм (лотинча “dua” сўзи икки маъносини англатади) оламнинг асоси иккита, яъни модда ва руҳдан иборат деб қаровчи таълимот. Плюрализм (лотинча “plural” сўзи кўплик маъносини англатади) оламнинг асоси ҳилма-хил деб таълим берувчи таълимот. Материализм (лотинча “мaterialis” сўзи моддий деган маънони англатади) оламнинг асосида моддий нарсалар ётишини эътироф этувчи таълимот. Идеализм (юнонча “idea” сўзи ғоя, руҳ маъноларини англатади) моддийликни инкор қилиб оламнинг асосида ғоя ва руҳ ётади деб таъкидловчи фалсафий таълимот.
Дунёни билиш масаласини ҳал қилишда ҳам фалсафада бир қанча оқимлар юзага келган:
Гностизм (юнон. gnosis – билиш) - дунёни билиш мумкин деб ҳисобловчи таълимот.
Агностизм (юнон. а –инкор) - дунёни билиш мумкин эмас деб ҳисобловчи таълимот.
Рационализм (лот.ratio-ақл) – билишда ақлнинг ролини устивор деб ҳисобловчи таълимот. Иррационализм (irratio-ақлга зид) – билишда инсоннинг ақлдан ташқари томонларини, яъни ирода, ҳиссиёт, интуиция, ҳаёл, инстинктларни биринчи ўринга қўювчи таълимот. Сенсуализм (лот.sensus-сезги, ҳис) – сезгиларни билишнинг асосий манбаи деб эътироф этувчи талимот. Скептизм (юн.skeptikos-шубҳа) – билишга шубҳа билан қаровчи таълимот. Унинг ўта шакли агностизмдир. Эмпиризм (юн.empeiria-тажриба) – ҳиссий тажрибани билишнинг бирдан бир манбаи деб ҳисобловчи фалсафий оқим. Эмпиризм сенсуализмга яқин.
Дунёқараш тушунчаси, унинг тарихий шакллари. Ҳар қандай фалсафа инсоннинг дунёга нисбатан у ёки бу муносабатини ифодалаб, муайян дунёқарашни шакллантиради. Фалсафага берилган энг оддий ва дастлабки таърифлар: фалсафа - бу дунёқараш ёки бошқача айтганда: фалсафанинг мавзуси - «дунё - инсон» тизимидир.
Дунёқараш нима? Ҳамма замонларда ҳам инсон олдида унинг атроф муҳитга, бошқа одамларга, ўз-ўзига нисбатан муносабатини белгиловчи саволлар кўндаланг туради. Ҳар биримиз ундай ёки бундай тарзда уларга дуч келамиз. Бизни ўраб турган дунё нимадан ташкил топган? Уни билиб бўладими ва агар билиш мумкин бўлса, қай даражада? Инсонни ўзи нима? У қандай бўлиши керак? Ўлимдан сўнг бизни нима кутади? Дунёни нима бошқаради? Дунёда ёвузлик муқаррарми? Инсон дунёни ўзгартира оладими?
Мана шундай саволларга жавоблардан инсон дунёқараши шаклланади. Дунёқараш - бу инсонни ўраб турган дунё ва унинг унда тутган ўрнига нисбатан қарашлар мажмуидир.
Диний-афсонавий тасаввурлар фалсафанинг маънавий манбаларидан биридирлар. Улар фалсафадан олдин дунёқарашнинг кўпроқ илк шакллари сифатида вужудга келган эдилар. Афсоналар ўз жойини фалсафага берганлигига қарамасдан, улар орасида ворислик мавжуд. Ва, бу энг аввало, дунёқарашга алоқадор бўлган мазмуннинг ўзини борлиги билан белгиланади.
Афсонавий қарашлардан фарқли ўлароқ, фалсафий дунёқараш субъектив ва объектив нарсани фарқлашдан бошланади. Шунинг учун биринчи файласуфларнинг дунёга нисбатан муносабатлари «Мен-эмас», «У» га қаратилган бўлиб, ташқи, шахсдан юқори турувчи (коинотга, табиатга), инсон дунёсига қарама-қарши ва ундан мустақил бўлган дунёга қаратилган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |