I Боб бўйича хулосалар
1. Ватанимизда бўлгани сингари Европа ҳамда инглиз-америка тилшунослигида терминология ва терминлар тўғрисидаги фикр-қарашларнинг шаклланишидан бугунги кунгача бўлган даврда терминология фан сифатида каттагина тарихий эволюцион йўлни босиб ўтган. Шу маънода тилшуносликда терминология муаммоларини илмий-назарий жиҳатдан ўрганиш ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
Терминга берилган кўплаб таърифлар, терминни ўрганишга, унинг ўзига хос хусусиятлари, қўлланиш соҳаларига, билингвал ва трилингвал терминологик луғатларни яратишга оид назария, ёндашувларнинг хилма-хиллиги фикримизнинг тасдиғидир. Ғарб терминшунослигида термин ва терминологиянинг мақоми, уни тилшуносликда тутган ўрни тўғрисида кўплаб баҳсталаб фикрлар, мунозаралар мавжуд: термин махсус маънога эга бўлган лексик бирлик ҳамда терминология лексикологиянинг бўлими сифатида қаралади. Рус ва ватанимиз тилшунослигида эса терминологиянинг фан сифатидаги мақоми, тутган ўрни ўтган асрнинг ўрталарида илм аҳли томонидан расман тан олинган. Замонавий терминология терминнинг «нозик табиати»ни, ўзига хос хусусиятларини аниқлашдан то терминологик бирликларнинг терминосферада амал қилиши, уни тўғри қўллаш масаласи шахснинг “лисоний онги” призмаси орқали ўрганишгача бўлган йўлни босиб ўтди.
2. Терминологик дефинициялар (таърифлар)нинг кўплиги, айрим терминларнинг семантик ва структуравий хусусиятларининг ўзига хослиги билан изоҳланади. Замонавий терминшуносликда нафақат терминлар, балки терминологик майдон, терминосфера, терминологик тизим каби тушунчаларга аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ. Шундан келиб чиқиб, биз тадқиқотда аксарият терминларнинг бир маънолилик хусусиятига эга бўлиши, дефинитивлик, тизимлилик каби белгиларга эга бўлган бирликлар сифатида, терминологик майдон перифериясида бўлган терминларга қўйиладиган талабларга етарлича эга бўлмаган номинатив бирликлар: предтерминлар, терминоидлар, номенлар, квазитерминлар, профессионализмларни атрофлича тадқиқ қилишга эришдик.
3. Терминнинг табиатини ўрганишга турлича ёндашувлар мавжуд. Терминларни таърифлашнинг турли аспектларини ҳисобга олган ҳолда, уларга таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий муҳит, термин ҳосил қилишнинг ўзига хосликлари, терминларни соҳалараро интеграциясидаги иштирокини инобатга олган ҳолда тизимлаштириш ва типологиялашдек ягона илмий таснифини ишлаб чиқилишига олиб келди. Терминологик тизимни таснифлашга оид хилма-хил ғоя ва концепцияларнинг мавжудлиги тадқиқотда терминларнинг таснифларини ишлаб чиқиш жараёнида муайян тўсиқларни ҳам пайдо бўлишига сабаб бўлди. Терминларни таснифлаш асносида ўрганилаётган соҳа терминологик бирликларининг ўзига хос жиҳатлари, уларнинг кенг, тор қамровдаги лексик-семантик, грамматик, стилистик маъноларини ажратиш, терминологик бирликларнинг ифода шаклидан қатъий назар бошқа тилда, тил меъёрларини сақлаган ҳолда тўғри қўллаш ва тўғри таржима қилишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
4. Транспорт соҳасида қўлланадиган терминларини инглиз, ўзбек ва инглиз тиллари материали мисолида чоғиштирма ўрганиш нафақат ўрганилаётган тиллар лексикасидаги ўзига хос ва тизимли муносабатларни, балки соҳа терминларини қиёсий-типологик тадқиқ қилиш молия-иқтисод соҳасига оид терминларнинг босма ва электрон луғатларни тузиш учун муҳим саналган функционал-структуравий, лексик-семантик ҳодисалардаги тафовутлар аниқланди.
5. Ҳозирги ўзбек тилида транспорт терминлари юнон, лотин, форс, араб, туркий, рус ва Ғарбий Европа тилларидан кўп сонли ўзлашмалар ҳисобига ўзбек тилининг сўз бойлиги ошиб бормоқда. Фикримизча, транспорт терминосистемаси айни пайтда ривожланаётган лексик қатламлардан бири бўлиб, ўзининг навбатдаги ривожланиш босқичи ва кенгайиш тенденциясига эга бўлиб бормоқда. Ўзбек тили транспорт терминологиясининг шаклланиши ва такомиллашувига инглиз, рус тиллари сезиларли таъсир ўтказган, ҳамон ўтказмоқда. Ўзбек тили транспорт лексикасида сўзларни калька ёрдамида ўзлаштиришнинг турли усуллари мавжуд бўлиб, бошқа тилдаги сўзни аслича ўзлаштириш, тўлиқ калькалаш, ярим калькалаш орқали амалга ошади. Учала тилда ҳам ўзлашма терминлардан ташқари, байналмилал характерга эга бўлган терминлар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Улар нафақат юнон ёки лотин, форс, араб, туркий, рус тилларидан кириб келган лексемалар, балки италян, немис, француз, рус (славян) тиллари асосида шаклланиб бораётган ўзига хос тил қатламидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |