Кириш
Ўзбекистон ўз ер ости бойликлари билан ҳақли суратда фахрланади - бу ерда машҳур Менделеев даврий системасининг деярли барча элементлари топилган...
Мамлакатни жадал ривожлантириш борасидаги дастурий вазифаларни амалга оширишда фанни ва илмий инфраструктурани ривожлантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Республика фани қудратли интеллектуал салоҳиятни яратган. У ҳаётимизнинг кўпгина соҳаларида амалда қўлланмоқда. Ватанимизнинг миллий давлатчилиги ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
И.Каримов.
Мавзунинг долзарблиги. Республикамизда кимё фанини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири янги кимёвий бирикмалар синтез қилишдир. Шу жиҳатдан таркибида азот, олтингугурт ва кислород бўлган полимер лигандлар синтез қилиш, уларнинг физик-кимёвий хоссаларини замонавий методлар ёрдамида ўрганиш ҳамда уларнинг 3d – металлар билан координацион бирикмаларини олиш ушбу битирув малакавий ишининг асосий мақсадидир.
Маълумки янги полимер лигандларни синтез қилиш ва ўрганиш координацион бирикмалар кимёсининг асосий илмий-тадқиқот йўналишларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, ҳозирда маълум бўлган полимер лигандларнинг аксарияти муҳим ионалмашинувчи смолалар сифатида саноатнинг турли тармоқларида кенг ишлатилиб келинмоқда. Айниқса группавий ва коллектив таъсирга эга бўлган янги ионитлар синтези ва тадқиқоти долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Ионитлар иссиқлик ва атом электростанциялари, юзлаб кўринишдаги кимёвий ишлаб чиқариш, радиотехника ва электротехника саноатида, машинасозлик ва коммунал хўжалик сохасида қўлланиладиган тозаланган ва тузсизлантирилган сув олишда, сувни тозалаш мақсадида ишлатилади. Хозирги пайтда шу мақсад учун ишлаб чиқариладиган ионитлар умумий хажмининг 65 фоизи ишлатилади. Қолган қисми қуйидагича тақсимланади: ИЭС, АЭС ва саноат чиқиндиларини тозалашда 15 фоиз, кимёвий технологияларда 9 фоиз, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида 6 фоиз, гидрометаллургия ва бошқа соҳаларда қолган қисми ишлатилади. Ҳозирда жаҳон миқёсида синтетик ионитларни ишлаб чиқариш ўтган ўн йилга нисбатан икки баровар ортган. Ишлаб чиқариладиган ионитлар хажми бўйича МДҲ давлатлари жаҳонда иккинчи ўринда туради.
Ишнинг илмий аҳамияти. Мазкур битирув малакавий ишида никель (II) нинг эпихлоргидрин ва баъзи бирламчи аминлар асосида синтез қилинган полимер лигандлар билан координацион бирикмалар ҳосил қилиши ўрганилган. Бунда координацион бирикма ҳосил бўлиши металл ионининг эпихлоргидрин асосидаги олигомер таркибидаги донор атом (N, S, O) лар билан координацияланиши ҳисобига амалга ошади. Адабиётларда эпихлоргидриннинг 2-винилпиридин, 2-метил, 5-винилпиридин, дипиридин билан олигомерлари синтез қилиниб таркиби, тузилиши, физик-кимёвий хоссалари замонавий усуллар ёрдамида ўрганилган. Уларнинг 3d- металлари билан сорбцияси ўрганилиб, барқарор комплекс бирикмалари олинган.
Ишнинг амалий аҳамияти. Ионитлар металларни турли муҳитда танловчан сорбциялаш хусусиятига эга. Шу сабабдан сийрак, қимматбаҳо ва рангли металларни рудалардан, табиий ва шахта сувларидан ажратиб олиш технологияларида кенг қўлланилади. Шунинг учун мембрана методларини ривожланиши, ион алмашинишни реагентли, мембранали ва бошқа усуллар билан комбинирлаш, механик ва осмотик афзал ионитларни синтез қилиш ва саноатда қўллаш муддатини узайтириш, жараённи замонавий технологиялар билан қуроллантириш, ионитларнинг фойдаланиш даражасини ошириш ва бошқа соҳаларда ионитларга бўлган эҳтиёжнинг ўсишини эътиборга олиш керак. Шундан келиб чиқиб келажакда конденсатлардан қайта фойдаланиш, чиқинди ва кам минераллашган сув манбаларини тоза сувга алмаштириш имконияти очилади дейиш мумкин.
Ҳозирда Термиз давлат университети умумий кимё кафедрасининг бир гуруҳ тадқиқотчи олимлари проф. Х.Х. Тўраев, доц. Т.А.Ҳамроев ва доц. Г.Ж.Муқимова раҳбарлигида Хонжиза полиметалл рудаларидан сийрак ва рангли металларни таркибида кислород, олтингугурт, фосфор бўлган янги экстрагентлар ҳамда сорбентлар ёрдамида ажратиб олиш, шунингдек бу металларнинг янги комплекс бирикмаларини синтез қилиш методларини яратиш, уларни тадқиқ қилиш борасида бир қатор илмий-тадқиқот ишларини амалга оширмоқдалар. Мазкур битирув малакавий иши шу илмий-тадқиқот ишлари доирасида бажарилди.
Ишнинг мақсади.
Таркибида азот, олтингугурт ва кислород бўлган полимер лигандлар синтез қилиш, уларнинг физик-кимёвий хоссаларини замонавий методлар ёрдамида ўрганиш ҳамда уларнинг 3d – металлар билан координацион бирикмаларини олиш ушбу битирув малакавий ишининг асосий мақсадидир.
Ишнинг вазифаси:
- эпихлоргидрин асосида таркибида азот, олтингугурт ва кислород бўлган полимер лигандлар синтези, улар ёрдамида никель (II) ионининг барқарор комплексларини олиш ҳамда уларнинг физик-кимёвий хоссаларини ўрганиш;
- синтез қилинган комплекс бирикмалар таркиби, тузилиши, хоссаларининг марказий ионнинг электрон конфигурациясига ва лиганд табиатига боғлиқлигини ўрганиш;
- олинган комплексларнинг таркиби, индивидуаллиги ва тузилишини элемент, дериватографик, ИҚ-, электрон спектроскопик анализлари ёрдамида исботлаш;
-лиганд ва комплекс эритмаларининг электрон ютилиш спектрларини ўрганиш натижасида эритмада комплекслар тузилишидаги умумийлик ва алоҳидаликларнинг борлиги, шунингдек никель (II) нинг комплексларидаги цис- ва транс- ҳолатларини аниқлаш, комплекс бирикмаларнинг термик хусусиятларини ўрганиб, уларнинг термик ҳолати лигандларнинг табиатига, бирикманинг таркибига ва металл-лиганд боғининг мустаҳкамлигига боғлиқлигини тадқиқ этиш.
Ишнинг апробацияси. Мавзуга оид илмий-тадқиқот ишлари натижалари Термиз давлат университетининг “Талабалар илмий-назарий конференцияси” ва “Ёш олимлар” конференцияларида маъруза қилинган ҳамда мазкур конференциялар тўпламларида чоп эттирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |