416-модда. Кассация инстанцияси судининг ишни кўриш доираси
Суд ишни кассация тартибида кўраётганида суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини текширади. Суд янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
417-модда. Ишни суд мажлисида кўриш тартиби
Кассация инстанцияси судининг суд муҳокамаси ушбу Кодекснинг 22-бобида назарда тутилган қоидалар бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда ўтказилади.
418-модда. Кассация инстанцияси судида иш юритишни тўхтатиб туриш
Кассация инстанцияси суди иш юритишни ушбу Кодекснинг 10-бобида назарда тутилган тартибда тўхтатади.
419-модда. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари
Суд ишни кассация тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:
1) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;
2) ишни янгидан кўришга юбормасдан ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёхуд бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, қарор чиқаришга;
3) ушбу Кодекснинг 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асосларга кўра ҳал қилув қарорини, қарорни қисман ёки бутунлай бекор қилишга ва аризани кўрмасдан қолдиришга ёки иш юритишни тугатишга ҳақли.
Ушбу Кодекс 377-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар аниқланганда, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидаларига мувофиқ кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда ишда иштирок этувчи шахслар бажариши лозим бўлган ҳаракатлар ва уларни бажариш муддатлари кўрсатилади.
Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда, ажримнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 138 — 141-моддаларида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.
420-модда. Биринчи инстанция судининг ажримлари устидан кассация тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқи
Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилмаган ажримлари устидан кассация инстанцияси судига суд ажрими қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида ҳолда шикоят қилиши ҳамда прокурор протест келтириши мумкин.
Хусусий шикоят (протест) ушбу бобда белгиланган тартибда берилади ва кўриб чиқилади.
421-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят қилинганлиги (протест келтирилганлиги) муносабати билан ишни кўрадиган кассация инстанцияси судининг ваколатлари
Кассация инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб:
1) ажримни ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;
2) ажримни бекор қилишга ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;
3) ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ҳамда масалани мазмунан ҳал қилишга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |